Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нукус воқеалари иштирокчиси Полат Шамшетовнинг ўлими юзасидан расмий маълумот берилди

Нукус воқеалари иштирокчиси Полат Шамшетовнинг ўлими юзасидан расмий маълумот берилди

Бош прокуратура Нукус воқеаларида айбдор деб топилиб, жорий йил 31 январ куни суд ҳукми билан 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва 6 йил озодликдан маҳрум қилинган Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими П.Шамшетовнинг ўлими юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Шамшетов 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли  4-сонли тергов ҳибсхонасида тўсатдан вафот этган.

«Ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Мазкур кўздан кечириш жараёнларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, П.Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланди», – дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Шунингдек, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг