Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳурматини билмаган Робби Уилямс Англияда бўлса ҳам, Ўзбекистондан узр сўрасин!

Ҳурматини билмаган Робби Уилямс Англияда бўлса ҳам, Ўзбекистондан узр сўрасин!

Фото: «Myday.uz»

Яқинда ижтимоий тармоқ саҳифаларида бир хабар тарқалди: нима эмиш, илк бора Тошкентда концерт берган британиялик хонанда Робби Уилямс мухлисларга қарата ахлоқсиз хатти-ҳаракатни амалга оширибди. Бир зумда турли сайтларда хонанданинг ушбу қилиғига муносабатлар пайдо бўла бошлади: кимдир ҳиссиётга берилган ҳолда қўшиқчини «тарбиясиз, муттаҳам» деб атади, баъзилар «ажаб бўпти» қабилида муносабат билдиришди. «Уилямс Ғарбда ҳам ўзининг ахлоқсиз ҳаракатлари билан танилган, ундан буни кутиш аниқ эди», деганлар ҳам бўлди.

Ўзим ҳам хорижий тилларни ўрганиш учун чет эл санъаткорларининг куй-қўшиқларини тинглаб тураман. Аммо бир фактга эътибор беринг: рўйи заминда Робби Уилямс деган инсон борлиги, у хонанда эканлигини айнан мана шу хабардан сўнг билдим. Бир мен эмас, минглаб, миллионлаб ўзбекистонликлар…

Демак, Робби шунчаки мухлисларини «ҳурмат қилгани» ва тарбиясизлиги учун эмас, ғайриоддий қилиғи ортидан янада шов-шув кўтариш, танилиш учун бу ишни қилди, дейиш мумкин. Чунки ҳақиқий санъаткор биринчи навбатда ижоди мухлис учунлигини англаб етган бўлади. Менга қолса, Робби Уилямс санъаткор эмас. У провокатор, холос. Биз энди йиллар давомида бу шоввознинг «қаҳрамонлиги»ни «эътироф этамиз», эслаб юрамиз. Британия Ўзбекистондан минглаб километр олисда бўлса ҳам, ўзбек ёшлари Уилямсни унутмайди, у билан боғлиқ янгиликка «анави «Истиқлол» саройида «ҳунар кўрсатган» қўшиқчи-ку» деб эслашади…

Робби Уилямс ёшлигидаёқ оиласи барбод бўлган, болакай онаси билан яшаган. Рақамларни далил сифатида оладиган бўлсак, у салмоқли ютуқларга ҳам эришган: бутун дунё бўйлаб 89 миллион нусхада албоми чиқарилган, бутун Жанубий Америка минтақасида энг машҳур қўшиқчи ҳам айнан у. Хонанданинг гиёҳвандиги, ичкиликбозлиги ҳатто бесоқолбозлигига оид хабарлар ҳам анча урчиб кетган, лекин улар тасдиқланмаган. Хуллас, Уилямс одоб-тавозедан кўра машҳурлик ва маишатнинг кетидан қувганлигини тахмин қилиш мумкин. Мухлислар олдида аввалдан кўплаб «ҳунарлар» кўрсатган, Тошкентдагиси янгилик эмас. Қўшиқчи улғайган, нафас олган муҳит мутлақо бошқача…

Аммо…энди танганинг иккинчи томонига эътибор берайлик.

Хўш, Уилямсга ўзбек саҳнасида, мусулмон цивилизациянинг муборак манзиллари жойлашган мамлакатда номақбул хатти-ҳаракат қилиш учун ким ҳуқуқ берди? «Санъаткор» Тошкентга отланар экан, уни юртимизга таклиф этган биздан кўра ақллилар нега унга Ўзбекистон ҳақида, бизнинг менталитет ва яшаш тарзимиз ҳақида икки оғиз айтмадилар? У қандай жаҳон юлдузики, ўзи ташриф буюрган давлат ҳақида озгина бўлса-да билишни истамаса?!  Бу «Уилямс биз ҳақимизда билмайди» деганлар учун. Агар у атайлаб бу қилиқни қилган бўлса, бу очиқ ҳурматсизлик. Тасаввур қилинг, унга тўланган гонорарга бир нечта завод қад кўтариши мумкин эди, оддий аҳоли иш билан таъминланарди. Ёхуд қайсидир соҳага жуда катта маблағ ёрдам сифатида ажратиларди.

Америкалик қўшиқчи Бритни Спирс 2005 йили Хитойда концерт бермоқчи бўлганида бу хитойликларнинг қаттиқ норозилига сабаб бўлган эди. Чунки Спирс клипларида яланғочликни, беҳаёликни очиқ илгари суради. Ўзининг «оламшумул ишлари» билан дунёга танилган.

Ўтган йили эса аргентиналиклар Жастин Биберни қабул қилишмади. Бибернинг бир номақбул ҳаракати шу қарорга сабаб бўлди. Нега энди биз «чет элдан қўшиқчи келди» деса, фалон суммада билет сотиб олиб, залда уни бошимизга кўтарамиз?! «Чет эллик хўрозқанд» Робби Уилямс аллақачон ортига қайтди, аммо на матбуот, на телевидение бунга муносабат билдирди. Бу кетишда маҳаллий вакилларимиздан биронтаси, «шоу-бизнес» аталмиш маконда даврон сураётганлар шунга ўхшаш ҳаракатларни такрорламайди деб ким кафолат бера олади?!

Эътибор беринг, оддий ўқитувчи умри давомида юзлаб ўқувчиларни халқ тилида айтганда «йўлга солади», аллақандай қоғоз-ҳужжатларга кўмилиб кетади, асаб хасталиги орттириб нафақага чиқади, даромади ҳам шунга яраша, машҳурлик ҳақида гапириш эса ортиқча. Аммо шоу-бизнесдаги такасалтангларни бутун юрт танийди, бир жойга ташриф буюрса эркалаб, бошига кўтаради. Очиқ адолатсизлик эмасми бу?! Бунга ўзимиз, мухлис омили айбдор деб очиқ айта оламан. Мен учун юзта шоу-бизнесчидан кўра битта муаллимнинг рутбаси улуғ.

Робби Уилямс масаласига келсак, Британиядан туриб бўлса ҳам ўзбекистонликлардан кечирим сўрасин. Бу менинг эмас, бутун халқнинг талаби. Чунки бу ер Ўзбекистон, бизнинг тупроққа қадам қўйган, сувимизни ичган бизни ҳурмат қилишни ҳам билиши ҳам лозим. Мухлислар концертга хонанданинг кетини эмас, ҳақиқий санъатини кўргани боради!..

Улуғбек Орипов,

журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг