Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сўғдиёна обод бўлади!

Сўғдиёна обод бўлади!

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд вилояти ҳокими ва тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида Самарқанд шаҳридаги тиббиёт коллежида шаҳардаги Сўғдиёна массивини обод қилиш режаси ҳақида аҳолига тушунтириш берилди.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 18 мартдаги қарори билан ташкил этилган «Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси»га 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилганини, бу маблағнинг салкам 80 фоизи Самарқанд шаҳрини обод қилишга сарфланишини айтди.

− Бу маблағ бутун вилоят фаровонлигини ошириш учун ажратилган эди, аммо ўрганиб чиқиб, шунга амин бўлдикки, энг кўп муаммо Самарқанд шаҳрида экан. Шунинг учун Президент вилоятга ажратган маблағнинг асосий қисмини Самарқанд шаҳрини обод этишга сарфлашга қарор қилдик, − деди Туробжон Жўраев. – Ҳақиқатан ҳам Президент қайси давлатга борса, шаҳримизга кўпроқ сайёҳлар келиши ҳақида қайғуради. Мана, кеча Хитойда ўтган анжуманда сайёҳлар албатта бориши шарт бўлган ўнта шаҳарнинг номи эълон қилинди, уларнинг ичида Самарқандимиз ҳам борлигидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Аммо инсоф билан айтсак, шаҳар марказидаги иккита асосий кўчадан бошқа қайси кўчага сайёҳларни олиб бора оламиз? Ички кўчаларимизда сайёҳлар кечаси юришга қўрқишади-ку? Шунинг учун энг аввало шаҳарнинг барча йўлларини капитал таъмирлашга аҳд қилдик. Ишчи гуруҳи қаттиқ ишлаб, шаҳардаги тўртта микротуман бу йилги ободонлаштириш дастурига киритилди. Булар ичида сиз яшайдиган Сўғдиёна массиви ҳам бор.

Вилоят ҳокими ажратилган маблағ ҳисобидан Сўғдиёна массивини тўрт тарафдан ўраб турган асосий кўчаларнинг ҳаммаси капитал таъмирланиб, бу массив кўчалари остидаги совуқ сув, иссиқ сув, оқава сувлар, газ қувурлари батамом янгиланишини айтди. Шунингдек, беш километрдан ортиқ ички йўллар ҳам таъмирланиб, барча кўчалар кечалари ёритиладиган бўлади.

− Кўп қаватли уйларнинг барча қаватларига иссиқ сув, совуқ сувларни етказиб берадиган қувурларни, оқава сув қувурларини бутунлай янгилаймиз, − деди ҳоким. – Барча кўп қаватли уйларнинг лифтларини ишлатамиз, 71 та янги, замонавий лифтларни ўрнатиб берамиз. 11 та болалар майдончаси, 15 та катталар спорт майдончаси, 17 та аҳоли йиғинлари учун айвон, 3 та ўйин майдончаси ҳамда автомобиллар тураржойини қуриб берамиз.

Ҳар бир кўп қаватли бино алоҳида кўринишга эга бўлиши, уйлар таъмирланиб, замонавий бўёқларда кўзни қувонтирадиган қилиб бўялиши, олд томони ҳам бир хил қилиб бошқатдан таъмирланиши айтилди.

Маълумот учун: Сўғдиёна массивида 5 та маҳалла бўлиб, 68 та кўп қаватли уйда 3315 та хонадон, 15000 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим муассасаси, битта коллеж, битта шифохона ишлаб турибди.

− 68 та уйнинг барчасининг томлари, ертўлалари, ички муҳандислик тармоқлари мукаммал таъмирланади, − деди вилоят ҳокими. – Бу уйлар алоҳида кўриниш касб этади, ҳар бирининг ҳовлиси, кириш йўлаклари ёритилади, Тошкентдагидек, кодланадиган мустаҳкам металл эшиклар ўрнатамиз, ҳар бир уй олдида болалар майдончаси, спорт майдончаси, боғлар, керак бўлса, маҳалла маъракаларини ўтказадиган марказлар қилиб берамиз. Гулзорлар яратиб, мунтазам сунъий суғориш тизимларини ишга туширамиз.

Йиғилишда Самарқанд шаҳридаги 28,5 км йўл қурилиши ёки реконструкция қилиниши, тўртта марказлашган иссиқ сув етказиб берадиган қозонхона қурилиши, шаҳар ободонлаштириш бошқармасига 63 та юк ортиш, кўча супуриш, ювиш, текислаш, дарахт экиш, ишлов бериш ва бошқа автотранспортлар ва 40 та ўт ўрадиган ускуналар харид қилиниши айтилди.

Йиғилиш сўнгида аҳоли вакилларининг саволларига вилоят ҳокими ва мутасадди идоралар раҳбарлари жавоб беришди. Хусусан, ушбу сатрлар муаллифи Сўғдиёна массиви аҳолисини ичимлик сув билан доимий равишда таъминлашни ҳамда массивда қурилган, аммо 10 йилдан бери расман очилмай турган муҳташам масжидни ҳам очиб беришни ободонлаштириш дастурига киритиб қўйишларини сўради.

Хуллас, Ўзбекистон Президенти ажратган 50 миллион доллар маблағ йиғилишда айтилганидек шу эл фаровонлиги йўлида сарфланса, келаси йил Самарқандга, хусусан, Сўғдиёна массивига келсангиз, уни танимай қолишингиз муқаррар. 

Аммо энди одамларимиз ҳам, уларнинг онги, ҳушёрлиги ҳам бошқача, умид қиламизки, Президент эл фаровонлиги учун ажратган маблағлар қаерга ишлатилаётганини қаттиқ назорат қиладилар ва ободончилик ишларига томошабин бўлиб, қараб ҳам турмайдилар. Зеро, шу ватан, шу юрт ҳаммамизники!

Каримберди Тўрамурод, «Хаbar.uz» мухбири

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг