Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Самарқанд ёшларига нима бўлди?

Самарқанд ёшларига нима бўлди?

Фото: Xabar.uz

Хавотир. Кекса аёлнинг бошига кийдирилган челак, ҳайкал устида ўтирган болалар, энди эса трамвайдаги бебошлик...

Аввал йўлакда жим кетаётган кекса аёлнинг бошига ахлат челагини кийдириб, мушт туширишганди. Кейин ижтимоий тармоқларда соҳибқирон бобомиз ҳайкалига (ҳатто бошига) ўтириб туширилган фотосуратлар пайдо бўлди. Энди эса трамвайдаги йўловчиларнинг юзига қандайдир суюқликни сепишибди.

Нега Самарқанд ёшлари бу қадар бебошлик қилишмоқда? Уларни «жиловлаш» қийин бўлиб қолдими? Тарбия учун, энг аввало, ота-она масъул. Қаерга қарашяпти улар? Тарбия беряптиларми ўзи? Фаразандининг камоли учун вақт ажратишяптими?

Мактаб, ўқув юртлари-чи? Улар жон куйдиряптими? Таълим-тарбия нечоғлик аҳамият касб этмоқда? Фойдаси борми ўзи? Агар нафи бўлса, «трамвай воқеаси» нимани акс эттиради? Фойдаси бўлмаса, шунча мутасаддилар, устоз-ўқитувчилар нега фаолият кўрсатмоқда? Эртага бундан-да катта қилиқлар, жиноятлар рўй бермаслигига ким кафолат беради?

Умуман айтганда, ёшларнинг миясини заҳарлаётган ғалати «эрмак»лар қаердан пайдо бўлди? Наҳотки улар шу қилиғи билан ҳузурланса? Наҳотки бу ҳаракатларни қаҳрамонлик ҳисоблашса? Бошқа эрмак топилмаяптими?

Машҳур профессор Жон Дьюи «Инсон табиатига хос чуқур интилишлардан бири унинг эътибор қозонишга бўлган саъй-ҳаракатидир», деган эди. Профессор Уильям Жеймс айтишича эса, «Одамларнинг асосий хусусиятларидан бири қадр-қимматига яраша баҳоланиши учун талпинишдир».

Хўш, Самарқанд ёшлари шу қилиқлари билан эътибор қозонмоқчими? Тутуриқсиз ҳаракатлари орқали қадр-қиммати баҳоланишига эришмоқчими?

Ҳокимлик, Ёшлар Иттифоқи, маданият бошқармалари жиддий қараяптими мазкур масалага? Маънавият, мафкура мутасаддилари-чи? Тадбирбозлик, мажлисбозликдан қачон бўшаб, вақт ажратишади? Биламан, бу масалага кўтарилса, албатта, тадбир уюштирилиб, «тушунтириш ишлари» олиб борилади. Ваҳоланки, эскича тартиблардан воз кечмас эканмиз, ҳали-бери ижобий ўзгаришлар кутилмайди.

Самарқанд ёшларининг сўнгги ҳаракатини бир таҳлил қилайлик! Юзига тиббий ниқоб таққан ўсмир трамвайга чиқиб, йўловчиларнинг юзига суюқлик сепган. Нега? Нима учун? Тенгқурлари билан гаров ўйнаганми у? Ахир, ўша суюқлик... кислота бўлиши ҳам мумкин эди-ку, Худо кўрсатмасин! Бу «кампаниябозлик» аъзолари етти нафар. Ҳаммаси мактаб ўқувчиси. Энг ёмони, орасида қизлар ҳам бор! Нақ уюшган безорилик, дейсиз!

Русларнинг машҳур ёзувчиси Аркадий Гайдайнинг асарида соҳибқирон бобомиз номи қўйилган қаҳрамон бошчилигида ёшлар қишлоқ одамларининг оғирини енгил қилиб, турли юмушларини ими-жимида бажариб кетаверади. Ҳозирги ёшларимиз эса...

Улар билан ҳеч ким жиддий шуғулланмаяпти. Телеканалдаги кўрсатувни тўхтатгандан кўра, ёшлар ҳаётига тийрак кўз билан эътибор қаратиш маъқул эмасми? Таассуфки, келажагимиз бўлган ёшлар ҳаётига қизиқмаётганимизга анча бўлди. Биз кўпроқ ўз ҳаловатимизни ўйлаймиз, бошқаларга нисбатан бепарвомиз. Бу лоқайдлигимиз ёшларни тобора дангаса, бекорчи, боқиманда ва шафқатсиз қилиб қўймоқда.

Театр – тарбия ўчоғи, Беҳбудий айтганидек, ибратхона. Бироқ ёшларни театр, кутубхоналарга жалб этиш қай даражада? Бу ўриндаги ёлғон статистикадан қочиш, аниқ ишлаш фурсати келмадими? Тадбирбозлик, ҳисоботбозликдан кўра ёшлар ҳаёти, қизиқиши, дунёқарашини таҳлил қилиш, психологлар хизматига таяниш мақбул эмасми?

Театр каби тарбия ўчоқларига ёшларни жалб этиш номигагина амалга оширилади, холос. Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актёр ва режиссёр Убайдулла Омон билан уюштирилган суҳбатдан бир иқтибос келтириб ўтаман.

– Хўш, вилоят театрлари томошабинлари кимлар? – дейди у. – Улар, асосан, коллеж ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабаларидан иборат. Бугунги кунда ёшларни мажбуран театрга олиб келишади. Бу мажбурий томошабинлар спектакль давомида саҳнадаги воқеаларни кузатиш ўрнига телефонини ўйнаб ёки писта чақиб ўтиради. Шу боис мен жуда ташвишланаман. Чунки томошабинни театрга қайтариш масаласи барибир оғир муаммо сифатида қолмоқда. Санъатга қизиққан томошабин учун ўзининг эҳтиёжини қондириши йўлида бугун имкониятлар кўп. Интернет, телевизор орқали хоҳлаган нарсасини томоша қилиши мумкин. Бу эса томошабинни театрдан янада узоқлаштиради.

Убайдулла Бақоевнинг гапларида жон бор. Шундай экан, театрларнинг кўр-кўрона ишлашига чек қўйиш вақти келди. Ёшларни зериктирадиган, алмисоқдан қолган спектакллар ўрнига уларни жалб этадиган, қизиқтирадиган томошаларни саҳналаштирган минг карра афзал.

Ёшлар тарбияси ҳақида гап кетганда Миср эҳромлари деворидаги машҳур битик ёдга тушади: «Бугунги ёшлар айниб кетган». Ҳа, узоқ асрлар қаъридаги иддао шу қадар долзарбки, уни ҳар даврда қўлласа бўлади. Аммо бугунги ёшларнинг айнигани ошиб тушяпти. Улар билан жиддий шуғулланмас эканмиз, кўнгилсиз «сюрприз»лар яна бўлаверади.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг