Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саида Мирзиёева бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифаларини санади

Саида Мирзиёева бугуннинг кечиктириб бўлмас вазифаларини санади

Фото: «ЎзА»

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистоннинг чет элларда ижобий имижини шакллантиришга, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул этиб тайинланганига кўп вақт бўлгани йўқ.

Бу орада у давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус бўйича, мактабларда аҳолини қийнаётган муаммолар ва уларинг ечими борасида, давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти ҳақида ва бошқа қатор масалаларда ўз нуқтаи назарини баён этишга улгурди.

Аммо, Саида Мирзиёеванинг бугун, 28 май куни Тошкентдаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида ташкил этилган тадбирдаги чиқиши унинг ўз вазифасига жиддий киришганини яққолроқ кўрсатиб берди.

АОКА директори ўринбосари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини оширишга оид янги ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишни даврнинг ўзи олдимизга қўяётганини таъкидлаб, бу борада қуйидаги кечиктириб бўлмас вазифаларни амалга оширишни мақсадга мувофиқ деб билдирди.

Ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисида концепция қабул қилинади

Давлат органларининг ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисида Концепциясини қабул қилиш зарурияти тобора ошиб бормоқда.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжат вазирлик ва идораларнинг ахборот соҳасидаги фаолиятининг аниқ йўналиш, вазифа ва ваколатлари ҳамда мажбуриятларини белгилаб беради.

Матбуот котиби мақоми давлат органи раҳбарининг маслаҳатчиси даражасига кўтарилади

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини қабул қилиш таклифи илгари сурилмоқда.

Ушбу қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирги вақтда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Унда илк бор ахборот хизматларининг асосий вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари, матбуот котибларининг  ташкилотдаги ўрни ва мақоми, моддий-техник ва молиявий таъминоти, шарт-шароитлари, малака оширши имкониятлари тубдан яхшиланиб, ҳуқуқий кафолатлари баён этилган.

Жумладан, ахборот хизмати раҳбарининг мақомини ошириш, уни давлат органи раҳбарининг маслаҳатчисига айлантириш, иш ҳақи, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масаласи бўйича раҳбар ўринбосарига тенглаштириш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистоннинг имижи ва нуфузини ошириш бўйича янги механизм

Ўзбекистоннинг имижи ва нуфузини халқаро майдонда ошириш бўйича мутлақо янги механизм яратиш, яъни республикамизнинг чет элдаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида мавжуд пресс-атташе лавозимларини ахборот иши бўйича маслаҳатчи лавозимига ўзгартириш ҳақида таклиф киритилган.

Лойиҳада ахборот хизматининг вазифалари аниқлаштирилган. Бунда веб-сайтни юритиш, оммавий ахборот воситалари учун тадбирлар ташкил этиш каби умумий вазифалар қаторига ташкилотлар имиджини шакллантириш ва ривожлантириш, давлат органлари ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш киритилмоқда.

Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида эълон қилинган ҳамда аҳолининг кенг муҳокамасига сабаб бўлаётган чиқишларга тезкор муносабат билдириш каби вазифа ва йўналишлар қўшилмоқда.

Ахборот хизматларидаги ходимлар сони оширилади

Ахборот хизматлари давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида камида тўрт нафар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бўйсунувидаги ташкилотлар ва ҳудудий бошқармалари, туман-шаҳар ҳокимликларида камида икки нафар ходимдан иборат таркибда ташкил этилиши белгиланяпти.

Шунингдек, кейинчалик давлат мукофотларига тавсия қилиш, тақдирлаш ва рағбатлантириш мақсадида ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва рейтинг тизими ҳам ишлаб чиқилади.

Журналистика университетида янги факультет очилади

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Жамоатчилик билан алоқалар бўйича янги факультет ҳамда матбуот котиби тайёрлаш бўйича магистратура йўналишини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари малакасини мунтазам ошириб бориш, уларга соҳанинг замонавий тенденциялари ва билимларини етказиб бериш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳар икки йилда камида бир маротаба малака ошириш курси ташкил этиш кўзда тутилган.

«Ушбу ишларнинг ижроси очиқ ва адолатли демократик жамиятда аҳолининг ахборот майдонидаги фаоллигини, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилади. Ушбу қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва амалий таклифларингизни билдиришингизни сўрар эдим», — деди маърузаси якунида Саида Мирзиёева.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг