Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги «Пском ГЭС» «Чорвоқ ГЭС»ни ортда қолдирадими? (фоторепортаж)

Янги «Пском ГЭС» «Чорвоқ ГЭС»ни ортда қолдирадими? (фоторепортаж)

Фото: «Xabar.uz»

Албатта йўқ, аммо янги ГЭС катталиги жиҳатидан «Чорвоқ ГЭС»дан кейин Тошкент вилоятида иккинчи ўринни эгаллаши аниқ.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ бир гуруҳ журналистлар учун куни кеча Бўстонлиқ туманига пресс-тур ташкил этди ва ОАВ ходимларига янги бунёд этилаётган гидроэлектростанциядаги қурилиш жараёнлари билан танишишга имконият яратди. Пурвиқор тоғлар бағридаги янги иншоот майдонида қурилиш авжига чиққан. Вахта усулида уч сменада 3000 одам иш билан таъминланган. Қурилишда 280та техника воситалари, жумладан, 45 тонна юк ташишга мўлжалланган 40та улкан «БелАЗ»лардан фойдаланилмоқда. Бугунга кунга қадар 1800 метрлик туннелнинг 1700 метри қазиб бўлинган.

Маҳаллий кадрлар Корея, Хитой, Туркиядан келтирилган махсус техникани моҳирона бошқаришмоқда. Шунингдек, қурилиш майдонига яқин жойда мобил бетон заводи узлуксиз ишлаб турибди.

«Topalang HPD water constuctions» МЧЖ ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Омонулла Шукуровнинг маълум қилишича, туннел ичига диаметри 6,5 метр, қалинлиги 2 см. бўлган металл пўлатдан ясалган қувур ётқизилади. Ҳозирга қадар 24 км.лик йўл қурилган, айни пайтда сув чиқариш иншооти жадал бунёд этилмоқда. Сўнгра баландлиги 195 метрлик тўғон қурилади ва бу ерда 500 млн. метр куб сув йиғилади.

Энди бироз таҳлилга ўтсак, «Чорвоқ ГЭС»нинг қуввати 620,5 МВт, йиллик электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 2 млрд. кВт.соатни ташкил қилади. Янги «Пском ГЭС»нинг электр энергия имконияти эса 404 МВт, йилига 900 млн. кВт.соат электр энергия ишлаб чиқариши режалаштирилган. Пском дарёсида ушбу гидроэлектростанцияни қурилиши мамлакатимизда ёнилғи энергетик ресурсларни сақлаб қолишини таъминлайди. Оддий мисол тариқасида айтганда, йилига 250 млн. куб метр табиий газ ва 900 минг тонна кўмирни тежаш имконини беради.

Умуман олганда, Чирчиқ дарёсининг каналлари, Чирчиқ-Бўзсув сув энергетикаси қисмларида 17 турдаги ҳар-хил қувватга эга ГЭСлар мавжуд. Пском гидроэлектростанцияси эса қуввати ва катталиги жиҳатидан «Чорвоқ ГЭС»дан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Қурилиши 2017 йилнинг сентябр ойида бошланган ушбу иншоот Тошкентдан шимоли шарқда 120 км. масофада ва Чорвоқ сув омборидан 50 км. тепада жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича масъул ижрочи этиб белгиланган. Дастурга 42 та янги ГЭС қурилиши ва 32 та мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш лойиҳалари киритилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг