Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент фармони: Тошкент шаҳрида бошқарувнинг янги тартиби жорий этилади

Президент фармони: Тошкент шаҳрида бошқарувнинг янги тартиби жорий этилади

Фото: «LiveJournal»

Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Фармонга мувофиқ:

Тошкент шаҳар ва унинг таркибига кирувчи туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари негизида тегишли ҳоким томонидан тузилмаси ва штатлари белгиланадиган ва ўзгартириладиган Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонлари ташкил этилди;

Тошкент шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари иштирокидаги давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган ҳудудий идоралараро коллегиал органлар қисқартирилди.

Ҳудудий иқтисодиёт, молия, қурилиш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, инвестициялар бўйича тузилмалар тегишлича Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари бўйсунувига ҳамда Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонлари тузилмасига ўтказилди.

Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси ташкил этилди.

Бошқарма жумладан, каналларни санитар тозалашни комплекс ва тубдан яхшилайди, каналларга туташ ҳудудларни санитар, экологик меъёр ва қоидаларга мувофиқ ободонлаштиради.

Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти ташкил этилиб, унга хусусан йўллар, йўл объектлари ва йўл-транспорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш учун йўл ҳаракатини ташкил этишнинг хавфсиз ва самарали дастурлари ва чизмаларини, шу жумладан, йўл ҳаракатини тартибга солиш тизимларини, замонавий интеллектуал ахборот-коммуникация тизимларини режалаштириш, лойиҳалаш ва жорий этиш юкланди.

Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқлангунга ва пойтахтни архитектура жиҳатидан ривожлантиришнинг истиқболлари аниқ белгилангунга қадар Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида бузиш, реконструкция қилиш ва капитал қурилиш бўйича ишларни олиб бориш тақиқланади.

Фармонга кўра, Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари девонининг интерфаол порталлари яратилади. Портал орқали, жумладан фуқаролардан маҳаллий бюджетнинг муайян қисмини, шу жумладан, Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармасининг маблағларини, Тошкент шаҳри облигацияларини чиқариш ҳисобидан жалб этилаётган маблағларни энг кўп овоз олган мақсадларга йўналтириш бўйича таклифлар олинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг