Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яккабоғда зотдор отлар боқиладиган замонавий мажмуа очилади

Яккабоғда зотдор отлар боқиладиган замонавий мажмуа очилади

Фото: «Xabar.uz»

Нафақат ташқи томондан ҳар қандай кишининг кўзини қувнатадиган, балки энг замонавий талаблар асосида жиҳозланган ушбу мажмуа эртага, 19 май куни тантанали равишда очилиши режалаштирилган.

Воҳамизда янгидан қад ростлаган «Қорабайир отчилик мажмуаси» унитар корхонасига қарашли зотдор отларни парваришлаш ва от спорти билан боғлиқ турли мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган йирик мажмуа ўтган йилнинг 23-24-февраль кунлари Президентимиз вилоятимизга қилган ташрифи давомида билдирган таклифлари асосида, «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ ташаббускорлигида Яккабоғ тумани Бешқўтон қишлоғида йирик замонавий мажмуа қуриб битказилди.

Фото: «Xabar.uz»

Таъкидлаб ўтиш жоиз, азал-азалдан юртимизда от чоптириш, улоқ-кўпкари каби мусобақалар халқ орасида кенг оммалашган. Жисмоний куч, эпчиллик билан биргаликда ҳалоллик, мардлик, довюраклик каби жиҳатларга асосланган бу ўйинлар ёшларни ана шу фазилатлар асосида тарбиялаш, саломатликни мустаҳкамлаш воситаси бўлиб хизмат қилган. Бир сўз билан айтганда, халқимиз отчилик ва от спорти борасида жуда катта тажрибага эга. Бироқ бу ишлар халқаро даражада ташкил этилмагани ҳам бор гап. Чунки шу вақтга қадар зотдор отларни парваришлаш, от спортини ривожлантириш борасидаги ишлар яхлит тизимга солинмаган эди.

— Мажмуа 10,24 гектар майдонни ўз ичига олади, — дейди «Қорабайир отчилик мажмуаси» унитар корхонаси тармоқ бошлиғи Даврон Мусаев. — Бу ерда от спорти мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган битта очиқ ва битта ёпиқ манеж барпо этилди. Бу эса қиш ва ёз фаслларида ҳам мусобақалар ўтказиш, машғулотлар олиб бориш имконини беради. Шунингдек, мажмуа ҳудудида ҳар бирига 50 тадан от сиғадиган 4 та отхона қурилди. Бу отхоналарда 100 бош спорт отлари алоҳида парваришланса, яна 100 бош 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган отлар доимий равишда боқилиб, келгуси спорт мусобақаларига тайёрлаб борилади.

Хуллас, 44 миллиард маблағ эвазига барпо этилган мазкур мажмуада зотдор қорабайир отлари тўлиқ замонавий усулда парваришланади. Шунингдек, бу ерда мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалар ўтказила бошланади.

Аҳрор Содиқов
«Xabar.uz» учун махсус

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг