Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги давр Чўлпонни соғинмоқда. Нега унинг юбилейи нишонланмаяпти?

Янги давр Чўлпонни соғинмоқда. Нега унинг юбилейи нишонланмаяпти?

Фото: «Namnews.uz»

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида 1930-йиллардаги қатағонлар ҳақида роса ёзилди, гўё илмий тадқиқотлар қилинди. Аммо энди аён бўлаяптики, ўшал мудҳиш йиллар, замонлар тузук-қуруқ ўрганилмади. Фақат қобиқ-пўст хусусида гапирилди.

Мана, йиллар ўтди, фикрлар тинди, энг муҳими, мустақиллигимиз мустаҳкамланди, янги давр бошланди. Ҳар томонлама ҳурликни теранроқ ҳис қилмоқдамиз. Бу яхши-да!..

Қатағон йилларида миллатимизнинг асл фарзандлари — шоир, ёзувчи, давлат арбоблари қурбон бўлдилар (1980-йиллардаги оддий деҳқонлар каби). Кейин яна даврлар ўзгарди. Ҳукмдорлар каби тушунчалар ҳам эврилди. Бироқ маъни, ҳақиқат ўзгармасдир.

Чўлпон!..

Биз собиқ шўро даврида қатағон қилинган шоир-ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини мактаб дарсликларида (бироз қисқартирилган бўлса-да) тузуккина ўқидик-ўргандик. Улар ҳақида (қатағон қилинган давлат арбоблари хусусида ҳам) 1960 — 1970-йилларда турли-туман мақолалар, рисолалар, китоблар чиққан, яъни баҳоли қудрат (мустабид тузум имкон берганича) ўқиганмиз. Бироқ Чўлпоннинг ҳаёти, ижоди мутлақо ўрганилмаган. Шўро даврида у ҳақда гапириш ҳам мумкин эмасди. Асарларини қўйинг, кўпчилик ичида суратга тушган бўлса, ҳатто унинг юзи сиёҳ билан чаплаб ташланган. Асарлари чоп этилмаган. Ёзув машинкасида терилиб, китоб қилинган романи ва шеърларини ҳур фикрли кишилар қўлма-қўл ўқишган. Бизнинг халқ учун бу ўта ноёб ҳодиса! Уни узоқ йиллар ман қилишган. Агар мустақиллик бўлмаса, Чўлпоннинг номи тилга олинмасди ва асарлари чоп этилмасди — бу аниқ! Чунки у том маънода исёнкор, ватан озодлиги учун жон берган шоирдир (Қўқондаги мухторият воқеаларида шоирлар қарийб йўқ эди. Чўлпон иштирок этган ва шеър ўқиган. У Оренбургда татар-бошқирд давлати раисининг котиби бўлиб ишлаган). Унинг ишқий шеърларида ҳам исён, озодлик соғинчи бор. Агар шеъриятдаги кейинги ўзгаришларни ҳисобга олсак, Чўлпонсиз Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Чўлпон Эргаш, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон ва бошқаларнинг шеърияти бўлмасди. Чўлпон шеъриятда ҳам, насрда ҳам инқилоб ясаган!

Мабодо Болтиқбўйи ёки Кавказ халқларининг Чўлпони бўлганида, уни бутун дунёга кўз-кўз қилиб, афсонага айлантиришлари аниқ эди. Афсуски, биз ўзбеклар ҳамма нарсани хаспўшлашга ўрганганмиз. Биз учун ватан ва унинг озодлиги дея жон берган ҳам бир, ўз жонини авайлаб бир нави яшаган, аммо омон қолган ҳам бир! Тавба-а!

Истиқлол йилларида Чўлпоннинг мукаммал асарлар тўплами ҳам чиқмади («Академнашр» (хусусий нашриёт) юрак ютиб, тўрт томлигини нашр этди (1500 нусхада). Лекин унинг тарқалиши, сотилиши нашриёт «бўғзида» турибди). Бошқаларники эса қайта-қайта чоп қилинди. Нима, бу тақдир ҳазилими ёки ҳамон «бошқалар» ғолиблигиданми? Ҳатто 120 йиллиги ҳам нишонланмайди шекилли!

Чўлпон том маънода ватан эрки учун яшаган, курашган, жон берган зот. У шеъриятда, насрда бурилиш ясаган. Ҳатто ғанимлар уни бўлакча ўлдиришган (Чўлпончасига жон берган, мен буни «Тегирмон» номли романимда баҳоли қудрат тасвирлаганман).

Чўлпон — бетакрор шахс. У том маънода истиқлолимизнинг рамзидир! Мустақиллик бор экан, у улуғланиши шарт. Бу ўзбек йигитларини мардликка, жасоратга, чин эркакликка ундайди. Янги Президент чорлаётган эркпарастлик, қўрқмаслик шунда келади! Чўлпонни соғининг, жо-он ўзбеклар!..

Наби Жалолиддин


Таҳририятдан

Кўпчиликка маълумки, Чўлпон 1897 йилда туғилган бўлиб, бу ҳақдаги маълумотлар дарсликларда ҳам, бошқа манбаларда ҳам шундай келтирилган. Лекин фақат Ўзбекистон миллий энциклопедиясида 1898 йил дея қайд этилган.

Андижон вилоятида 2017 йили Чўлпоннинг 120 йиллик юбилейи тор доирада нишонлангандек бўлди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси эса энциклопедия маълумотига асосланиб ва ҳукумат қарорини кутиб, жорий йилда кенг доирада нишонламоқчи.

Ғалати парадокс юзага келмоқда: Андижон шаҳридаги Чўлпон ҳайкали остига «1897 – 1938» дея битилган (суратга қаранг). Хўш, савол туғилади: Чўлпон қайси йили туғилган? Шундоқ ҳам унинг туғилган санаси маълум эмас, энди йили ҳам мавҳумлигича қолмоқдами? Чўлпонга қачондир етарлича эътибор бериладими? Чўлпоннинг юбилейини қачон нишонлаймиз?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг