Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Туғилдиму, бўғилдим ёхуд ёшларга берилган бир имтиёз тарихи

Туғилдиму, бўғилдим ёхуд ёшларга берилган бир имтиёз тарихи

Фото: «Norma.uz»

2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ-5106-сонли Президент фармонининг 13-бандида ёшларга қуйидагича имтиёз берилганди:

  • таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғини биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтириш.

Лекин бу имтиёз деярли ишламади деса ҳам бўлади. Чунки бу ёшлар орасида тайинли тарғибот қилинмади (умуман қилинмади ҳисоб) ва ёшлар бунақа имтиёз борлигини билишмади ҳам.

Ўтган йили каналим орқали худди шу масала ҳақида 2 та пост ёзгандим (1, 2). Шундан кейин адашмасам «ЎзА»да битта кичкина хабар мазмунидаги мақола чиқди, «Ёшлар» каналида битта кичик репортаж эфирга кетди, яна 1-2 та жойда шу ҳақида айтишгандир, бўлди, тамом. Шу билан яна унутилди.

Лекин шу кичиккина тарғибот орқали ҳам кўпчилик ёшлар бундан хабар топди. Аммо!

Аммо хабари борлар ҳам бу имтиёздан деярли фойдалана олмади. Чунки корхона ва ташкилот бухгалтерлари «бунақа имтиёздан хабаримиз йўқ, ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган» деб тан олишмади. Тан олганлари эса, хоҳласа ҳам бу имтиёзни қўллай олишмади, чунки бюджет ташкилотларининг бухгалтериясида ишлатиладиган «UzAsbo» тизимига бу солиқни қўллашга оид банд қўшилмади. Молия вазирлигига қилинган мурожаатларга эса, вазирлик «тез орада қонунчиликка ўзгариш киради, шундан кейин кўриб чиқамиз» деган мазмунда ажабтовур жавоб берилди.

Бу ўзгариш ўзини кўп куттирмади. 2018 йил 26 декабрдаги ПФ-5607-сонли Президент фармонига биноан, ёшларга берилган ўша солиқ имтиёзи бекор бўлди. Ҳа, энди бу имтиёз йўқ.

Майли, йўқ бўлса, йўқдир. Шахсан мен солиқ имтиёзларини ва ўзи ҳар қандай иқтисодий имтиёзларни унча хушламайман.

Лекин масала бошқа жойда. У имтиёз яхшими, ёмонми, ҳар ҳолда ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ билан белгиланган эди. Белгиландими, демак ижросини ҳам қилиш керакда. Аммо на Солиқ қўмитаси, на Молия вазирлиги, на Ёшлар иттифоқи бунга жиддий қаради. Муаммоларни ўрганишмади, унга ечим таклиф қилишмади. Ишлаётган ёшларга шу имтиёз қўлланилиши таъминланяптими, дея рейд ва ўрганишлар қилинмади. «Ўрага сиқчон тушди, гулдур-гуп» принципида иш қилинди.

Лекин «Ёшларга яратилаётган мислсиз имкониятлар» мавзусида маъруза ва нутқлар қилинганда, ишонаманки, албатта шу имтиёз ҳақида ҳам фахр ва ифтихор билан гапириб, мақтанишгандир. Қоғозда бору, амалда деярли қўлланмаган имтиёз билан...

Имтиёз бекор бўлгандан кейин ҳам унинг муаммоси ҳал бўлмаяпти. Аниқ бир мисол айтаман.

Қонунчилик талаби бўйича, имтиёз амалда бўлиб турган давр учун у қўлланилиши шарт. Гарчи у кейинчалик бекор бўлиб кетган бўлса ҳам.

Фото: @xushnudbek

Лекин бир муштарий ёзмоқда, унинг 2017 йил октябрь ойидан 2018 йил декабрь ойигача бўлган давр учун солиқ имтиёзини қўллаш ҳақидаги талаби Солиқ органлари томонидан рад қилинди (расмга қаранг). Рад қилиш асосини қаранг – «Бугун бу имтиёз бекор бўлган». Ҳа, барака топгур, бугун бекор бўлган бўлса бордир, лекин мурожаатчи ўтган давр учун, яъни имтиёз амалда бўлиб турган давр учун ҳаққини сўраяптику. Ҳалол ҳаққи бу. Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқи бу.

Хуллас, бу имтиёз амалда ўзини оқламади. Ўша пайти ким таклиф қилган, буниси менга қоронғу. Бундай имтиёздан ёшлар тайинли фойда кўришмади, ҳатто билмай ҳам қолишди. Энди била бошлаганда эса, бира тўла бекор қилиб юборишди. Туғилдиму, бўғилдим, дейишармиди шунақа вазиятда...

P.S.: ўша фуқарога солиқ органлари зиммасига имтиёзни қўллаш мажбуриятини юклашни сўраб, маъмурий судга мурожаат қилиши ҳақида маслаҳат бердим. Ёшлар ўз ҳуқуқини талаб қилиб судлашиб кўрсинчи, охири нима бўларкин, кўрамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг