Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Уйғонинг, ёшуллилар!

Уйғонинг, ёшуллилар!

Фото: Dreamstime.com

Касбимиз тақозоси билан ватанимизнинг бошқа вилоят ва шаҳарларида сафарда бўламиз. Юртимизда янгиланиш ва ўзгаришлар жадал суръатларда давом этмоқда. Айниқса, фуқаролар билан ишлаш, халқ билан мулоқот қилишда раҳбарлар Президентдан андоза олаётгани таҳсинга лойиқ. Оммавий ахборот воситаларида эса туб бурилишларни кузатиш мумкин. Ҳақ сўз матбуот минбарларидан таралмоқда. Буларнинг бари халққа хизмат қилмоқда.

Минг афсуски, Хоразмда бундай янгиланишлар нафасини туйиш амримаҳол. Айрим идора ва ташкилотлар матбуот, ОАВ билан ишлашдан қочади, ҳамон мудраб ётибди.

 Ўринсиз хавотирлар

«Хоразм ёшлари» газетаси салкам 20 йилдан бери чоп этилади. Шу кунга қадар таҳририятимиз ижодий жамоаси бир қанча давлат гранти лойиҳаларини ҳаётга муваффақиятли татбиқ этди. Булар орасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, репродуктив саломатликни тарғиб қилиш, оналик ва болалик муҳофазаси каби қатор мавзуларга оид лойиҳалар бор. Уларни амалга оширишда тегишли идора ва муассаса масъуллари, мутахассислари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Лекин айрим мутасаддилар бундай лойиҳалар нафақат таҳририят, балки бутун жамият учун ҳам манфаатли эканини чуқур ҳис қилмаяпти. Жумладан, ЮНИСЕФнинг «Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазаси бўйича хизматларни такомиллаштиришни оммавий ахборот воситаларида ёритиш» мавзусидаги лойиҳамиз юзасидан вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Абдукаримова ва барча туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталарига ёзма равишда мурожаат қилдик. Буни қарангки, мурожаатимизга жавоб берилмади. Янгибозор ва Қўшкўпир туман хотин-қизлар қўмиталари раисларидан бўлак бирортасидан тўрт энлик жавоб хати ололмадик. Вилоят ҳокими ўринбосари С.Абдукаримова билан телефон орқали боғланиб, шу масалада гаплашганимизда ЮНИСЕФ хорижий ташкилот экани, хотин-қизлар қўмитаси фаолиятидаги ахборотлар чет элга тарқалиб кетиш хавфи мавжудлиги боис бизга маълумот беролмаслигини таъкидлади.

Хуллас, С.Абдукаримова ва туман хотин-қизлар қўмиталаридан ҳамкорликка ризолик ололмагач, Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоевага хат билан мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Қисқа муддат ичида қўмита раиси ўринбосари Г.Маруфова имзоси билан жавоб хати келди. Унда қуйидагилар қайд этилган эди: «Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси «Хоразм ёшлари» таҳририятининг ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларини қўллаб-қувватлайди ва миннатдорлик билдиради.

Сизнинг 2017 йил 21 сентябрдаги 57-сонли Хоразм вилояти ва туман-шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раисларининг «Хоразм ёшлари» газетаси таҳририяти мурожаатига ўз вақтида жавоб бермаганлигини баён қилиб ёзган хатингиз қўмита томонидан ўрганиб чиқилди. Мазкур мурожаат назоратга олиниб, масъул ходимлар сизнинг мурожаатингизга, айниқса, оммавий ахборот воситаларига беписандлик қилганлиги юзасидан огоҳлантирилди...».

Шундан кейин ҳам муносабат ўзгармади. 2018 йилнинг 4 мартида биз барча туман хотин-қизлар қўмиталарига эрта турмуш қуришнинг олдини олиш бўйича бажарилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот сўраб хат йўлладик. Мавзунинг нечоғлик долзарблигини ҳис қилишолмади шекилли, бирорта қўмитадан бугунгача жавоб ололмадик.

 Қонун ҳимоячиларига қонун дахлсизми?!

Хотин-қизлар қўмиталари-ку, майли, қонун устуворлигини унутишгандир (гарчи бунга мутлақо ҳақсиз бўлишса ҳам). Бироқ вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари-чи, улар ҳам қонунда белгиланган муддатда мурожаатларга жавоб беришга беэътибор қараётган бўлса, додингни кимга айтасан?!

Таҳририятимиз томонидан 2016 йил декабрь ойида вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармасига ёшлар жиноятчилиги таҳлилига тааллуқли маълумотлар сўраб хат тақдим қилган эдик. Ушбу мурожаатимиз ҳар иккала идора томонидан ҳам жавобсиз қолдирилди.

Ваҳоланки,  «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида «…Оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу қонунда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади. Оммавий ахборот воситаларига йўлланган мурожаатлардан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жамоатчилик фикрини ўрганиш ва акс эттириш учун фойдаланилиши мумкин» деб белгиланган.

Қолаверса, ОАВда эълон қилинган маълумот ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан жиноий ёки маъмурий иш қўзғатишга асос бўлиши ҳам мумкин. Лекин бугунгача вилоятдаги бирор-бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси даврий нашрларда эълон қилинган хабар ва мақола фактлари асосида жиноий ёки маъмурий иш қўзғатгани ҳақидаги маълумотга эга эмасмиз.

Мана масалан газетамизнинг 2018 йил 31 январдаги 2-сонида «Ким айбдор? Ёхуд осмондан тушган қарздорлик» ҳамда «Қоғоз билан исиниб бўлмайди» сарлавҳали танқидий мақолалар чоп қилинган эди. Ушбу мақолаларда келтирилган далиллар юзасидан текшириш ўтказишни сўраб, 1 февралда вилоят прокуратурасига хат тақдим қилдик. Орадан уч ой ўтган бўлса ҳам мурожаатларга муносабат билдирилмади. Шу йил 30 январда вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси ва адлия бошқармаси раҳбарларига «Сиздан Xоразм вилоятини жиноятчиликдан холи ҳудуд қилиш бўйича қилинаётган профилактик чора-тадбирлар борасида мақолалар бериб борилишини таъминлашингизни сўраймиз» мазмунида хат юбордик. Адлия бошқармаси мутасаддилари қисқа муддатда ёзма тарзда жавоб қайтарди. Бу ишимизга янада рағбат уйғотди. Лекин бу сафар ҳам на прокуратура, на ички ишлар бошқармасидан садо чиқди.

 Иқтидорли, фаол талабаси «йўқ» олий ўқув юртлари

Вилоятимизда Урганч давлат университети, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали фаолият кўрсатади. Бу ерда минглаб йигит-қиз таҳсил олади. Ушбу нуфузли ўқув даргоҳлари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш таҳририятимиз ижодий жамоаси учун ҳам муҳим. Илгари таҳририят остонасидан талабалар қадами узилмас эди. Кимдир таклиф, кимдир кашфиётлари ҳақида мақола кўтариб келарди. Газетада эълон қилинган мақоласи туфайли катта-катта раҳбарлар ёки ҳомийлар эътиборига тушган ёшлар қанчадан-қанча.

Ана шуларни инобатга олган ҳолда 2017 йилнинг 9 октябрида УрДУ, ТТА ва ТАТУ Урганч филиаллари раҳбарларига ҳамкорлик қилиш, газетамиз саҳифаларида олимлар ҳамда иқтидорли талабаларнинг мақолаларини бериб бориш таклифи билан чиққандик. Хатда материаллар қаерга жўнатилиши лозимлиги батафсил қайд этилган эди. Аммо ҳуқуқий маданият ва саводхонлик шаклланишининг бош ўчоғи саналган мазкур олий ўқув юртлари раҳбарияти хатга жавоб бермагач, турли гумонлар орасида қолдик: ё бу олий ўқув юртларида иқтидорли, фаол талабалар мутлақо йўқ, ё бу муассасалар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун доирасидан ташқарида.

ОАВ наздида барча давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Президент айтганидай халққа яқин муҳитда фаолият кўрсатаяпти. Аслида эса мутлақо тескариси. «Тўртинчи ҳокимият» мурожаатига ўз вақтида жавоб бермаган давлат идорасини қандай қилиб рисоладагидек ишлаяпти дейиш мумкин?! «Сийпалаб-сийпалаб» қилинаётган танқид қандай натижа беради?

«Танқид — келажак меваси» дейишади. Бизнинг мақсадимиз вилоятимизда рўй бераётган катта-кичик воқеаларни жамоатчиликка холис етказишдан иборат. Қилинаётган қанча-қанча ижобий ишлар ўз соясидан ҳам ҳадиксирайдиган айрим «раҳбарлар»нинг маълумот беришга чўчиши натижасида кўмилиб кетмаслиги керак. Хоразмнинг юзини кўрсатиш сизга боғлиқлигини унутманг, ҳурматли ёшуллилар!

Эрпўлат Бахт

Мақола «Жамият» газетасининг 2018 йил 18 май сонида эълон қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг