Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Йўл нозири билан ҳайдовчи. Улар қачон дўстлашади?

Йўл нозири билан ҳайдовчи. Улар қачон дўстлашади?

ЙҲХХ ходими ҳайдовчи хонимга байрам муносабати билан гул тутқазмоқда.

Фото: ok.ru

Йўл нозири:

– Сиз йўл ҳаракати қоидасини буздингиз!

Ҳайдовчи:

– Наҳотки бундан хурсанд бўлмасангиз?

Латифа.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ЙҲХХ (биз бу хизматни қисқа қилиб «ГАИ» дейишга одатланганмиз) ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги ихтилофлар ҳақидаги видеолавҳалар тарқалмоқда. Бир қарасанг Қашқадарёда, бир қарасанг бошқа ёқда рўй берган воқеалар. Лавҳалар юзасидан билдирилаётган фикрлар ҳам хилма-хил: кимдир ЙҲХХ ходимини айблаб, унинг устидан кулса, бошқа биров ҳайдовчини маданиятсизга чиқараяпти. Менинг назаримда эса ҳар иккала тараф ҳам «принцип»га боргандек гўё. Ҳайдовчи мижғовланмай, шартта-шартта гапириши керак эди, видеода эса эрмак қилаётгандек туюлган. ЙҲХХ ходими ҳам қонун бўйича талаб қилинаётган гувоҳномасини кўрсатса бўларди, ваҳоланки, ҳужжати уйида қолиб кетгандек тутган ўзини!

Ҳа, бугун замонавий телефон, видеорегистратор, интернет кўп жараёнларни фош этмоқда. Аслида назоратчилар билан келишмовчиликлар бўлиб туриши янгилик эмас. Уларнинг айримлари қўпол муомала қилиши ҳам бор гап. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Энг ёмони шундаки, ЙҲХХнинг баъзи ходимлари қоидани бузишингни кутиб туради. Исбот керакми, марҳамат: улар радар қурилмасидан яширинча фойдаланади, ўзлари ҳам кўп ҳолларда пистирмада туришади. Дейлик, дарахт панаси, қандайдир тўсиқлар орқасига радар қўйиб, тезлиги меъёридан оширилган автомобилларни аниқлайдилар.

Хўш, бундан мақсад нима? Йўл қоидасини бузган ҳайдовчиларни жазога тортиш, тўғрими? Энди яхшилаб ўйлаб кўрайлик, аслида мақсад қоида бузилишининг олдини олиш бўлиши керак эмасми? Шундай экан, ЙҲХХ ходимлари ҳам, радар ҳам кўчанинг кўринарли жойда туриши минг карра яхши-ку! «Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич!». Ахир катта тезликда автомобиль ҳайдаётган ҳайдовчи ЙҲХХ ходимини ва машинасини кўрса, тезликни пасайтиради-ку! Бу билан хавф-хатар бартараф этилади. Чуқурроқ мулоҳаза қилинса, муҳими шу! Қонунлар ҳам меъёрлар бузилишини эмас, балки ана шу бузилишнинг олдини олишга қаратилмоғи керак эмасми?

Мен бу билан ҳайдовчиларни оқламоқчи эмасман. Қоидабузарларни сира оқлаб бўлмайди! Улар қоидани бузаётганларини билади, кўра-била туриб шундай иш тутадиганлар бор. Чорраҳалардаги бетоқатлик, ўзаро сўкинишлар асабни бузади, холос. Асаб бузилганда эса сира автомобиль бошқариш керак эмас. Бу хунук оқибатларга олиб келиши мумкин. ЙҲХХ ходими ҳайдовчига чин маънода ёрдам бермоғи зарур. Кекса ҳайдовчилар ҳатто «Хайрият, шу «ГАИ» ходимлари бор экан, акс ҳолда йўлдаги тартиб алғов-далғов бўлиб кетарди» дейишади. Аслида ЙҲХХнинг айрим ходимлари ҳайдовчига ён босади ҳам. Дейлик, жарима миқдорини тушириш учун баённомага енгилроқ қоидабузарликни қайд этади. Кўпчилик ҳайдовчилар билан шундай бўлган.

Бу билан нима демоқчиман? Йўл нозири ҳам, ҳайдовчи ҳам савияларини анча юксалтириши зарур! Нозир автомобиль бошқараётган инсонга ёрдам беришни ўзининг асосий бурчи деб ҳисобласин. Ҳайдовчи ЙҲХХ ходимини кўрганида капалаги учиб кетмасин, аксинча, хурсанд бўлсин (охирги жумлани ёзиб, негадир кулиб юбордим). Йўл нозири бўлмаганда ҳам қоидани бузмаслиги кераклигини чин дилдан англаб етсин.

Афсуски, бундай ёндашишимизга ҳали анча бор!

Яна бир гап: ҳайдовчилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар борасида ислоҳотлар ўтказишга тўғри келади. Токи бу автомобиль эгаларига енгиллик, қулайлик туғдирсин! Масалан, хорижда, хусусан, Европада бир машинани эгасидан ташқари бошқа шахслар ҳам ҳайдаб кетавериши мумкин, розилигига кўра, албатта. Нотариус тасдиқлаган ишонч қоғози, алламбало ҳужжатлар талаб қилинмайди. Бизда эса отанинг автосини ўғил бошқариши (ёки тескариси) учун албатта ишончнома керак. Бошқармалардаги турнақатор навбатни айтмайсизми? («Турнақатор» деб чиройли сўз ишлатдим, аслида бизда битта туйнукка ҳамма ҳар томондан ёпирилиб, «арининг уяси» бўлиб кетади.) Бу тизим ҳозиргача замонавийлишмади. Йўл қоидасини бузганинг учун ҳайдовчилик гувоҳномангни олиб қўйишса, иш вақтингдан кечиб, ҳув фалон жойга бориб жарима тўлайсан, писмадон муддатдан сўнг яна фалон куни бориб, уни қайтариб олиб келасан! Кетаётган вақт билан ишлари йўқ.

Жарима майдони билан боғлиқ ташвишларни айтмайсизми! Кеча бир укамиз қўнғироқ қилиб қолди: «Машинамни эндигина устадан чиқарган эдим. Йўлда бир автомобиль лоп этиб чиқди. Машинамни тўхтатишга улгурмадим, бориб даранглатиб солдим. Нима қилай, светофор ишламаётган экан, акс ҳолда бунақа ҳодиса бўлмасди. Машинамни «штрафной стоянка»га қўйишди. Бу масала ҳал бўлгунча ўша ерда туради энди. Ҳар куни фалон пул!».

Мен бу бечорага чин дилдан ҳамдардлик билдирдим!..

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг