Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президентнинг ўринли танқиди: тиббиёт ОТМ битирувчилари ишга қабул қилиниш учун аттестациядан ўтказиляпти

Президентнинг ўринли танқиди: тиббиёт ОТМ битирувчилари ишга қабул қилиниш учун аттестациядан ўтказиляпти

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2017 йил 12 декабр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиёт соҳаси вакиллари билан йиғилиш бўлиб ўтган эди. Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, яъни бугунги кунда мамлакатда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаслиги сабабли янгидан ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олинмаётгани, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимларига алоҳида эътибор қаратганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг таҳририятимизга хабар беришича, Президентнинг ўринли танқиди ва топшириқларидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасида бугунги кунда даволаш-профилактика муассасалари тизимида 11 мингдан зиёд вакант ўринлар мавжудлиги, шундан 3462 та штат умумий амалиёт шифокорлари, 8217 та тор мутахассисликларга тегишли экани аниқланди.

Ушбу ўринларни юқори билим-савияга эга кадрлар билан тўлдириш учун тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчилари мақсадли йўналтириладиган бўлди. Шу мақсадда тиббиёт олий таълими муассасаларининг битирувчилари ва клиник ординаторларининг ҳудудлар кесимида манзилли рўйхати шакллантирилди. 2018 йил январ ойининг биринчи ўн кунлиги давомида барча ишга йўлланиши лозим бўлган битирувчилар ўртасида якуний давлат аттестациялари ўтказилди.

Тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатининг «Даволаш иши», «Касбий таълим (даволаш иши)», «Педиатрия иши» VII курс ва тиббий профилактика таълим йўналишининг VI курс талабалари ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари, тиббиёт олий таълим муассасалари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти II курс клиник ординатура битирувчиларини мутахассислигига мос равишда ишга жойлаштириш бўйича шартномалар тузилди. Ёш мутахассислар 2018 йилнинг 8 январидан бошлаб ўз иш жойларида фаолият бошлаши учун уларни уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича зарурий ишлар амалга оширилди.

Ўтказилаётган ушбу амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йил охиригача умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 88 фоиз, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоиз қопланиши кутилмоқда.

Айни кунларда тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган  ҳудудларга ишга йўлланувчи битирувчилар, клиник  ординатор мутахассисларга  тиббиёт таълимини тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар топширилиши ва жойларга кузатиш маросимларига катта тайёргарликлар кўрилмоқда. Битирувчиларнинг жорий йил 20 январга қадар иш бошлашлари учун барча шароитлар тайёрланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг