Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тўй маросимларини қисқартириш керакмас, аксинча...

Тўй маросимларини қисқартириш керакмас, аксинча...

Ҳеч ким хафа бўлмасинку, шу даражада соxта ҳавасли, режасиз пул сарфлаш, бир кунликни деб неча минг кунлик бюджетнинг кулини кўкка совураётган ёки канализацияга (узр, канализация деганда чиқинди қувурлари назарда тутилди) сарфлайдиган мантиқсиз мақтанчоқликни деб кўп кулгу бўляпмиз.

«Facebook»даги бир постимда ушбу маълумотларга кўзингиз тушган бўлса керак:

«ЎЗИНГА ЎЗИНГ ИНВЕСТИЦИЯ ҚИЛ, КАЛЛАНГ БЎЛСА...

Пойтахтда 200 дан зиёд тўйхоналар бор (қисқа қиламан). Халқи тўй ва тўй ташвишлари учун ўртачадан камини олсак бир йилда $250 млн. (аслида Ўзбекистон бўйича ҳисоб-китоб қилинганда 3 миллиард долларга тўғри келган) доллардан кўп пул сарфламоқда — шу «орзу-ҳавасига». Бу ҳалиям бири.

Биз эса чет элдан инвестор қидиряпмиз, нимагадир ишонтириб пул тикишини сўраяпмиз.. Улар тўйдаги еб-ичишимизни... кўриб, думалаб кулмоқда. Чунки улар бунчалик еб-ичишимизда ёрилиб кетмаётганимизга ҳам ҳайрон, ҳам қотиб кулмоқда... Пойтахт халқи эса канализацияни бойитмоқда цивилизацияни ўрнига.. Ўйлаб кўринг, бу фақат пойтахт мисолида ҳали...

1. Эртага қайси ўзбекнинг инвестициясини еб-ичиб... мазза қилишга борсам экан-а?! Суф, суф, нималар деяпман-а...

Илтимос, шуни кўпроқ улашинглар, зора ўзимиздаги ИНВЕСТОРЛАРГА ақл, инсоф кирса...».

Тахмин қиляпсизми қанча пул ва неъматлар исроф бўлаётганини? Ундан кўра ўша бекорга сарф этилаётган озиқ-овқатни қишга ғамланг, ортса экспорт ҳам қилинг. Қолаверса, хўп, данғиллама тўй қилса оила тинч, ёшлар баxти бўлиб қоляптими? Кечирасиз, оилалар ўртасидаги кўп иxтилофлар, келишмовчиликлар, муносабатларнинг совуқлашишигача сабабларнинг «энг дадил» сабаблари шу-ку, данғиллама тўйларнинг оқибати-ку. Яна қарз бўлиб, йиллаб юрганлар-чи, тўйдан кейин шу сохта «орзу-ҳавас»ни деб ёш келин-куёвларнинг ўртасида келиб чиқаётган можаролар-чи? Йўқ, бунақасини билмайман, эшитмаганман деб кўрингчи. Билмасангиз, марҳамат, маҳаллангиз раиси билан шу ҳақда бир суҳбатлашинг, мисолларни, бўлган ишларни эшитинг.

Аслида шунча пулингиз боракан, нега нолийсиз? Сабаби аниқ, беўйларча еб йўқ қилишга шу даражада ўргангансизки, ҳукумат даражасида тушунтиришлар, тарғиботлар, ҳатто Давлат раҳбари — жуда тажрибали инсон, макроиқтисодчи ва оддий оила бошлиғи сифатида жон койитиб тушунтиришга қанча ҳаракат қилмасин, кор қилмаяпти. Қаердаги (узр) ота-бобомиздан қолган эртаклардаги тўйларни бугун ўзимизча реалликка айлантирамиз деб кўзларимиз сўқир, онгимиз занг босган мисоли. Миллион, керак бўлса миллиардлаб сўм пул сарфланаётган «ТЎЙ»лар нима олиб келяпти бизларга, оила, маҳалламизга — баxтми, тинчликми, хотиржамликми, ривожланишними ёки фан-техникани юксалтиряптими? Сиз сари ҳам борайлик, xўш, оддий ва мантиқий савол: Тўй, айниқса ДАНҒИЛЛАМА тўй Сизга нима беради, аниқ ва мантиқий-маъноли жавоб борми? Илтимос, эртакни давом эттирманг фақат!..

Шундай қилиб, қорин тўйган сари ликкилашга, қабиҳ ишларни қилишга, ночорнинг устидан кулишга, тенгимизга мақтанишга, зўрларга кўрсатиб қўйишга, маросим қолиб, дискотека бўлиб талвасага тушишга ундаяптики, охири «канализацияни ривожлантириш»га (узр) ҳисса бўлиб xизмат қилмоқда.

Данғиллама тўй қилгандан таълим ва тарбиялаш, соғлик-саломатлик, қобилиятлиларни қўллаб-қувватлаш, фан-техникада юксак марраларни эгаллаш юзасидан бирор нима сўраб кўрганмисиз, кўринггам — эшитасиз, оласиз оладиганингизни… Гапингиз охирига етмасдан эшиклар тақ этиб ёпилади. Йўқми шунақалар? Аммо эртакдаги тўй учун дарвозани бир муддат суғуриб олиб қўйишади, буни кўрганлар ҳам бор? Ўзим ҳам кўп маротаба кўрганман. Афсус-афсус…

Аслида «тўй» сўзининг маъносини яxшилаб ўйлаб кўрсак ижобий маъно уйғотмайди ҳам. Ҳаётимизда кўпинча салбий ҳолатни эслатади: «Сен тўй фақат, тўйиб кетдим ҳаммасидан, тўйдингми энди, тўймадингми, тўясанми ўзи, ким тўйган экан, тўйиб қолдингми ҳали, тўймасакан булар, тўйдирмадингми шуни, тўймадик-тўймадик» в.ҳ.лар.

Энди «чой» сўзининг ўзбек ҳаётида келиши мумкин бўлган турли маъноларини қидириб кўрамиз: «Бир пиёла чой, ширин чой, кўк чой — давленияга яхши, чой ичгани келдик — уринманг, яхши чой дамлар экан — тинчландим» в.ҳ.лар. Кўряпсизки, салбий эшитилмайди, оддий ва беғубор одатимизни кўрсатмоқда ва одамларнинг психологиясини тарбиялашда ҳам фойда берадиган жиҳати бор.

Биз европадан қандай маданият олдик, санасам бармоқларим етмайди. Аммо керагини оляпмизми? Йўқ. Мана қанчалар мўртмиз, таъсирчанмиз, лекин таъсир этолмаймиз, кимга, ўзимизга. Вақт эса ўтиб бормоқда, ақлни йиғсак ҳам, йиғмасак ҳам, зўр турсак ҳам, зор бўлсак ҳам.

Яна бир нарса, одамларни, керак бўлса жамиятни орқага тортадиган удумлар яшар эканда, одамлар ўтиб кетаверарканда? Шуми Биз, шуми Сиз, шуми яшаш, шуми англаш?..

Xуллас, «Тўй маросими»нинг номини ва ўтказилиш ҳолатини бутунлай ислоҳ қилиш вақти келди. Яъни «тўй маросими» эмас, «Чой маросими» деб номлаш керак ва бундай тартибда ўтказиш керак:

Бўлғуси келин-куёв қонунан никоҳдан ўтгандан кейин, куёвнинг уйида(вазиятга қараб, кўп қаватли уйларда турса қандайдир ЧОЙ маросими қилиш майдончаси ёки камтаргина бежирим биноси бўлса) келин-куёвнинг унаштирилгани боис ўз дуоларини бериб кетувчиларга (келин-куёвнинг яқин танишлари, ўртоқларига) овоза қилиб, таклифномасини бериб, оддий ширин чой ёки яхна ичимлик, бироз ширинлик тортиқ қилиниб(иложи бўлса тик туриб чой ичиш учун мўлжалланган столлар атрофида бўлса), маданиятдан, самимиятдан узоқлашмай бир ёки узоғи икки соатларда маросимни тамомлаш керак. Кийимлар ҳам ўзбекона, атлас-адрасларда бўлса янада кўзни қувонтиради. Қолаверса, муҳим жиҳатлардан яна бири — қадриятимизни тиклашимиз керак. Эсланг, авваллари уйланадиган йигитлар ўзлаштирган ҳунарларидан ясаган нарсаларини ёки амалда қўллаган исботли ишларини кўрсатган, қизлар ҳам ўз ҳунарларидан, миллий одатларимиздан намунлар келтирган. Умуман, ўзбек йигити ва қизининг қўлидан нима иш келишини xалқ олдида сўраш, кўрсатиш ва ҳаётга тайёрлигини билдириш мақсадида уларга маҳалла раислари томонидан совчилар рози-ризолиги бўлгач ҳунар билиш-билмаслиги сўралиши огоҳлантирилади ва чой маросими куни «Қани, куёв ва келин, мана, катта ҳаёт ва оила деб аталган остонага қадам қўймоқдасиз, қўлингизда нима ҳунарингиз бор? Гувоҳларингиз борми, катта ҳаётни ростгўйлик билан жавоб берган ҳолда бошланг», деб сўралсин. Мана сизга замонавийлик, керак бўлса, мана Сизга асли ўзбек имижи ва туристларни ҳам чорлайдиган маданият, ваҳоланки, бош оғриғи ҳам камаяди. Нима дейсиз, оддий, мароқли ва қизиқарли — маъқуллайсизми?

Санъаткорлар бўлмайдими дерсиз, майли бўлсин, фақат ҳовлининг бир бурчида жонли ижро этсин («Маҳаллада дув-дув гап» киносида тўй бўлаётганда қўшиқчи куйлаётган лавҳаси эсингиздами?), келиб эшитувчилар учун синтезаторсиз, микрофонсиз куйласин. Ана сизга ҳақиқий санъат ва санъати бўлса бундан кейин xалқ чақиради, ундай бўлмаса санъатни сохталаштирмай ўзига муносиб бошқа ҳунар, касбни эгаллайди. Тўғриси, ҳозир овози бориям, аксари йўғиям ўзини санъаткор деб микрофоннинг кучи билан зўрма-зўраки куйлаб қолган. Агар мен таклиф билдираётган механизм ишга тушса, хонандалар сараланиб, ким «ўйинда» қолади-қолмайди юзага чиқади.

Тўйxона хўжайинлари-чи? Улар пулини ишлаб чиқаришга сарфласин, ишчи ўринларини кўпайтирсин. Ҳашаматли тўйxонани зўр фабрикага айлантириш мумкин. Ана кейин соғлом рақобат бошланади. Чет эллар билан шартномалар қилиб, Ўзбекистонга инвестиция келишини йўлга қўйиши ҳам турган гап.

Айримлар айтиши мумкин, «бу бизга тўғри келмайди, қанча йиллик одатимиз, мос эмас» деб. Қисқа қиламан, 100 маротаба тўй қилишга қурби етадиганлар ва биттасини зўрға ўтказа оладиганлар, НИМА МОС СИЗЛАРГА, мен ҳам соатлаб санасам бўлади четдан ўзлаштираётган кўплаб ёт одатларингизни. Бир мисол, «Ки-ки» мумкин экан-у, бу таклиф эса... Мана, маданиятимизга, тарбиямизга, миллийлигимизга зид бўлган кўплаб нарсаларни мослаштириб оляпсиз, буниси тўғри келмайдими, ёқмадими?.. Дангал гап шу, азизлар!

Xулосада қаранг, қанча ривожланиш бошланиб кетиши мумкин. Фақат канализацияни ривожлантириш ўрнига цивилизацияни ривожлантиришни дилдан истасак бўлгани!

Хуллас, тўй маросимларини қисқартириш керакмас, аксинча, тубдан инновация қилиш керак.

Ғоя ҳали кенгайтирилади.

Абдуқодир Мўминов,
журналист

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг