Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна Дианами деманг!

Яна Дианами деманг!

Фото: «Xabar.uz»

Диана ҳақида шунчалик кўп ёзилдики, ўқиган одам ҳам «Э, бўлди-да, энди!» деб юборадиган бўлди.

Аммо айнан Дианани кўча супуришга олиб чиққан одам, уни шу ишга буюрган одам мард бўлиб, айбини тан олиб, «Дианани трассага мен олиб чиқувдим, узр», деганида олам гулистон эди. Бунинг ўрнига фожеани хаспўшлаш бошланиб кетди. Ҳатто Диананинг ўзини, айримлар воқеа тафсилотларни баён қилган журналистни, яъни мени айблашга тушиб кетди.

Ҳурматли «каттакон»лар, яхшилаб эсланглар, 52 та йигит автобусда ёниб кетганида президентимиз Ш.Мирзиёев «Уларнинг ўлимида ўзимни айбдор ҳис қилаяпман, Наманганга борганимда уларнинг оналарига нима дейман?» деганида обрўси тушиб кетдими? Қайтанга Президентимиз мард экан, деб халқнинг ихлоси ортмадими?

Мен энди бу мавзуда ёзмайман, деган эдим. Аммо бугун Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг воқеага муносабатини ўрганиб чиқдим.

Унда мана бу нарса таъкидланган:

«Бахтсиз ҳодисанинг Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи билан боғлаб оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар ва муносабатлар билдирилаётгани нохолис талқин ҳисобланади ва ҳақиқатга мос келмайди. Шу муносабат билан, жамики оммавий медиа вакилларини ушбу ҳолатни ёритишда холисоналикка риоя қилишга, бир томонлама ёндашувдан қочишга чақирамиз».

Ҳоким ёзган жавобнинг энг қайноқ жойи мана бу:

«Ижтимоий соҳа ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқармалар томонидан ҳудудларни ободлаштириш ишларига чиқарилмаган ва бундан кейин ҳам жалб қилинмаслигига вилоят раҳбари сифатида сўз бераман».

Мен Самарқанд вилоятида яшайман ва вилоят ҳокимига бўйсунаман ҳамда унинг сўзлари ростлигига ишонаман!

Шу муносабат билан мен, Каримберди Тўрамурод, бугун «Xabar.uz» сайти орқали қуйидаги баёнотни бераман:

  1. Диана катта трассада нима қилиб юрганини вилоят ҳокими «Ушбу ҳодиса холис суриштирилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишига сўз бераман», деганидек, тегишли идора мутахассислари аниқлашади.
  2. Ўз ташаббуслари билан кўча тозалашга чиққан ўқитувчиларнинг бу жонбозликларининг ўша кунлари Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига қилган ташрифига сира ҳам алоқаси йўқ, улар олдинроқ, 14 март куни «Наврўз» байрами муносабати билан ҳашарга чиқишган.
  3. «Спутник» сайтидаги ҳамкасбларимиз томонидан таъкинланганидек, «Ҳашар – сира ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилиш эмас, балки миллатни бирлаштириб турадиган минг йиллик анъана, ҳар бир ўзбекистонликнинг фуқаролик бурчидир. Дианани тозалаш ишларига Каттақўрғон тумани ХТБ мудирининг буйруғи эмас, виждони олиб чиққан. У ўзининг фуқаролик бурчини адо этишга чиққан».
  4. Ўқитувчилар шундай яхши ташаббус кўрсатиб, «Наврўз» ҳашарига чиққан бўлсалар-да, хўжалик ишлари ходимлари билан биргаликда ўқитувчиларнинг бу ишларга жалб қилинганлиги, уларнинг раҳбарлари ўқитувчилар хавфсизлигини таъминламаганлари, ИИБга айтиб, ЙҲХ ходимлари жалб қилинмаганлиги — бошқа масала.

Ҳурматли «Xabar.uz» сайти ўқувчилари! Зинҳор Каримберди Тўрамурод ўз мақоласига раддия ёзибди, деб ўйламанглар, бу иш менинг қоидаларимга зидлигини ҳам яхши биласиз. Журналистик тадқиқотлар натижаси бўлди бу.

Диана мавзусини шу билан тугатган Каримберди Тўрамурод.

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг