Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири 75 ёшга тўлди. Президент Шавкат Мирзиёев уни мукофотлади

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири 75 ёшга тўлди. Президент Шавкат Мирзиёев уни мукофотлади

10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Ахмедов 75 ёшни қаршилади. Юбилей муносабати билан Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан йўлланган табрик мактубини Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Ахмедов Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантирганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Тадбирда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов ҳам сўзга чиқиб, Рустам Аҳмедовнинг ўзбек халқи ва Ўзбекистон олдидаги энг буюк хизматларини, жумладан, миллий армияни яратиш ва уни сақлаб қолишдаги улкан меҳнатини алоҳида эътироф этиб, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазирини табриклади. Ўзбекистон Қуролли Кучлари фахри бўлган устозга Мудофаа вазирлигининг эсдалик совғаларини топширди.

Тантанали маросимда МДҲга аъзо мамлакатлардан вакиллар, жумладан, Россия Федерациясидан истеъфодаги генерал-лейтенант Геннадий Борисов, Қирғизистон Республикасидан истеъфодаги генерал-майор Рисбек Мирзаматов, полковник Жанибек Капаров ҳамда полковник Эркин Османов иштирок этиб, юбилей эгасини қутлуғ 75 ёш билан муборакбод этдилар.

“Бугунги байрам учун барчага чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Ёшларнинг, жумладан, ҳарбийларнинг маънавий салоҳиятини ошириш, уларга замон талабларига мос билим ва кўникмаларни бериш, биз каби истеъфодаги ҳарбийларга Ватанимиз манфаатлари учун яна хизмат қилиш имкониятини яратиб бераётган муҳтарам Президентимизга раҳмат айтиб қоламан. Бугун менга топширилган «Дўстлик» ордени биз, фахрийларга берилаётган юксак эътиборнинг намунасидир. Мен бундан жуда ҳам ҳурсандман”, — дея ўз миннатдорчилигини билдирди Рустам Ахмедов.

Ана шундай байрам тадбири Қуролли Кучлар давлат музейида ҳам ўтказилди.

Рустам Ўрманович Ахмедов 1943 йилда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида туғилган. Қўқон шаҳридаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва электрификациялаш техникумини тамомлаган. 1962—1965 йиллар давомида Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртида таҳсил олган.

Хизмат фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари бўйича вазир — миллий гвардия қўмондони (1991 йил), Ўзбекистон мудофаа вазири (1992—1997 йй.), Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири (1997—1998 йй.) лавозимларида хизмат қилган.

2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан, мудофаа вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланган ва ҳозирги кунда ушбу лавозимда фаолият кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг