Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳар ҳокимлигига борманг, жарима тўлайсиз

Тошкент шаҳар ҳокимлигига борманг, жарима тўлайсиз

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Кейинги пайтларда пойтахтимизда машиналар тобора кўпайиб бораётгани ва бунинг оқибатида юзага келаётган ноқулайликлар ҳақида ОАВда кўп ёзилмоқда. Маълумотларга кўра, Тошкент кўчаларида бир кунда 500 мингга яқин машина ҳаракат қилади.

Дунёнинг мегаполис шаҳарларида бўлгани каби бош кентимизда тирбандлик муаммоси пайдо бўлганига кўникиб ҳам қолдик. Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари бунга ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлаётгани, яъни машиналарини тўғри келган жойга қўйиб кетаётгани сабаб «пробка» пайдо бўлаётганини бот-бот эслатиб турибди. Ҳайдовчилар ҳам бўш келаётгани йўқ. Автомобиль тўхташ жойлари йўқлигини ва йўл бўйларига эса «тўхташ мумкин эмас» белгиси  ҳаддан ортиқ кўп қўйилганини айтиб, камайтиришни талаб қилмоқда. Шунинг учунми, яқинда баъзи жойлардан бу белги олиб ҳам ташланди ёки бошқасига алмаштирилди. Лекин бу белгилар Алишер Навоий, Ислом Каримов, Амир Темур номидаги марказий кўчаларимиз, истироҳат боғлари, Чорсу, Фарҳод ва Қўйлиқ каби йирик бозорларимиз атрофида ҳамон «ўлжа»сини кутиб турибди. Хуллас, бундан барибир минг чиранган ҳайдовчиларнинг ўзлари азият чекмоқда. «ГАИ»ларнинг эса плани тўлмоқда.

Бугун сийқаси чиққан бу мавзуга тўхталмоқчи эмасмиз. Шу билан боғлиқ бошқа бир муаммонинг «юз»ини очмоқчимиз.

Давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар олдида имкониятдан келиб чиқиб, тураргоҳлар ҳозирланаётгани яхши. Аммо бундай «стоянка»ларга фақат ушбу муассасага тегишли бўлган хизмат машиналари кириши мумкинлиги муаммоли.

— Давлат ташкилотида ҳайдовчи бўлиб ишлайман, — дейди ўзини Ботир деб таништирган бир ҳайдовчи. — Хизмат юзасидан деярли ҳар куни икки-уч маротаба Тошкент шаҳар ҳокимлигига  келаман ва ҳар сафар машинани қаерга қўяман, деган бошоғриққа дуч келаман. Бу ерда автотураргоҳ бор, аммо ундан фақат ҳокимлик хизмат машиналари фойдаланиши мумкин, холос. Таниш бўлиб қолган «стоянка»да турган йигитларга «Мен ҳам давлат ташкилотининг ҳайдовчисиман, машинам шахсий эмас, бирпасга қўйиб турай» деган гапни ҳар келганимда ҳеч тушунтиролмайман. Улар роботдек «йўқ, мумкин эмас» деган гапни такрорлашдан бошқасини билишмайди. Бир сафар машинани «э-э, нима бўлса бўлар» деб, қатор «тўхташ мумкин эмас» белгиси ўрнатилган катта кўчада қолдирдим. Хат ташлагани ҳокимиятга кириб чиқсам, машинам олдида «ГАИ» турибди. Пешонамдан тер чиқиб кетди. Ахир 800 минг сўм ойлик оламан, 600 минг сўм жарима тўласам, уйим куяди-ку! Шу куни «мен ҳам хизматдаман, бирровга ҳокимиятга хат ташлагани кириб чиқдим» дея қўлимдаги қоғозни кўрсатиб, йўл инспекторига роса ялиндим. Инспекторнинг инсофлисига йўлиққан эканман, қўйиб юборди. Чунки, улар «қармоққа илинган ўлжа»сини осонликча қўйиб юбормасди-да. Таклифим давлат идоралари хизмат машиналарни тураргоҳларга киритиши керак. Тўла бўлса, бошқа гап, аксари доим бўш туради.

Ҳақиқатан ҳам расмий идораларнинг автотураргоҳларига фақат шу ташкилотга тегишли бўлган хизмат машиналарнинг киришига рухсат берилган. Ҳатто айримларига бундай ҳуқуққа эга бўлган машиналарнинг рақамлари ҳам ёзиб қўйилган. Аммо кузатишларим жараёнида бундай «стоянка»ларда шахсий машиналарнинг ҳам турганига кўп гувоҳ бўлганман. Хўш, бундай тураргоҳлардан фақат хизмат доирасида фойдаланиши мумкин бўлса, шахсий машиналар қаердан пайдо бўляпти? Тақиқ барча учун баробар эмасми?

Яқинда бунинг ҳам тагига етдик. Сиз «стояншик»лар билан келишолсангиз, ҳатто шахсий  машиналарнинг кириши буткул тақиқланган автотурагоҳдан машинангиз учун махсус жой ҳам ажратиб қўйилади. Бунинг учун қоровул йигитларни ҳар куни ёки ойда бир «рози» қилиб турсангиз бўлгани. Ишонмасангиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Республика тез ёрдам тиббиёт бирлашмаси, умуман, шундай масканга эга бўлган барча идора ва ташкилотлар тураргоҳи иш жараёнини зимдан кузатинг.

Бу гапларни ўқиб, кўпчилик «э-э, олса олибди-да, ўзлари рози бўлиб беряпти-ку» дея қўл силташи мумкин. Тўғри, ўзимиз рози бўлиб беряпмиз. Аммо «рози» қиламиз деб ҳалол ишлаётган шифокорни қўлимизга қарайдиган қилиб қўйдик, «рози» қилаверганимиздан «налогчи» укамиз бир «нарса» бермасак ишимизни ортга суриш касалига дучор бўлди. Домламизга «яхши» гапирмасак, имтиҳондан қолиб кетишимиз мумкин. Агар прописка қилинмаган жойимда тинч яшашни истасам «участкавой»нинг ҳам кўнглини «олишим» керак. Хуллас, ҳамма нарса «рози-ризочилик» билан бўлиши зарур деган ақидага шунчалик ўрганиб қолдикки, бугун ўзимизни ўзимиз ҳам рози қилмасак кўнглимиз жойга тушмай қолди.

Бу иллатдан қачон қутуламиз, билмадим. Агар билсангиз айтинг, бунинг учун албатта сизни ҳам «рози» қиламан.   

Равшан Маҳмудов,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг