Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Хонтахта тарбия». Муштнинг сабаби нимада?

«Хонтахта тарбия». Муштнинг сабаби нимада?

Фото: Дилфуза Комил канали

Бугун ҳамманинг оғзи полвон: катта-катта гапириб, ҳамма муаммоларда атрофдагиларни, сиёсатни, ҳукуматни, ўлганларни, қолганларни, палончиларни, пистончиларни айблаймиз. «Одамлар ундай, одамлар бундай» деймиз (ўзимизни одам қаторига қўшмаймизми, билмадим), ҳеч шу муаммоларда ҳамма қатори ўзимизнинг ҳам айбимиз борлигини, шу муаммолар илдиз отаётган вақтда ё ҳақиқатни айтишдан қўрқиб, ёки лоқайдлигимиз туфайли бир четда писиб юрганимизни тан олгимиз келмайди. Хуллас, айбдор атрофдан қидирилади. Бундай бўлишига эса... бизни тарбиялаганлар, ота-онамиз сабабчи десам, эътирозга шошилмай туринг. Тарбияда йўл қўйиладиган хатоликлар кўп бўлади ва бу хатолар (хато деб билинмагани учун ҳам) авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтади.

Масалан, айтайлик кичкинтойингиз бехос йиқилиб, бошини хонтахтага уриб олди-да, оғриқдан дод сола бошлади. Сиз нима қиласиз? Уни юпатиш, чалғитиш учун хонтахтани айбдор қиласиз:
- Шу урдими сени? Шуми?..

Бола беихтиёр буни тасдиқлайди (шўрлик нимаям қилсин, ҳаммасини кўриб-билиб турган кап-катта одам хонтахтага туҳмат қилиб тургандан кейин!)

Тасдиқ жавобидан кейин сиз гўё хонтахтани жазолайсиз – уни пақ-пақ ура туриб, таъкидлайсиз:

- Мана сенга! Мана сенга! Яна менинг боламни урасанми, а урасанми?..

Ёки ўша тобда кичкинтойнинг акаси ё опаси ўша атрофларда бўлса, у шўрлик туҳмат объектига айланади. Унга кўзингизни қисиб қўйиб, кичкинтойдан сўрайсиз:

- Сени аканг (ёки опанг) урдими?..

Арзанда дарҳол тасдиқлайди (унга барибир, бошимни ўзим уриб олдим, демаса, яъни айбини тан олмаса бўлгани). Сиз шўринг қурғур беайб акача ёки опачани ёлғондакам уриб қўясиз:

- Ҳе ўша сени, укасини урадиган! Мана бўлмасам!.. Мана!.. Мана!..

Акасининг ёки опасининг «калтак еяётганини» кўрган арзанда кичкинтой дарҳол юпаниб, йиғидан тўхтайди.

Айни ўша дамда сиз болангизга айбдорни атрофдан қидириш ҳақида таълим бериб қўясиз.

- Болажоним, кўриб турибман, бошингни хонтахтага ўзинг уриб олдинг. Бунда ўзингдан бошқа ҳеч кимнинг айби йўқ: аканг, опанг ўз ўйини билан банд, хонтахта ҳам ўз ўрнида турибди. Сен кўзингга қараб юрмаганинг учун ҳам йиқилиб, унга бошинг билан урилдинг. Бундан кейин эҳтиёт бўлиб юр, - десангиз олам гулистон эди! Йўқ. Чунки сиз ҳам онамерос «тарбия усуллари»га риоя қиласиз.

Қисқаси, эслатмоқчиманки, онасига тантиқланиб хонтахтани айбдор қиладиган ёшдан аллақачон ўтиб, донишмандларга қулоқ соладиган ёшга етганмиз. Донишмандлардан бири Мавлоно Румий айтадиларки:

«Оқил одам еган муштининг соҳибини эмас, сабабини қидиради...»

P.S.: ҳикматдаги «оқил одам» деган жойини «кап-катта одам» деб ўқилса, янаям тушунарлироқ бўлади.

Дилфуза Комил

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг