Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сўнгги темурий императорнинг қисмати ва ўлими

Сўнгги темурий императорнинг қисмати ва ўлими

Баҳодир Шоҳ суддан кейин. Ундан қолган ягона фотосурат. 1858 йил. The British Museum'да сақланади.

Фото: Reddit.

1862 йилда Бирма (ҳозирда Мянма) пойтахти Янгонда, ёғочдан ясалган жуда оддий бир хонада, англиялик қўриқчи аскарлар кўз остида, 3-4 оила аъзолари олдида Баҳодир Шоҳ Зафар жон берди.

Кўпроқ сўфий пир ва шоир сифатида ном орттирган Баҳодир Шоҳ 300 йил давомида Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Бангладешда ҳукмронлик қилган Темурийлар сулоласининг энг охирги императори эди.

1837 йилга келиб Баҳодир Шоҳ тахтга ўтирганда Темурийлар сулоласи ҳудуди кичрайиб, фақат Деҳли ва Деҳли атрофи қолганди, холос.

Аврангзеб пайтидан бошлаб ҳудудлар аста-секин Англия қўлига ўтиб, айримлари эса мустақил ва ярим мустақил бўлиб аввалги империянинг сояси қолганди, холос.

1857 йили Британия қўл остидаги ерларда ҳинд аскарлари исён қилишади. Меерутда бошланган қўзғолон Деҳли, Лакнав, Агра ва Канпурга тарқалади. Исёнчилар Баҳодир Шоҳни ўзларига бош деб эълон қилишади. Яъни, улар Британиядан воз кечиб Баҳодир Шоҳ ҳукмдорлигига ўтмоқчи бўладилар.

Британия эса сикхларни ва афғонларни олиб келиб қўзғолонни 1858 йилда бостиради.

Британия шундан кейин Баҳодир Шоҳни ҳибсга олиб, суд қилиб, Британия қўл остидаги Бирмага, ҳарбий қамоқхонага олиб боради. Энг охирги темурий император ўша ерда, 1862 йилда вафот этади.

Вафотидан кейин Англия Баҳодир Шоҳ қабридан туриб ҳам исёнларга бош бўлмасин деб ҳеч ким билмайдиган жойда сирли равишда дафн қилади. Қабрини яширишади, ҳеч қандай белги қўйилмайди.

Қабр узоқ илмий изланишлардан кейин 1991 йили топилади.

Ҳозирда Баҳодир Шоҳ қабри мақбарага ва даргоҳга (ҳинд-урду тилларида зиёратгоҳ дегани) айлантирилган.

Маҳаллий Мянма мусулмонлари кунда, бошқалар кунора зиёратга боришади ва Баҳодир Шоҳ Зафарни нафақат охирги темурий император, балки сўфий пир ва шоир сифатида ҳам эслашади.

Шавқу Ражабов,
Encyclopedia Britannica, BBC History маълумотларидан фойдаланилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг