Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хорижга чиқиш паспорти билан боғлиқ муаммо кўтарилди. Бу бўйича Бош вазирга парламент сўрови юборилади

Хорижга чиқиш паспорти билан боғлиқ муаммо кўтарилди. Бу бўйича Бош вазирга парламент сўрови юборилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юборишга оид масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

2019 йил 1 январдан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш, яъни 2 йилда бир марта бериладиган рухсатнома бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти жорий этилди.

– Бироқ, аҳоли билан мулоқотлар, жойлардаги ўрганишлар, интернетдаги ижтимоий тармоқлар ва сайтларда фуқаролар томонидан хорижга чиқиш паспортини олиш билан боғлиқ қатор муаммолар кўтарилмоқда, – деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф.Дадахўжаев. – Шу муносабат билан қўмитамиз томонидан хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Биометрик маълумотларни йиғиш қурилмаларига бўлган минимал эҳтиёж Ички ишлар вазирлиги органларида 213 та ва Ташқи ишлар вазирлиги органларида 51 та бўлгани ҳолда, 2019 йил 5 февраль ҳолатига мазкур қурилмалар ички ишлар вазирлиги органларида 34 ва Ташқи ишлар вазирлигида 1 та ўрнатилган холос.

2018 йилда 14 миллионга яқин фуқаро хорижга чиққан. Бу эса ҳар ойда мамлакатимиз бўйича 500 мингга яқин фуқарога хорижий биометрик паспорт бериш керак, деганидир.

Кўриниб турибдики, мавжуд техник имкониятлар бу талабларга мутлақо жавоб бермайди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш юборилмоқда.

Бош вазирга парламент сўровида қуйидаги талаблар қўйилган:

  • Фуқароларга хорижга чиқиш паспортини доимий ёки вақтинча рўйхатда турадиган жойларида бериш учун ички ишлар органларининг туман (шаҳар) тармоқларида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг маълумотларни йиғиш пунктларининг фаолиятини йўлга қўйилиши ва керакли жиҳозлар билан таъминланиши;
  • ваколатли органларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатда таъсис этилган дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлимларида биометрик маълумотларни йиғиш қурилмалари, шу жумладан, мобил қурилмалар билан тўлиқ таъминланиши;
  • ички ишлар органлари ва консуллик муассасаларига келиш имконияти йўқ, яъни жисмоний имконияти чекланган, ногирон ёки касаллиги туфайли бир жойда қолган ёхуд тиббий муассасаларда стационар шароитда даволанаётиб, зудлик билан чет давлатларга чиқиш зарурати туғилган фуқароларга паспорт берилишининг тартибга солиниши;
  • хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ва бериш жараёнида иштирок этаётган органлар ўртасида ишларни тўғри ва самарали ташкил этиш, тушунмовчилик ва сансалорликларнинг олдини олиш, ҳар бир идорага тегишли жараён муддатини ва масъулиятни белгилаш борасида идоралараро ҳамкорлик тўғрисида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши;
  • ички ишлар органларининг маълумотларни йиғиш пунктларида юзага келган бир-неча кунлик навбатларни бартараф этиш, фуқароларнинг норозиликлари, мансаб суиистеъмолчилиги ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарни баён қилиш талаби қўйилган.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг