Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳақида нималарни биламиз?

Собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳақида нималарни биламиз?

Фото: «Kprf.org»

Кеча, 22 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳозирча маълумот расман тасдиқланганича йўқ. «Xabar.uz» ушбу маълумотга аниқлик киритиш учун Бош прокуратура матбуот хизмати (233-64-53), жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи (233-51-27), ишонч телефони ҳамда «Call-марказ»и (1007) билан боғланишга уриниб кўрди. Бироқ барча уринишлар зое кетди. Қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Рашиджон Қодиров яқин-яқингача республикадаги энг қудратли ва сирли шахслардан бири бўлиб келган. Интернетда унинг саноқлигина суратлари мавжуд бўлиб, шахси, фаолияти, оиласига оид маълумотлар ҳам тўлиқ эмас.

Хўш, очиқ манбалардан Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори ҳақида нималарни топиш мумкин?

У 1952 йилнинг 23 февралида ўша пайтда Наманган вилоятига қарашли бўлган Балиқчи туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Фаолиятини 1975 йилда Андижон вилояти прокуратураси терговчилигидан бошлаган. 1980—1991-йилларда Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик қўмитаси тергов бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 1992—1994-йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари бўлган.

1994 йили у республика Бош прокурорининг ўринбосари этиб тайинланган. 2000 йилнинг февралида эса Бош прокурорлик курсисини эгаллаган. Шундан сўнг у уч марта, яъни 2005, 2010, 2015 йилларда беш йиллик муддатга ушбу лавозимга қайта тайинланган.

2015 йилнинг бошида 4-муддатга Бош прокурорликка қайта тайинланган Рашиджон Қодиров ўша йилнинг 21 апрелида ушбу лавозимдан озод қилинган эди. Уни лавозимдан озод қилиш ҳақидаги Президент фармонида ўзгариш сабаби Рашиджон Қодировнинг конституциявий ваколат муддати тугагани ва унинг бошқа ишга ўтаётгани дея кўрсатилган эди.

Ўшанда унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаганди. Эътиборли жиҳати, янги Бош прокурорни жамоага ўша пайтдаги Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев таништирган эди.

2015 йилнинг 16 май куни Рашиджон Қодиров Ўзбекистон Республикаси Конституцион суди судьяси этиб тайинланган эди. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси томонидан қабул қилинганди. Бироқ Олий Мажлис Сенатининг 2017 йилнинг августидаги ялпи мажлисида Конституциявий суд аъзолари қайта тайинланганда Рашиджон Қодиров ушбу лавозимдан маҳрум бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев прокурорларни қаттиқ танқид қилган, прокуратура тизими издан чиқиб кетгани, коррупция ботқоғига ботгани, прокурорларнинг одамларни менсимай қўйгани, оёғи ердан узилганини айтиб ўтган ва буларнинг барчасида исмини айтмаса-да, аввалги Бош прокурорни айблаган эди. «Мана, биз янги Бош прокурорни қўйдик ва 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Олдинги қолган ахлатдан, олдинги Бош прокурор қолдирган ўғри тизимдан 20-15 фоиз одамлар юрипти. Буларни барибир ўзгартирамиз охиригача», —деган эди давлат раҳбари.

Ҳозирча Рашиджон Қодиров қаерда сўроқ қилинаётгани, у нимада айбланаётгани маълум эмас. «Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг