Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёевнинг ғазабига дучор бўлган Острoгорский ким?

Шавкат Мирзиёевнинг ғазабига дучор бўлган Острoгорский ким?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев

Фото: «Voanews.com»

Шу йилнинг 22 декабр куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига мурожаатнома йўллаган, Видеоконференцалоқа режимида ўтган ҳамда «O’zbekiston 24» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган мазкур йиғилишда Ўзбекистон раҳбари молия вазирлиги фаолиятини қаттиқ танқид қилган, вазирлик 20 йил давомида Острогорскийга ўхшаган ноинсофлар қўлида бўлганлиги, уни ўзи ишдан ҳайдаганини, шунга қарамай вазирлик ҳисоботларида ҳалигача Острогорскийнинг ҳиди борлигини таъкидлаган эди.

Йиғилишдан сўнг ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари томонидан интернетда энг кўп изланган нарса Президент ўз нутқида бир неча марта тилга олган «Острогорский» фамилияси бўлди. Хўш, Шавкат Мирзиёевнинг ғазабига дучор бўлган Острагорский ким?

«Sputnik»нинг хабар беришича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Острогорский деганда Элла Острогожскаяни назарда тутган. У Рустам Азимов молия вазири бўлган кезларда Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармасининг бошлиғи бўлган.

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган мазкур суратда собиқ молия вазири Рустам Азимовнинг ўнг томонидаги аёл мақоламиз қаҳрамони экани айтилади. Аммо бизга маълум қилишларича, бу Элла Острогожская эмас. 
Фото: «Сa-snj.com»

Президент нутқида Острогорский (яъни Элла Острогожская) тилга олинган ўринлар:

«Ақлли Молия вазири бўлсанг, ўйла, ноинсоф, атрофингдагиларни ҳаммасини ҳайдавор. Қўчқоров шу ердами? Мен сизларнинг олдингизда айтяпман, агар бир ой ичида ўзгариш қилмаса, ишдан оламан. Менга бунақа молия керак эмас. Молияда ўтирганларнинг ҳаммасини ҳайдайди. Битта Острагорский деган ноинсофни ҳайдаганман, ҳалиям унинг ҳиди келиб турибди».

* * *

«Мана битта мисол: ўтган 2016 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда маҳаллий бюджетга бир сўм ҳам пул қолмаган. Бир сўмниям бермаган Острогорский-Мастрогорский-Састрагорский-Гастрогорский деган бир команда бор. Фақат мендан қўрқарди улар, ҳозир ҳаммасини ҳайдавордим. Яна 2-3таси қолган энди. Мана бу йил: бюджетни ҳамма тушумларини бажарди Қорақалпоғистон, 90 миллиард пул ўзига қоляпти — битта ҳудудда! Нимага? Олдин ишлаган ҳам бир эди ишламаган ҳам бир эди. Нега десангиз, туман ҳокими ўзини молиячиси, иқтисодчиси бўлгани билан, у пул тушган билан унга тушмайди-ку, Острогорскийга тушади. Сув йўқ, газ йўқ, больница йўқ, детсад йўқ, иссиғлиқ йўқ. Острогорский биладими Қорақалпоғистондаги шароитни. Острогрскийга ўхшаганлар яшаганми Қорақалпоғистонда?

* * *

«Кечаги сенатдаги муҳокама мени кўп нарсада ўзгартирди. Биз фақат одамларга гап гапиришга бермаймизда. Агар гапиришга берганимизда, улар жаноб Қўчқоровга керак бўлса бошқа таклиф берарди. Нимага бу ерга тайёргарлик қилмасдан келди, деганларингизда, мен сизлардан рози бўлардим. Мен кеча жуда чуқур кўрдим, лекин норози бўлдим, Қўчқоров тайёргарлик қилиб бормаган. Нега десангиз, пастдаги ўтирган Острогорский дегани ёзиб берган, бу кўтариб сизларга оборган. Бундан кейин ўзим кўраман бюджетни. Лекин мен сизларга айтаман — сизларга маъқул бюджет чиқади».

«Sputnik»нинг маълум қилишича, Интернет маконида Острогожская фаолияти таҳлилига бағишлаб мақола ёзган О.Абдусалимов амалдор томонидан ақл бовар қилмас даражада «ўзлаштириб юборилган» маблағлар, ва унинг чет элда ўқиб, ўша ерда яшаб қолган фарзанди ҳақида баён этар экан, шундай дейди: бундай вақтда адолатли савол туғилади, ўз келажагини Ўзбекистон билан боғламаслиги кундек равшан бўлиб турган бу сингари одамлар қай тарзда Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, мудофаа мажмуаси ва куч тузилмаларидаги энг муҳим жабҳаларнинг молиявий таъминотини назорат қилмоқда? Молиянинг «оддий» амалдорлари қимматбаҳо мулклар учун пулни қаердан олди ва уларга бошқа мамлакатларнинг фуқаролиги нима учун керак? Ўзбекистоннинг 20 йилдан ортиқ мустақиллиги даври давомида молия-иқтисод соҳасида малакали миллий кадрларни тайёрлаш имкони бўлмаганига ишониш қийин. Бундай кадрлар кўтарилишга имкон беришмаётган бўлса керак. Уларни маъмурий-жамоавий методлар қўллаш орқали маблағларни бошқаришга одатланганлар янчиб келмоқда. Бундайларнинг даври эса аллақачон ўтмишда қолган».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг