Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суднинг хатосига ким айбдор: жамиятми, тизимми, судьянинг ожизлигими?..

Суднинг хатосига ким айбдор: жамиятми, тизимми, судьянинг ожизлигими?..

Фото: «Bankruptcy-ua.com»

 Хатда кўз ёшлари акси бор!

«Advokat» журнали таҳририятига Жиззах вилояти, Зомин тумани, «Бирлик» МФЙдан хат келди. Хайриятки, миннатдорчилик ва севинч хати. Балки уни 15 йиллик қамоқ жазосидан озод бўлган бир муштипар аёлнинг шукроналик номаси десак ҳам жоиздир. Шунингдек, жазо тайинлашда ўзига нисбатан ноҳақлик қилингани боис умрининг бир неча йилини фарзандлари ва яқинларидан узоқда, озодликдан бебаҳра ҳолатда ўтказганидан ўкинчли нола ҳам йўқ эмас унда. Аммо хатни ўқир эканмиз, унда асосан севинч ёшларининг аксини кўргандек бўламиз. Айниқса, хат муаллифи ўз адвокатини халоскорга қиёслаб, асосий мақсади шу йўл билан унга ва барча адвокатларга миннатдорчилигини изҳор қилишдан иборат эканини айтади. Ҳа, азоб сиртмоғидан қувонч оламига чиқа олган одам учун бунга сабабчи бўлган ҳар бир унсур улуғ ва муқаддас бўлиб туюлаверади...

Хатда ёзилишича, адвокат Ўлмас Расулов томонидан тайёрланган 6 варақдан иборат кассация шикояти жорий йилнинг 29 март куни Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди кассация мажлисида кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган. Натижада хат муаллифи қамоқдан оиласи бағрига қайтарилган.

Аслида нима бўлган эди?

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, Норбоева Муборакнинг эри Р.Норбоев ҳеч қаерда ишламасдан, доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолатда уйдагиларга жабр етказиб келган. Ўша мудҳиш қотиллик содир бўлган кун — 2013 йилнинг 26 ноябрида ҳам у кечки пайтда уйга маст ҳолатда кириб келиб жанжал кўтарган ва турмуш ўртоғи Норбоева Муборакни қизлари С.Норбоева ҳамда Д.Норбоевалар билан бирга кўчага ҳайдаб чиқазиб юбориб, уйни ичкаридан қулфлаб олган. Кўча совуқ бўлгани сабабли Норбоева Муборак қўшни йигитдан эшикни очишда ёрдам сўраган. Қўшниси балкон томондан уйга кириб, эшикни очиб бергач, у уйга болалари билан кирган. Шу пайт Р.Норбоев уйғониб қолиб, яна жанжал кўтарган ва катта қизи С.Норбоевага ташланиб, сочидан тортиб йиқитиб, устига чиқиб олиб бўға бошлаган. Бу ҳолатдан қўрқиб кетган, эрини қизининг устидан тортиб олишга кучи етмаган Норбоева Муборак ошхона пичоғини олиб чиқиб, Р.Норбоевнинг кўкрак қафаси орқа қисмига бир неча маротаба санчган ва етказилган тан жароҳати туфайли у воқеа жойида ҳалок бўлган...

Жиноят иши бўйича суд психология-психиатрия экспертизаси тайинланган бўлиб, Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасининг 2014 йил 4 февралдаги 57-сонли хулосасида Норбоева Муборакнинг жиноятни «физиологик аффект», яъни кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида содир этгани қайд қилинган. Аммо суд негадир ўз ҳукмида бу хулосани эътиборга олмаган...

Суд қандай хатога йўл қўйганди?

Кассация инстанцияси суди хулосасига кўра, биринчи инстанция суди мазкур жиноят ишини кўришда Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилмасдан, судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла, холисона, синчковлик билан текширмасдан, жиноят содир қилишдаги руҳий ҳолатни аниқлаш чорасини кўрмасдан, уни ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилганликда айблаб, жавобгарликка тортиш ҳақида барвақт хулосага келган.

Ажримда қайд этилганидек, Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрь кунги «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг биринчи бандида қасддан одам ўлдиришга оид ишларни кўраётганда судларнинг иш ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама тўла ва холисона текшириш лозимлиги қайд этилган. Яъни айб шакли, қотиллик сабаблари, мақсади ва усули аниқланиши, шунингдек, қилмишни тўғри баҳолаш ва айбдорга адолатли жазо тайинлаш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатлар ҳам текширилиши керак эди.

Олий суд Пленумининг 2008 йил 15 майдаги «Бир неча жиноят содир қилганда қилмишни квалифакация қилишга доир масалалар тўғрисида»ги қарори 9-бандида эса қилмиш кучли руҳий ҳаяжонланиш каби ҳолатларда содир этилганида унда жиноятлар мажмуи мавжуд бўлмаслиги, бундай ҳолатда қилмиш Жиноят кодексининг мазкур жиноят учун енгилроқ жавобгарликни назарда тутувчи моддаси билан квалификация қилиниши лозимлиги тўғрисида раҳбарий тушунтириш берилган. Яъни, масалан, кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида одам ўлдириш фақат ЖКнинг 98-моддаси билан квалификация қилиниши керак.

Афсуски, биринчи инстанция суди буларни инобатга олмаган. Хатда ёзилишича, судга Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасидан мутахассис ҳам чақирилмаган.

Нажотга келган адвокат

Хуллас, суд М.Норбоевани ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдирганликда айблаб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Бунинг устига, хат муаллифининг ёзишича, ҳукм ўқилганидан кейин номаълум шахс келиб унга «Сенга аслида 25 йил берилиши керак эди, 15 йилга рози бўлавер, агар шикоят қилсанг яна қўшилиши мумкин» деган. «Шу боис қўрқув ичида болаларим ва адвокатимнинг апелляция ва кассация тартибида шикоят ёзиш ҳақидаги гапларига қаттиқ туриб қаршилик қилдим», — дейди М.Норбоева. — Фақат орадан йиллар ўтиб, мен билан бирга қамалганлар бирин-кетин озодликка чиқа бошлагач, юртимизда яхши ислоҳотлар бошлангани ҳақидаги хабарларни эшитганимдан кейингина менда ҳам умид учқунлари пайдо бўла бошлади ва болаларимга адвокат топишларига рухсат бердим. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи 2018 йилнинг 19 январида олдимга адвокат Ўлмас Расуловнинг ўзи тайёрлаган кассация шикояти билан кириб келиши билан бошимда нажот юлдузи порлагандай бўлди. Гарчи адвокат шу пайтгача ҳукм устидан шикоят қилмаганимиз учун мени койиган бўлса-да, мен бундан кейинги муваффақиятли натижалар ҳақидаги тасаввурнинг ўзидан ҳаяжонлана бошладим... Бу адвокат менинг кўзимга чинакам нажоткордек кўринаётган эди!

Ҳа, Муборак опага ёрдамга шошилган адвокат ўз касбининг устаси экан. Суд материаллари билан яхшилаб танишган адвокат Ў.Расулов кассация тартибида тайёрлаган шикоятида тергов ва суд томонидан ишнинг бир томонлама кўрилгани, жумладан, суд-психиатрия экспертизаси хулосаси инобатга олинмаганлиги важларини келтириб, Норбоева Муборакнинг жиноий ҳаракатини ЖКнинг 98-моддаси билан қайта малакалашни сўрайди.

Ҳечдан кўра кеч!

Энг муҳими, натижа хайрли бўлди. 2018 йилнинг 29 марти. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг кассация мажлисида ЖИБ Жиззах вилоят судининг 2014 йилнинг 16 май куни Норбоева Муборак Норбўтаевнага чиқарган ҳукми устидан Жиззах вилоят прокурорининг кассация тартибидаги протести ва адвокат Ў.Расулов томонидан берилган шикоятга асосан жиноят иши кассация тартибида кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди. Яъни ҳукм ўзгартирилиб, Норбоева Муборак томонидан содир этилган жиноий ҳаракатлар Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» бандидан Жиноят кодексининг 98-моддасига қайта малакаланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарори 1-бандининг «а» кичик бандига асосан маҳкум тайинланиши лозим бўлган жазодан озод қилинди. 2013 йилнинг 2 декабрида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган Норбоева Муборак орадан тўрт ярим йилга яқин вақт ўтиб бўлса-да, 2018 йилнинг 30 март куни болалари ва яқинлари бағрига қайтди! Аммо бу қувончнинг бошқа бир ачинарли жиҳати шундаки, агар судланувчининг қилмишлари биринчи инстанция судининг ўзидаёқ тўғри малакаланганида у амнистия асосида бундан тўрт йил муқаддам, суд залининг ўзидан яқинлари даврасида уйига чиқиб кетган бўларди...

Нега шундай бўлди?

Бу саволни икки маънода тушуниш мумкин. Аввал хайрлисидан бошлайдиган бўлсак, нега Норбоева Муборакка қўйилган оғир жазо енгилига алмаштирилди? Бу саволнинг жавоби эса бугун жуда оддий — мамлакатимизда бошланган улкан ислоҳотлар жараёнида ҳамма нарсани ўз номи билан аташга ўрганмоқдамиз. Инсон томонидан ҳар хил шароитда содир этилган турли қилмишларга қонга тўлган ғазаб кўзи билан эмас, балки адолат кўзи билан қарашга йўл очилди. Судлар фақат қонунларда эмас, амалда ҳам эркинликни ҳис қила бошлади. Адвокатларнинг ўз ҳимоясидаги шахсларни адл туриб ҳимоя қилишларига қонуний имкониятлар яратилмоқда...

Саволнинг иккинчи, оғир маъносига жавоб бериш эса, афсуски, бу даражада осон эмас — Норбоева Муборакнинг қилмиши нега ўз вақтида тўғри баҳоланмади? Зеро, бу саволнинг ортидан бошқалари ҳам қаторлашиб сизиб чиқаверади. Масалан, биринчи инстанция судининг «мазкур жиноят ишини кўришда Олий суд Пленуми қарорлари тушунтиришларига риоя қилмасдан, судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳар томонлама, тўла, холисона, синчковлик билан текширмасдан, жиноят содир қилишдаги руҳий ҳолатни аниқлаш чорасини кўрмасдан» қилган хатосига сабаб нима эди? Судьянинг лаёқатсизлигими ёки мустақил эмаслигими? Балки у шунга мажбур бўлгандир? Аммо бундай ҳукм чиқаришга мажбурлашдан ким манфаатдор бўлиши мумкин? Ахир отасиз қолган болаларни 15 йилга онасидан ҳам ажратиб қўйиш кимга фойда келтиради? Агар унга қонун имкон берган доирада енгилроқ жазо белгиланса ким ютқазарди — давлатми, жамиятми, маҳаллами, терговчими, прокурорми, судьями? Энг муҳими, бир эмас, бир неча инсонлар тақдири билан боғлиқ бундай хатолар учун ким жавоб беради?..

Ҳа, бу саволларнинг кети узилмайди ва уларга жавоб беришга қодир одамни топиш ҳам осон бўлмаса керак. Шу боис биз ҳам уни ортиқ чувалантирмоқчи эмасмиз. Яхшиси, бундай хатоларга бой кунларнинг ўтгани рост бўлсин деб ният қиламиз! Келажакда Ўзбекистонимиз одил судлов тизими билан ҳам дунёга донг таратсин деймиз! Токи Амир Темур бобомиз дунё узра баланд кўтарган адолат туғи авлодлар қўлида ҳам мустаҳкам турсин!

Нурбек Тошниёз,
«Advokat» журнали Бош муҳаррири


«Advokat» журналининг 2018 йил 2-сонидан олинган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг