Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хулоса чиқармаган «тадбиркор»ларга чора кўриш бошланди

Хулоса чиқармаган «тадбиркор»ларга чора кўриш бошланди

Бухоро вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилаётган профилактик суҳбатларга қарамай, айрим тадбиркорлар солиқ қонунчилиги талабларини бузиб ҳамда баъзи фуқароларимизнинг ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо-сотиқ фаолиятини амалга оширмоқдалар.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Б.Файзиевнинг хабар беришича, Бухоро шаҳрининг Когон шоссеси кўчасида жойлашган бинода ҳеч қандай ҳужжатларсиз алкаголь маҳсулотлари сотиш билан шуғулланаётган фуқаро А.Камолов билан  Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари бир эмас, икки маротаба профилактик суҳбатлар ўтказиб, унга фаолиятини қонунийлаштириб қўйишини билдиришган.

Шунга қарамай, А.Камолов ноқонуний фаолиятини давом эттираверган.

Натижада, ўтказилган навбатдаги профилактик тадбири давомида ушбу фуқародан 85 турдаги 6 миллион 355 минг сўмлик алкоголь маҳсулотлари далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.

Худди шундай, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг огоҳлантиришларидан тўғри хулоса чиқармай, вилоят марказидаги «Марказий деҳқон бозори» ҳудудининг белгиланмаган жойида ҳужжатсиз савдо фаолияти билан шуғулланган фуқаро У.Султонов томонидан савдога қўйилган 2 миллион 215 минг сўмлик 3 хил турдаги чет элда ишлаб чиқарилган кийим-кечаклар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.

Ўтказилган профилактик тадбирлар давомида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жорий йил октябрь ойининг ўтган даврида солиқ қонунчилиги талабларига зид равишда даромад топишга интилаётган 50 дан ортиқ шахсларга юртимизда тадбиркорлик учун яратилган имконият ва енгилликларни тушунтириб, 30 кун ичида фаолиятларини қонунийлаштириб қўйсалар, далилий ашё сифатида олиб қўйилган товар моддий бойликларини қайтариб олишлари мумкинлиги эслатилди.

Акс ҳолда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда фаолият турлари доирасида қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаш чоралари кўрилади. 

Шундай экан тадбиркорликни йўлга қўйиб даромад топмоқчи бўлган барча фуқароларимиз давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтиб, фаолиятларини қонунийлаштириб  қўйсалар фойдадан ҳоли бўлмасди. Негаки, юртимизда тадбиркорлик учун яратилган имконият ва енгилликлардан фақатгина қонуний тадбиркорлар фойдалана оладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг