Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кирилл ёзувига қайтиш учун етти сабаб

Кирилл ёзувига қайтиш учун етти сабаб

Лотин ёзувига асосланган алифбо

Фото: «xushnudbek.uz»

Биз учун қайси алифбо маъқуллиги тўғрисидаги баҳслар узоқ вақтдан буён давом этмоқда. Лекин баҳслашаётган тарафлар ҳали бир фикрга келиши қийинга ўхшайди. Эътироф этиш керак, ҳозирда лотин алифбоси тарафдорларининг қўли сал баланд келяпти. Чунки уларнинг бу алифбони қўллашга арзирли дастаклари бор – бу борада махсус қонун қабул қилинган! Албатта, у қонун – қонунни эса ҳурмат қилиш керак. Аммо... Дўппини ечиб бир ўйлаб кўрайлик – ишламаётган қонунга ҳадеб суянаверишимиз қанчалик асосли? Қолаверса, мутлақ ҳаммага тааллуқли бу қонун умумхалқ референдуми орқали эмас, бир гуруҳ мутахассисларнинг ташаббусига кўра қабул қилинган бўлса. Хато ёки камчилик унутишга ҳаракат қилинмайди, тузатилади. Оддий мисол – 11 йиллик мажбурий таълимга қайтиш имкониятини халқимиз қанчалик хурсандчилик билан кутиб олди.

Кирилл алифбосига қайтиш таклифини қандай мулоҳазаларга кўра таклиф этаётганимизни бирма-бир санаб ўтсак:

1. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар тотувликда яшаб келмоқда ҳамда уларнинг ҳар бири Ўзбекистонни ўз ватани деб билади. Уларнинг аксарияти кирилл алифбосидан фойдаланади.

2. Дунё адабиётининг энг нодир асарлари рус тилига мукаммал таржима қилинган. Бу асарларнинг барчасини интернетдан олиб ўқиш имконияти бор. Бунинг учун кирилл алифбоси тош босишини тан олишимиз керак. Қолаверса, бу алифбодаги жуда катта илмий-адабий меросимиз ҳам борки, уларни кераксиз матоҳга ёки оддий экспонатга айлантириб қўйиш калтабинлик бўларди.

3. Кирилл алифбосини ва рус тилини яхши ўзлаштирсак камида 15 та давлатда бемалол кезишимиз, ишимизни битиришимиз мумкин. Яқин йилларда биз атрофимиздаги давлатлар билан савдо-сотиқ ва бориб келишни енгиллаштираётганимизни ҳисобга олсак, улар билан муомалада кирилл алифбоси қулайлиги аниқ. Шу ўринда бир жиҳатга тўхталиб ўтсак: лотин алифбосини қўллаётганлар бу алифбо орқали чет тилларни – хусусан инглиз тилини ўрганиш осонлашади, инглиз тили эса дунё тили, деган фикрни илгари сурадилар. Жўяли гап. Аммо жудаям кучли аргумент эмас. Аввало лотиннинг инглиз алифбосидан фарқли жиҳатлари бисёр, қолаверса, тил ўрганувчи учун энг муҳим масала сўз бойлигини ошириш ва тилнинг грамматикасини ўрганиш ҳисобланади – ҳарфларнинг шакли эмас.

4. Яширишнинг ҳожати йўқ, юртимиздаги демографик портлаш натижасида ортиқча ишчи кучи пайдо бўлди (иттифоқ парчаланганидан кейин аҳолиси энг юқори суръатларда ўсган давлат Ўзбекистон ҳисобланади). Ҳудудимиз қўшниларимиз орасида аҳолимизга нисбатан кичик. Ҳозирда миллионлаб ҳамюртларимиз Россия ва бошқа юртларда ишлаб келмоқдалар ҳамда улар жўнатаётган маблағларнинг иқтисодиётимиздаги ўрни салмоқли. Ўзаро савдода ва бошқа кўплаб соҳаларда энг катта ҳамкоримиз Россия эканлигини ҳисобга олсак, кирилл алифбосидан воз кечмаслик зарурлиги яна бир бор ойдинлашади.

5. Замон шиддат билан одимламоқда. Атрофимиздаги барча жиҳоз, роботлар ва юксак технологияларга эътибор қаратинг. Уларнинг барчаси компютерлаштирилган. Бу технологияларни ишлаб чиқарувчи компаниялар эса ўз ускунлари учун дастурлар ва йўриқномаларни энг кенг тарқалган олти тилда ёзадилар. Бу тиллардан бизнинг халқимиз учун энг тушунарлиси рус тилидир. Шу ўринда яна бир мулоҳаза – рус тилини мустамлакачилар тили дея баҳолашдан воз кечишимиз керак. Ўтган ишлар ўтди, тарихни энди ўзгартира олмаймиз, аммо хатоларни қайтармаслик билан бирга, ютуқларни ҳам йўққа чиқармаслигимиз лозим. Бу борада энди мустақил бўлган кезларимиз жуда илғор эдик. Республикани жумҳуриятга, факултетни куллиётга, самолётни тайёрага айлантиргандик. Кейинчалик секин ўйлаб кўрдик ва камчиликларимизни тузатиб олдик. Лотин алифбосига ўтиш ҳам ўша даврдаги ташаббуслардан бири дейишга асослар бор.

6. Барча корхона, идора, муассасаларнинг иш юритиши кирилл алифбосида эканлиги, алифбонинг асосий ташувчиси бўлган марказий нашрлар, умуман ОАВ асосан кирилл алифбосидан фойдаланётгани, қонун ҳужжатлари кирилл алифбосида ўзбек ва рус тилларида баравар юритилаётгани танловимиз қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб турибди.

7. Биз кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтганимизда аҳолимизнинг катта ёшли қисми янги алифбо бўйича деярли саводсиз бўлиб қолгани, ўрганишга интилганлари ҳам жуда қийналаётганларини тан олишимиз керак. Ҳозирда кирилл алифбосига қайтсак, ёшларнинг шундай қийинчиликка дуч келиши хавфи деярли йўқ. Сабаби ёшларимизнинг ҳар бирининг қўлида замонавий қурилмалар бор. Телефон, планшет ва ноутбуклардан фойдаланётган ёшларимиз кирилл алифбосидан ҳеч бир муаммосиз фойдаланиб кетаверадилар.

Мақола якунида яна бир мулоҳазани ўртага ташласак: “Қайси алифбо маъқул?” – деган мунозара кетганда албатта ҳар икки алифбонинг усталари бўлган тил бўйича мутахассислар, соҳанинг қайсидир амалдори чиқиб фикр билдиради ва уларнинг аксарияти лотин алифбосини қўллайди. Агар тадбиркор ёки халқаро бизнесмен, банкир, ҳозирда катта зарурат сезилаётган юксак технологиялар мутахассиси, меҳнат мигранти ёки тиббий адабиётдан мунтазам фойдаланиб бориши шарт бўлган шифокор каби касб эгаларидан бу борадаги фикрларини сўрасак, мутлақо бошқача манзарага дуч келамиз. Ана шунда қайси алифбо маъқуллиги бўйича узил-кесил қарорга келиш мумкин.

Олимжон Зоҳидов

* Муаллиф нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини англатмайди. Бу мавзуда асосли фикр мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг