Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адлия вазирлигида ахборот-таҳлил мултимедия маркази ташкил этилмоқда

Адлия вазирлигида ахборот-таҳлил мултимедия маркази ташкил этилмоқда

Бош прокуратуранинг ахборот-таҳлил мултимедия маркази.

Фото: «Uzreport.news»

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали учун эксклюзив интервью берди. «Xabar.uz» мухбири Адлия вазирига қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

— Ҳуқуқий тарғибот масаласида вазирлик фаолияти яхши томонга ўзгарди. «Telegram»даги «Ҳуқуқий ахборот» канали кўпчиликка манзур бўлмоқда. Аммо бу канални интернет фойдаланувчиларигина кузатиб боришлари мумкин. Ҳуқуқий тарғиботни интернетдан фойдаланмайдиган одамлар, умуман, аҳолининг барча қатламларигача етказиш бўйича нималар қилиняпти? Қандай интеактив усуллардан фойдаланиш кўзда тутилган? Галдаги режалар қандай?

Русланбек Давлетов — Ўзбекистон адлия вазири
Фото: «Xabar.uz»

Русланбек Давлетов саволга қуйидагича жавоб берди:

— Ҳуқуқий тарғибот масаласи бўйича биз тинмай ўйлаяпмиз: халқимизнинг онгига етиб борайлик, халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ўрнимизга эга бўлайлик, ҳуқуқий маданиятини оширайлик деган нуқтаи назардан жуда катта лойиҳаларни қиляпмиз. Мана, ҳамма маҳаллаларда адлия бурчаклари қилдик — 9 000 та маҳаллада. Сайёр қабулларни йўлга қўйяпмиз. Нотариал хизмат, ФҲДЁ хизмати ҳам сайёр тартибда хизмат кўрсатишни бошлади. Борган жойида ҳуқуқий тарғибот билан шуғулланяпти.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги қошида Давлат хизматлари агентлиги ишлаяпти. Агентликнинг 200 та туманда 200 та ташкилоти бор, уларга 200 та машина олиб бердик. Булар ҳам сайёр хизматларни ташкил қилишни бошлади. Улар ҳам бевоста ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият масалалари билан шуғулланишяпти, бугунги халқ манфаати учун қилинаётган ишлар, президентимизнинг янги-янги қарорлари, ҳукумат қарорлари тўғрисида тушунчалар бериб юришибди.

Шунингдек, телевидениеда фаоллашяпмиз. Адлия вазирлигининг алоҳида ахборот-таҳлил мултимедиа марказини тузилди. Яъни халққа яқинроқ бўлиш учун, ҳуқуқий тарғибот материалларимизни сифатли тайёрлаб, тезроқ оммага етказиш учун шу муассасамизни ишга туширдик. Бу лойиҳага жуда катта ресурс йўналтирилган. Ҳозир мазмунан бой ва омма учун фойдали контент шакллантиряпмиз. Медиамарказ аллақачон ўз маҳсулотларини бера бошлаган, уни телевидение ва интернет тармоғи орқали тарқатиш ишлари ҳам йўлга қўйилди.

Мана, президентимизнинг янги қарорлари билан туман адлия бўлимлари очилди. Бугунги кунда мавжуд 200 та туман адлия бўлимларининг 195 тасига раҳбарлар тайинладик. Республика бўйича 75 фоиз туманлар учун мутахассислар жамоасини шакллантирдик. Бу тизим туманлардаги қўл ва оёқларимиз бўлади, одамларга янада яқинлашамиз.

Телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналини ривожлантириб, телевидениеда ҳам каналда берилаётган ахборот маълумотларига таянган ҳолда қисқа-қисқа роликлар қиляпмиз. Қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини мутахассис бўлмаганларга, оддий халқимизга содда шаклларда етказиш йўлларини ўйлаяпмиз. Бунинг учун социологлар, психологлар билан ишлаяпмиз.

Аҳолининг ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий онги ўсиши керак. Ҳуқуқий билимларини ҳаётий вазиятларда ва ўзаро муносабатларда ишлата олиши лозим. Ҳуқуқини талаб қила билиши керак. Пировард мақсад шу. Биз ҳуқуқий ахборотни оммага етказиш билангина натижага эришдик деёлмаймиз. Фуқаронинг ўзи бу ахборотни тушуниши, қабул қилиши ва ҳаётида фойдаланиши керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг