Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Танасидан 16 та игна топилган гўдакнинг аҳволи яхшиланган

Танасидан 16 та игна топилган гўдакнинг аҳволи яхшиланган

Фото: «Xs.uz»

Январ ойида ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама бўлган, фойдаланувчиларни чуқур ҳаяжонга солган хабар — танасидан 16 та игна ва сим бўлаги топилган чақалоқ тақдири атрофидаги фикр-мулоҳазалар ҳали-ҳамон поёнига етган эмас. Зотан, ушбу кўнгилсиз ходисанинг келиб чиқиш сабаби, унинг оқибати кишини чуқур ўйга толдиради. Бугун кимдир гўдакнинг аҳволи жуда оғир эканини айтса, яна кимдир бу воқеликка оилавий келишмовчиликлар сабаб бўлганини билдирмоқда. «Халқ сўзи» мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида чақалоқнинг онаси ва маҳалла фаоллари билан учрашиб, аслида нима бўлганлигига ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Абдужаббор Аҳмедов, «Найман» маҳалла фуқаролари йиғини раиси:

— Чақалоқ дунёга келган Шоҳсанам Болтабоева ва Азимжон Худойбердиевлар оиласи маҳалламизда тинч-тотув яшаёган оилалардан бири. Оила катталари Абдумажид ва Умидахон Худойдердиевалар ҳалол меҳнат билан 5 ўғилни вояга етказишган. Чақалоқнинг отаси Азимжон оилада тўртинчи фарзанд. У янги уй қуриш мақсадида 2015 йилдан буён Россияда ишлайди. У 2013 йилда Шоҳсанам билан турмуш қуришган. Бундан ташқари, улар маҳалладош. Икки йил фарзанд кўришмади. 2015 йилнинг кузида Шоҳсанам ҳам турмуш ўртоғининг олдига кетди. 2016 йилнинг июлида ҳомилали бўлганлиги боис Фарғонага қайтди.

Одамлар орасида турли гап-сўзлар оралагани бор гап. Лекин мен онанинг бундай тубан ишга қўл урганига ишонмайман. Негаки, Шоҳсанам икки йил сабр билан Яратгандан фарзанд сўрайдию ўз жигарбандининг жонига қасд қиладими? Бунга ҳеч бир сабаб кўрмаяпман. Бу мудҳиш воқеа юз бергандан сўнг жамоатчилик билан биргаликда чақалоқ вақтинча яшаётган хонадонда бўлдик. Шоҳсанам Болтабоеванинг онаси Хайрихон Болтабоева дўппидўзлик билан шуғулланади. Ўша кунлари бозордан игна тўпламини олиб келган экан. Воқеага эҳтиётсизлик сабаб бўлиши ҳам мумкин. Яна ким билади дейсиз...

Акмалжон Қурбонов, «Найман» маҳалла фуқаролари йиғини профилактика инспектори:

— Азимжоннинг хонадонида жой масаласи муаммо бўлганлиги боис эрининг маслаҳати ва розилиги билан Шоҳсанам ўзининг ота уйида вақтинча яшайди. Янги йил куни Шоҳсанам қайнотасининг уйида байрам нишонлашгани, бир-икки кун эрининг уйида қолганидан ҳам хабарим бор. Яъни уларнинг орасида ҳеч қандай нифоқ йўқ. Қайнонаси Умидахон Қаюмова ва оиласи ўртасида Шоҳсанам билан бирор марта ҳам келишмовчиликлар рўй бермаган. Ҳар иккала хонадон — Азимжон ва Шоҳсанамнинг хонадони ҳам ўзига тинч хонадонлардан. Шоҳсанамда кучли таъсирланиш ҳолатлари ёки салбий руҳий босим мавжуд бўлмаган.

Унинг яккаю ягона акаси Сарбоз Усубалиевнинг бир ўғли бор. Яқинда қизли бўлди. Жумагул келинойиси билан муносабатлари рисоладагидек. Масаланинг ўйлантирадиган томони, шифокорлар оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида «Игналар ташқи таъсир остида юборилган» маъносида тиббий хулоса бердилар. Уларнинг мутахассис сифатидаги фикрларига қўшиламан. Нима бўлганда ҳам бу жумбоқли ва таажжубли масалага тергов давомида ойдинлик киритилади.

Шоҳсанам Болтабоева, чақалоқнинг онаси:

— Икки йиллик сабр-бардош билан она, деган шарафли бахтга эришдим. Наҳотки, ўз вужудимда тўққиз ой кўтариб, дунёга келтирган фарзандимни ўз қўларим билан нобуд қилишга уринсам. Йўқ буни, ҳатто, ўйлашга ҳам қўрқаман...

Чақалоқнинг бобоси Муроджон Болтабоевнинг телефон орқали хабар беришича, ҳозир пойтахтимиздаги Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази даволанаётган 11 ойлик Азизбек Абдумажидовнинг аҳволи яхшиланган. Шифокорлар унинг озиқланишига рухсат беришган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг