Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Комил Алламжоновга ўринбосарлар тайинланди

Комил Алламжоновга ўринбосарлар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан 2019 йил 7 март куни қабул қилинган фармойишга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосарлари тасдиқланди. Бу ҳақда Агентликнинг «Телеграм»даги расмий саҳифасида маълум қилинди.

Ходжиметов Авазбек Жаббаркулович — Агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Авазбек Ходжиметов

Авазбек Ходжиметов 1974 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат шарқшунослик институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактабини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича — халқаро иқтисодий муносабатлар, сиёсатшунослик: тизимли таҳлил ва истиқболни белгилаш.

А.Ходжиметов меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги «Жаҳон» ахборот агентлигида бошлаган.  2004-2007 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонасида пресс-атташе, 2007-2009 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги БМТ ва халқаро ташкилотлар бошқармасида давом эттирган. 2009-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул лавозимларда фаолият юритган. 2015-2016 йилларда Халқаро ҳамкорлик ва хавфсизлик ишлари бўйича мувофиқлаштирувчи-таҳлилий марказ директори вазифасида ишлаган. 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби лавозимига тайинланган. 2017 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати Ахборот-таҳлил ишлари бўйича сектори мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

А.Ходжиметов Агентлик директорининг биринчи ўринбосари сифатида давлат ахборот сиёсатини амалга ошириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллашлаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот таҳлили ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.

Раҳимова Наргизахон Асроровна —  Агентлик директори ўринбосари лавозимига тайинланди.

Наргизахон Раҳимова

Н.Раҳимова 1978 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1999 йил Тошкент давлат техника университетини иқтисодчи-муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1999 йили Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида маслаҳатчи лавозимида бошлаган. 2000-2006 йиллар мобайнида Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий фаолият Миллий банкида фаолиятини давом эттирган.

2006 йилдан буён ахборот, журналистика соҳаси бўйича қатор лавозимларда фаолият кўрсатган. «Деловой партнер», «Биржа» каби газеталарда, қатор электрон оммавий ахборот воситаларида масъул лавозимларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Медиа марказида Бош мутахассис сифатида фаолият юритган.

Наргизахон Раҳимова Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имиджини шакллантириш — PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлади.

Бозоров Ғайрат Назарович — Агентлик директорининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Ғайрат Бозоров

Ғайрат Бозоров 1984 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. Тошкент Давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича — халқаро журналист.

Ғ.Бозоров меҳнат фаолиятини Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида бошлаган. 2007 йилдан 2016 йилга қадар агентликда мутахассис, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи каби лавозимларда фаолият юритган.

2016 йилда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги «O‘qituvchi» нашриёт-матбаа ижодий уйи Давлат корхонаси Маркетинг бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. 2018 йилдан буён шу кунга қадар нашриёт-матбаа  ижодий уйи директорининг нашриёт ва маркетинг масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ғ.Бозоров Агентлик директорининг ўринбосари сифатида лицензиялаш ва назоратни ташкил этиш, нашриёт-матбаа соҳаси, китоб савдоси ва ахборот кутубхона ресурслари фаолиятини ривожлантириш  каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан, Агентлик директори ўринбосарларининг мақоми Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига тенглаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг