Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Заррабин: Болалар учун қандай янги йил томошалари намойиш қилинмоқда?

Заррабин: Болалар учун қандай янги йил томошалари намойиш қилинмоқда?

Фото: «Xabar.uz»

Янги йил негадир йилнинг энг мўъжизали байрами бўлиб туюлади. Киши болалигини, ундаги эртакларни соғинади. Инсонлар яхши ниятда бир-бирларига совға-салом улашишади. Дунёнинг барча жойларида эртак қаҳрамонлари иштирокида янги йил томошалари ташкил қилинади.

Станиславскийдан «Болалар учун қўйиладиган томошалар қандай бўлиши керак?» деб сўрашганида, «Катталар томошасидан ҳам яхшироқ. Чунки болаларни алдаб бўлмайди»,— деган экан. 

Мўъжизага ишонган бола улғайгач, ўзи ҳам, албатта, хаёлот мевасини ҳаётга татбиқ этишга, эртак қаҳрамонлари сингари яхшиликнинг амалга ошиши учун курашишга, жасоратли бўлишга, ёвузлик устидан ғалаба қозонишга интилади. Хўш, пойтахтимиз томошагоҳларида болажонларимиз учун қандай томошалар кўрсатилмоқда. Катталарнинг нигоҳини болаларча нигоҳ билан алмаштириб, заррабин орқали эртак томошаларини кузатдик.

Нигора Умарова

Туркистон саройида 2018 йилнинг 3, 4, 5, 6 январ кунлари соат 11:00, 15:30да «Томоша» болалар театр студияси «Мўъжизалар бор экан» эртагини намойиш қилади. «Диван-тур»да сайёҳатга чиққан болалар — Асал, Ширин ва Темур Оташ маскани, Таомлар салтанати, Тошлар салтанати, Соатлар салтанатига сайёҳат қилишади. Йўлда уларга Қарға хола, Тош одам, Патир амаки, Қаймоқ хола, Супер-одам, Лего, Киндер-сюрприз, Смайликхон-у, Дюрассел, Интернетбек-у, Флешкавойлар учрайди. Болажонлар сохта Қорбобога ишониб тошга айланишганида ҳақиқий Қорбобо уларни ёвуз сеҳргар — Тош одам сеҳридан қутқаради. Фото: «Xabar.uz»

Алишер Навоий номидаги опера ва балет катта театрида Эрнст Теодор Вилгелм Гофманнинг «Қарсилдоқ ва сичқонлар подшоси» асари асосида Пётр Чайковский мусиқаси билан саҳналаштирилган «Қарсилдоқнинг қайтиши» балети болажонларга Янги йил совғаси сифатида тақдим қилинмоқда. Спектаклдаги воқеалар катталар нигоҳида файласуфона ва серқиррадек туюлса, болалар нигоҳида у ёрқин ва ўта сеҳрлидир. Болажонлар учун мўлжалланган «Қарсилдоқнинг қайтиши» спектакли 2018 йилнинг 2 январидан 14 январгача бўлиб, томоша соат 10:00, 12:00, 14:00, 16:00да бошланади. Фото: «Xabar.uz»

Рус Академик драма театрининг болажонларга тақдим этаётган совғаси «Ғаройиб эртак ёки Синдбоднинг саргузаштлари» деб номланиб, болалар мюзикли сифатида шарқ эртаклари асосида яратилган бу томошада сафарга чиққан жасур денгизчи Синдбод йўлда қароқчиларга дуч келади, улар билан курашади, Майкл Жексон зомбиси исканжасидан одамларни қутқаради. Янги йил мюзикли 2 январдан 10 январгача ҳар куни, соат 11:00, 13:00, 15:00ларда бўлиб ўтади. Фото: «Xabar.uz»

Ўзбек Ёш томошабинлар театрининг болажонлар учун намойиш қилаётган Янги йил томошаси ҳам шарқ эртаклари асосида тайёрланиб, «Алоуддиннинг сеҳрли чироғи» деб номланади. Алоуддин ва мағриблик ёвуз сеҳргар ўртасидаги яхшилик ҳамда ёмонлик ўртасида гикураш 3D-форматдаги ёрқин чироқлар, ранг-баранг рақслар билан болажонлар эътиборига ҳавола қилинган. Томоша 2018 йилнинг 2 январидан 14 январигача бўлиб ўтади. Бошланиш вақти: 10:00, 12:00, 14:00, 16:00. Фото: «Xabar.uz»

2018 йилнинг 8, 9 ва 10 январ кунлари пойтахтнинг «Истиқлол» санъат саройида катта янги йил томошаси — Андерсеннинг энг машҳур эртаги асосида саҳналаштирилган «Қор маликаси» оилавий мюзикли намойиш этилади. Томошалар соат 11.00, 13.30, 16.00ларда бўлиб ўтади. Эртак сюжети ўзгармас. У муҳаббат, дўстлик ва эзгулик кучи ҳақида ҳикоя қилади. Мюзиклда мумтоз мусиқа оҳанглари замонавий мусиқа оҳанглари билан уйғунлашган. Ёрқин либослар, чиройли манзаралар, жозибали мусиқа — буларнинг барчаси нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам эртакона дунё, сеҳрли муҳит оғушига олади. Ахир Ҳанс Кристиан Андерсеннинг мумтоз асари фақат сабоқ бериб қолмай, тарбиялайди ҳам. Унда энг яхши инсоний фазилатлар: садоқат, вафо, дўстлик, эзгулик хислатлари намоён. Фото: «Xabar.uz»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг