Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соғлиқни сақлаш тизимида 31 нафар раҳбар ишдан бўшатилди

Соғлиқни сақлаш тизимида 31 нафар раҳбар ишдан бўшатилди

Туғруқ муассасаларида кўрсатилаётган хизмат сифати ва шифокорларнинг турли ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланяпти ва унинг ижроси таъминланмоқда, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

– Республикадаги барча туғруқ муассасаларида 2635 нафар акушер-гинеколог фаолият юритади. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида 507 131 та туғруқ қайд этилгани ҳам улар меҳнати ниҳоятда масъулиятли эканидан далолат, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. – Оилаларга қувонч ва бахт улашгувчи ушбу шифо масканларида коррупция кўринишларига асло йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, ҳар бир ота-она фарзандли бўлар экан, ушбу муассасадан рози бўлиб чиқиб кетиши керак. Афсуски, айрим ҳолатларда шифокорларнинг ноқонуний хатта-ҳаракатларига гувоҳ бўламиз. Бундай нохуш ҳолатларга қарши янада жиддий кураш олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда вазирлик томонидан ҳомиладорларга перинатал ёрдам кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида олиб борилган ишлар ва аниқланган камчиликлар юзасидан республикадаги туғруқ муассасалари раҳбарларидан 31 нафари лавозимидан озод этилган ва интизомий чоралар қўлланилган.

Соҳа муассасалари ҳолатини тизимли ўрганиш ва муаммоларни бартараф этишни йўлга қўйиш, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш муассасаларида ижобий маънавий муҳитни шакллантириш, тиббий ва хўжалик хизмати ходимларини ўрнатилган меҳнат тартибига амалга қилишга эришиш, стационар хизмат сифатини ошириш, тиббиёт масканларида таъмагирлик ва порахўрлик ҳолатларининг олдини олиш, туғруқ комплексларидаги беморлар орасида сўровнома ўтказишни тиклаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида мониторинг ўтказиш учун ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Ушбу ишчи гуруҳлар жорий йил 15 октябрдан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган туғруқ муассасалари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий ва Республика перинатал марказлари, Тошкент тиббиёт академияси 2-клиник туғруқ ҳамда 3-клиникаси гинекология бўлимлари фаолиятини ўрганишмоқда.

27 октябрга қадар давом этадиган мониторинг натижалари чуқур ўрганилиб, таҳлил этилади ҳамда мавжуд камчиликлар бўйича қатъий чора-тадбирлар белгилаб олинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг