Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хотин-қизлар қўмитаси бекатда тунаган аёл ҳақида изоҳ берди

Хотин-қизлар қўмитаси бекатда тунаган аёл ҳақида изоҳ берди

Фото: «Upl.uz»

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси 22 июнь куни интернет тармоқларида чоп этилган бекатда тунаган аёл ҳақидаги мақолага изоҳ берди.

Қўмитанинг «Facebook»даги саҳифасида ёзилишича, Зуҳра Матқуловани топиш ва шахсини аниқлаш, унинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан тезкор чора-тадбирлар амалга оширилган. Матқуловани топишда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари амалий ёрдам кўрсатган.

Тезкор қидирув жараёнида маълум бўлишича, мақола қаҳрамони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳудудида бемақсад юрган, ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома) ҳам бўлмаган.

Шу сабабли Зуҳра Матқулова аниқ яшаш ва машғулот турига эга бўлмаган шахслар учун ташкил этилган Реабилитация марказига жойлаштирилган.

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси

«Шу кунга қадар Зуҳра Матқулова ушбу марказга уч маротаба — 2017 йилнинг август ойида, 2017 йилнинг 22 октябрь ва 2018 йилнинг 13 июнь кунларида олиб келинган», дейилади қўмита хабарида.

Маълум қилинишича, 23 июнь куни Наманган вилояти Чуст тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Мамлакат Абдураҳимова Зуҳрани доимий яшаш жойига, ўз оиласи бағрига олиб кетиш учун Тошкент шаҳрига етиб келган. Наманган вилояти Хотин-қизлар қўмитаси, Чуст тумани ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан Зуҳра Матқулованинг оилавий шароити ўрганилиб, уни яхшилаш бўйича зарур чоралар кўрилган. Турмуш ўртоғи билан муносабатларини соғломлаштириш, бандлигини таъминлаш ишлари ташкил этилган.

Қўмита яқин кунлар Зуҳра Матқулова ҳақида янада тўлиқроқ маълумот берилишини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг