Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна Каттақўрғон. Болалар боғчалари сасиган гўшт билан «сийланмоқда»

Яна Каттақўрғон. Болалар боғчалари сасиган гўшт билан «сийланмоқда»

Фото: «zarnews.uz»

Бу «Каттақўрғон ҳақиқати» газетаси мухбирлари олиб борган журналистик суриштирув давомида маълум бўлди, деб хабар бермоқда «Zarnews.uz».

Журналистлар, жумладан, Каттақўрғон туманидаги 38-сон мактабгача таълим муассасасида бўлишди.

«Муассасадаги шарт-шароитлар билан танишар эканмиз, бу ерда жуда хунук бир манзарага гувоҳ бўлдик», деб ёзади мақола муаллифлари.

Болажонларга таом тайёрлаб бериш учун келтирилган 4-5 килограмм чамасидаги гўшт музлатгичда айниб, сасиб кетган. Мазкур ҳолатдан хижолатга тушган Гулзода Рўзиева юрагидаги дардларини тўкиб солди.

— Бу гўшт маҳсулотини бир неча кун олдин таъминотчилар олиб келганида ҳам шундай ҳолатда эди, — дейди муассаса ҳамшираси Гулзода Рўзиева. — Бу ҳақда мудирамизга ҳам айтиб, бундай гўшт маҳсулотларини болалар учун тайёрланаётган овқатларга солиб бўлмаслигини тушунтирганман. Тўғрида, Худо кўрсатмасин, эртага бирон кор-ҳол бўлса бунинг учун ким жавоб беради? Бу гўшт қандай келтирилган бўлса, шундай музлатгичда турибди. Ундан бир кило ҳам ишлатишга қўймадим.

Журналистлар вазиятнинг бу даражагача келиб қолганидан таажубга тушиб, масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман Давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази мутасаддилари билан боғланади.

—  Бу масалада тумандаги бир нечта мактабгача таълим муассасаларидан мурожаатлар бўлган эди, — дейди ДСНЭМ бош шифокори Замонали Ҳалилов. — Мурожаатда айнан гўшт маҳсулотини истеъмолга яроқли ёки яроқсизлиги сўралмаган. Гўшт маҳсулотини айни пайтдаги ҳолатини аниқлаб бериш сўралган эди. Мутахассисларимиз томонидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра, гўшт маҳсулоти Самарқанд шаҳридаги таъминотчилар томонидан махсус транспортда эмас, юк автомашинасида ташиб келингани боис, сифатида ўзгаришлар юз бергани тўғрисида хулоса берилган. Кейинги жараёнлар қай даражада давом этган, бундан хабаримиз йўқ. Агар муассасадаги гўшт маҳсулоти ҳақиқатан ҳам истеъмолга яроқсиз ҳолатга келган бўлса, бу борада боғча мутасаддилари бизга хабар беришлари керак эди. Мободо, агар тарбияланувчиларга шунақа сифатсиз гўштдан таом тайёрлаб едириладиган бўлса, бунга албатта масъул раҳбарлар жавоб бериши шарт.

«Наҳотки тизимда шундай улкан ислоҳотлар бораётган бир пайтда айрим боғчаларда тарбияланаётган болалар сасиган гўшт билан сийланаётган бўлса?!», деб ёзади мақола муаллифлари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг