Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қутби Замон силсиласи: у валий ҳам эди

Қутби Замон силсиласи: у валий ҳам эди

Фото: «khalilicollections.org»

Нақшбандия тариқати дунёда кенг тарқалган энг халқчил ва инсонпарвар сулук ҳисобланади. Бу фикрни жуда кўплаб улуғларимиз эътироф этишган. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ва Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари асос солган мазкур тариқат, тўғрироғи, унинг шайхлари одамларнинг маънавий-руҳий камолотида катта ўрин тутишган. Ҳатто буюк ҳукмдорлар ҳам уларга ихлос ва  иқтидо қилишиб, ҳимматларидан файз олишган. Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва вазири аъзам Алишер Навоий ҳам ана ўшал зотлар жумласидандир.

Ислом ақидасига кўра, авлиёлар пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ворислари ҳисобланадилар. Улуғ пайғамбарларга Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳийлар, яъни маълум хабарлар келиб турган. (Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечаси Аллоҳ таолонинг жамолини парда ортидан кўришга ҳам мушарраф бўлган.) Авлиёларда эса ибодат ва зикрнинг зиёдалиги боис гоҳ-гоҳида илоҳий файз, илҳом намоён бўлган. Бунинг натижасида улар айрим воқеа-ҳодиса ёки тақдирларга оид башоратлар қилишиб, каромат соҳибига айланишган. (Баъзи авлиёлар мўъжиза кўрсатишга ҳам қодир бўлишади, дейишади. Бу хато фикр. Мўъжиза қурби фақат пайғамбарларга берилган.)

Хўш, валийларнинг каромат ва башоратлари қандай ҳосил бўлади? Кўп ибодат қилиш, зикрдаги баракот ва мунтазамлик туфайли тариқатдаги кишининг нафақат тани, руҳи ҳам тозаланиб, кўнгил ойнаси тиниқлашиб боради, натижада маълум нарсаларни акслантиради. Инсон покланиб, Аллоҳга яқинлашгани сари унга муаккил-фаришталарнинг сони ҳам ортаверади. Яратувчининг қудрати ва изни билан ана ўша муаккиллар (нокис одамларга жинларнинг таъсири ҳам бор) маълум вақтларда тариқат соликлари дилига гўзал муждалар, ишоратли башоратлар солиб турадилар. Башорат ва кароматлар асосан раҳмоний тушларда аён бўлади. (Раҳмоний туш пайғамбарликнинг 46 дан бир жузидур, деган гаплар ҳам бор.)

Пок руҳ ва қалб соҳиби бўлган валий зот тушида истиқболдаги нарсаларни кўра олади. Ёки атрофидаги нарсаларнинг, воқеаларнинг ҳикматини уқиб ҳам башоратли фикрлар айтади. Бундан ташқари, валийлар кишининг шуурига таъсир этиб, фикру ўйини ўқиш орқали ҳам каромат қилишган. Хуллас, бундан ортиғини гапириш ёки даъво қилиш шаккокликка етаклайди. Нақшбанд ҳазратларининг «Бизнинг тариқатимиз каромат кўрсатиш эмас», деган гапларини ҳам асло унутмаслик лозим.

Нақшбандия тариқатида сарвари коинот Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланувчи қатъий асосли силсила мавжуд. Унда энг улуғ шайхларнинг номлари зикр этилган. Бир нечалари Қутби Замон (жаҳондаги икки авлиёдан бири), дея таърифланган. Бул пири комиллар одамларни даволай ҳам олганлар. Баъзилари бировдаги энг оғир касалликларни ўз танасига тортиб олиб, сўнг дуолар ила чиқариб ташлаш қурбига эга бўлганлар. Жумладан, Нақшбанд ҳазратлари ҳам бу ишга қодир эди.

Ана, энди муддаога етдик: Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ, аммо сийратан дарвеш эди. У Нақшбандия пирига қўл берган, яъни байъат қилган. Бундан ташқари, улуғ шайх Хожа Аҳрори Валий руҳониятидан ҳам тарбият олиб, маънавий ҳимматига мушарраф бўлган. Улуғ пир шоирнинг тушларида кўп ишоратлар бергани тарихдан аён. Баъзи жангларнинг натижаси, келаётган ўлим хавфи ва бошқалар Хожа Аҳрори Валий руҳонияти ҳимматидан тушларида ойдинлашган. Бу шоҳ ва шоир умрининг иккинчи қисмида ибодат ҳамда зикрда зиёдаликка эришганидан, илоҳий мушоҳада соҳибилигидан далолат беради. Бу борада авлиёлик кўпинча баъзи инсонларнинг қонида, руҳида азалдан бўлишини ҳам унутмаслик керак. Фақат у кўп ибодат қилиш ва Аллоҳ ёди ила ривож топади.

Бобур Мирзонинг суюкли фарзанди Ҳумоюн Мирзо оғир хаста бўлиб, жонига ўлим хавф солади. Шўрлик ота қаттиқ изтиробда қолади. Ниҳоят қатъий жаҳд ила ўғли учун ўз жонини бахшида қилмоқчи бўлади. Маълум тайёргарликдан сўнг қалбдаги илоҳий жазба ва фидолик ила дуолар ўқиб, Аллоҳ таолодан Ҳумоюннинг соғайишини тавалло қилади.  Чиндан ҳам фарзанди соғайиб кетади, аммо Бобур Мирзонинг ўзи хасталанади. Шу дард ила рихлати боқий бўлади.

Бундан кўринадики, Бобур тариқатда маълум мақомга эришган, қалб кўзи хосиятли, руҳида илоҳий ишқ ва файз, илҳом жўш урган жазбали зот бўлган. У фарзандининг дардини Аллоҳга ёвуқлашиш ила ўз танига олгану қайтариб чиқариб ташлашга қурби етмаган. Яъни руҳий мақоми ожизлик қилган.

Ҳа, Бобур Мирзо авлиё зот эди. Буни юқоридаги воқеа, қолаверса, раҳмоний тушлари, «Бобурнома»даги айрим фикрлари, тасаввуфий шеърларидаги тагдор маънолар ҳам очиқ-ойдин исботлайди. Биз эса бу масалани чуқурроқ ўрганишга бурчлимиз.

Наби Жалолиддин

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг