Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Иттифоқ» ва «Камалак»ка янги сардорлар сайланди

«Иттифоқ» ва «Камалак»ка янги сардорлар сайланди

Жорий йилнинг 7-9-ноябр кунлари Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида “Иттифоқ” ва “Камалак” сардорларининг Республика сайлови ўтказилди.

Сайловда ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Дилноза Каттахонова ҳам иштирок этди.

Ҳар бир сардор “Агар мен Республика сардори бўлсам...” шиори остида амалга ошириладиган лойиҳаларини баён этиб беришди.

Мазкур лойиҳаларда ҳар бир ёшнинг ўз дунёқараши, ижтимоий ҳаётда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабати, тенгдошларининг вақтини мазмунли ўтказиш борасида ўртага ташлаган таклифлари акс этди.

Лойиҳалар тақдимотидан сўнг ҳудудий сардорлар ўзлари маъқул кўрган сардорларга ёзма тарзда овоз беришди.

Тўпланган овозлар натижаларига кўра, Республика “Иттифоқ” ва “Камалак” сардорлари аниқланди.

Республика “Камалак” сардори этиб, жиззахлик Дилшодбек Шаропов, “Иттифоқ” сардори этиб, навоийлик Жавоҳир Ҳусенов сайланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг Сардорлар масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида эса Сирдарё вилоятининг сардори Ёрқинжон Ҳайитбоев фаолият олиб борадиган бўлди.

— Республика “Камалак” сардори этиб, жиззахлик Дилшодбек Шаропов сайлангани биз учун ҳам шараф, ҳам масъулият, — деди Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши раиси ўринбосари, вилоят "Камалак" болалар ташкилоти раиси Шоҳида Даманова. — Дилшодбекни сентябрь ойида вилоятнинг чекка туманидан вилоят сардорлигига сайлаган эдик. Бу ишончни оқлаш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Ўйлайманки, бугун сайланган бошқа сардорлар ҳам ўз вазифаларини сидқидилдан адо этиб, мамлакат равнақига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар. Энг муҳими, ёшлар билан янгича ёндашувлар асосида ишлаб, Ўзбекистондаги ҳар бир ёш йигит-қизнинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қиламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг