Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шоир ва ёзувчилардан кимлар ижтимоий тармоқларда фаол?

Шоир ва ёзувчилардан кимлар ижтимоий тармоқларда фаол?

Фотоколлаж. Ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари.

Фото: «Xabar.uz»

Кўплаб зиёлилар қатори юртимиз ёзувчи ва шиорларининг аксарият қисми «Фейсбук» тармоғида ўз профилини очган. Ижтимоий тармоқда улар ўз ижод намуналарини тақдим этиш, мухлислар фикрини билиш, бошқа ижодкорлар янгиликларидан хабардор бўлиш имкониятига эга бўладилар. Фейсбукдаги энг машҳур ва фаол ижодкорлар билан танишинг:

Хуршид Даврон. Ўзбекистон халқ шоири ўз сайт-кутубхонасининг ҳаволаларини улашади, янги ёш ижодкорларни кашф этади, адабий-ижодий қарашларини баён қилади, очиқ-танқидий хатлар ёзади, янгилик ва суратлар тақдим этади. Шоирнинг барча постлари омма эътиборига тушади ва юзлаб изоҳлар ёзилади. Дўстлари сони 5000 нафар.

Муҳаммад Исмоил. Фаол ижодкорлардан бўлиб, доим ижодий лаҳзаларни акс эттирган матн, сурат ва видеолар, учрашув, тақдимот ва тадбирлардан тезкор постлар улашиб боради. Постларига кўплаб лайк босилади. Дўстлари сони 4996 нафар. «Фейсбук»да оирнинг бундан бошқа яна 3 та профилини учратдик, уларни ўзи очганми ёки мухлисларими, буниси бизга қоронғи.

Карим Баҳриев. Халқимизнинг севимли шоирларидан бири ўз лентасида кўпроқ мулоҳазали ҳаволалар ва видеолар улашади, сара шеърларини бериб боради. Дўстлари сони 4953 нафар. 

Анвар Обиджон. Ўзбекистон халқ шоирининг розилигига кўра ушбу профил бошқа админ томонидан юритилади. Унда шоирнинг шеърлари, ижодий янгиликлари меъёрий равишда бериб борилади. Анвар Обиджон билан боғланиш мақсадида хабар ёзганларга вақтида жавоб қайтарилади. Дўстлари сони 4800 нафардан ошиқ.

Иқбол Мирзо. Тармоқда фаол шоирлардан, асосан тадбир ва учрашувлар ҳақда матн ва суратли хабарлар, китоблар тақдимоти, сара шеърларини тез тез жойлаштириб боради. Вақти зиқ бўлгани боис барча хабарларга жавоб ёзмаслиги мумкин. Дўстлари сони 4388 нафар.

Омон Матжон. Ўзбекистон халқ шоири юртимизда бўлаётган ижодий ўзгаришларга бўлган муносабатини, бошқа ижод аҳлининг шеърларини баъзан бериб боради. Дўстлари сони 4728 нафар.

Фарида Афрўз. Шоиранинг лентасида кўпроқ дўстлари томонидан тег қилинган постларни учратиш мумкин. Баъзан шеърлари ва суратларини тақдим этади. Дўстлари сони 4713 нафар.

Улуғбек Ҳамдам. Тармоқда фаол ижодкорлардан бири, доим ижодий янгиликларини баҳам кўради, постларига кўплаб изоҳлар ёзилади. Хабарларга хурмат билан жавоб қайтаради. Дўстлари сони 4646 нафар.

Исажон Султон. Фейсбукдаги илғор ёзувчилардан бири. Барча ижодий янгиликларини, чиққан китобларини, эришган ютуқларини, ҳикоя ҳаволаларини мухлислари билан доим баҳам кўради. Хабарларга жавоб қайтаради, ёшлар ижодини кузатиб боради. Суратга тушиш ва жойлаштиришга унчалик ҳуши йўқ. Дўстлари сони 4582 нафар.

Азим Суюн. Адабиёт дарғаларидан бўлмиш шоир профилини ўз бошқаради. Барча хабарларга ўз вақтида, хурмат ва эътибор билан жавоб қайтаради. Асосан шеърлар, ижодига тегишли видео ва расмлар, китоблар тақдимотига оид хабарларни тез-тез жойлаштириб туради. Дўстлари сони 3914 нафар.

Зулфия Мўминова. Шоира тармоқда фаол, тез-тез ўзи иштирокидаги тадбирлардан фоторепортажлар тақдим этади. Хабарларга чиройли тарзда жавоб қайтаради. Китоб тақдимотларини ёритиб боради. Дўстлари сони 2352 нафар.

Луқмон Бўрихон. Тармоқни кузатиб борсада, ёзувчи ўзи деярли пост ёзмайди. Хабарларга жавоб қайтаради. Уни кўпроқ тег қилишади. Дўстлари сони 2170 нафар.

Анвар Намозов. Ёзувчи, ношир, муҳаррир, журналист, сценарийнавис, ҳажвчи, драматург сифатида танилган Анвар Намозов «Фейсбук»нинг фаол фойдаланувичларидан бири. Дўстлари сони 1952 нафар. Шунингдек, у«Фейсбук»даги «Машҳурлар ҳаёти», «Энг кулгили расмлар» ва «Кино дунёси» каби гуруҳларнинг муаллифи ҳамдир.

Энахон Сиддиқова. Ўзбекистон халқ шоири тармоқда онда сонда ўз ижодига мансуб шеърларни бериб боради. Шунингдек, водийдаги ижодий учрашувлар ҳақда ҳам хабар қилади. Дўстлари сони 900 нафардан ошиқ.

Наби Жалолиддин. Шоир, журналист ва ёзувчи «Фейсбук»да ҳар ойда 2-4 тадан адабиёт ва ўз ижодига оид матнлар киритиб боради. Ўз китоблари сотиладиган сайт ҳаволаларини ҳам тақдим этади. Фотосуратлари етарлича. Хабарларга жавоб вақтида берилади. Дўстлари сони 500дан ошиқ.

Хосият Рустамова. Шоира асосан ўзи ишлайдиган «Китоб дунёси» газетасининг ҳаволаларини улашиб боради. Шеърлар ҳам тақдим этади. Саволларга жавоб қайтаради. Дўстлари сони 420та.

Абдулла Шер. Шоир ва таржимон ўз профилида шеърлар, таржималар, адабий қарашларини баён этиб боради. Дўстлари сони 527 нафар.

Маҳмуд Тоир. Ижтимоий тармоқда фаол эмас, дўстлари сони 250 нафар.

Жамила Эргашева. Адиба тармоқда унчалик фаол эмас, аммо хабарларга жавоб қайтаради. Дўстлари сони 200 нафардан ошиқ.

Абдуқаюм Йўлдошев. Ёзувчи ҳар куни тармоқдаги янгиликларни кузатади. Лекин пост ёзмайди. Сурат ҳам жойлаштирмайди. Хабарларга эътибор билан жавоб қайтаради. Дўстлари сони 101 нафар.

Ушбу рўйҳатдан ташқари «Фейсбук»да яна кўплаб ижод аҳлининг профили мавжуд. Айниқса, ёш ижодкорлар сони юздан ошади. Ҳозирги кунда ўз ижодини ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилиш оммалашмоқда.


P/S: Ҳисоб-китоблар 2018 йил 4 январ ҳолатига.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг