Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Сарвиноз Сатторова: «Тиланчилик қилаётган болаларнинг ҳам китоб ўқигиси келади»

Сарвиноз Сатторова: «Тиланчилик қилаётган болаларнинг ҳам китоб ўқигиси келади»

Сарвиноз Сатторова ижтимоий муҳити оғир оилалар фарзандларига ҳунар ўргатади.

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий муҳити оғир оилалар яшайдиган уйлар ҳақида эшитганмисиз? Мен ҳам ана шундай манзилдан мактуб келгунича бехабар эдим. Гап шундаки, Қўқон шаҳрининг «Бўрчилик» кўчаси (эски «Халқ сўзи»)даги иккита ана шундай кўп қаватли уйларда 100 га яқин иқтисодий томондан қийналган оилалар яшашади.

Фото: «Xabar.uz»

Наманган Давлат университети магистратура бўлимининг тасвирий санъат ва декоратив амалий санъат йўналиши талабаси Сарвиноз Сатторова бу ерда яшайдиган болаларга тасвирий ва амалий санъат йўналиши бўйича сабоқ беради. Шу билан бирга кутубхонада кутубхоначилик қилади.

«Book challenge»ни қаердан бошлаш керак?

«Xabar.uz»га мактуб йўллаган Сарвиноз Сатторова барча қатори моддий кўмак сўраб мурожаат қилмаяпти, балки... келинг қолганини талаба қизнинг ўзидан эшитамиз:

— Тўқувчиликка қизиқадиган қизлар, аёлларни бор. Ип маҳсулотлари тақчил бўлгани учун уларни тўгаракка жалб этолмаяпмиз. Мен ҳунар ўргатаётган болалар орасида иқтидорлилари жуда кўп. Уларнинг кўпроқ китоб ўқишини ҳам истайман, афсуски, кутубхонадаги китоблар саноқлигина, — дейди Сарвиноз. — Қўшниларимиз орасида лўли болалар ҳам бор. Улар тиланчилик қилишади. Мақсадим китоблар сони кўпайса, бу болалар ҳам мутолаага қизиқишса. Чунки кутубхона очилган дастлабки пайтларда жуда кўп шундай болалар бу ерга тез-тез кириб турарди, энди улар учун китоблар эскирди ва болаларнинг қадами узилди. Мен тўгаракдаги ўқувчиларим ва бошқа болаларнинг ҳам турли мавзудаги асарларни ўқишини, дунёқараши кенгайишини истайман. Уларга кўпроқ эртак китоблар керак. Агар болаларни кутубхонага чорлай олсак, ўз-ўзидан тўгарагимга ҳам қизиқиш кучаяди, ҳатто ота-оналар ҳам бекорчиликдан қутулади.  

Фото: «Xabar.uz»

Сарвиноз Сатторованинг устози Турсунали Аҳмадалиев Қўқон шаҳар «Иқтидор» имконияти чекланган ва кам таъминланган оилалар болаларини қўллаб-қувватлаш марказида раис. Сарвиноз устозининг йўлидан бориб кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига билим бериш, иқтидорларини юзага чиқаришни мақсад қилган.

Бугун ёшларни унча-мунча маош қониқтирмайди. Қониқтирмайдики, ҳатто хориждан иш топиш илинжида бўлишади. Сарвиноз Сатторова ҳеч қандай таъмасиз қилаётган хайрли ишни ёшларимизга ибрат қилиб кўрсатмоқчи эмасмиз. Ҳар кимнинг ўз танлаган йўли бор. Сарвиноз танлаган йўлдан юрмоққа ва одимламоққа эса кучли ирода керак. Демак, шундай ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга тиргак бўлиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Келинг, биз ҳам Сарвинозни қўллаб-қувватлайлик. У жон куйдираётган болажонлар учун китоб ва ип маҳсулотлари совға қилайлик.

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимиз бўйлаб «Book challenge» — мактабларга китоблар ҳадя этиш ташаббуси давом этмоқда. Бу савобли ташаббусни юқоридаги каби ижтимоий ҳимояга, китобларга ҳақиқатда муҳтож муассасалардан бошлашимиз керак эмасми?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг