Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов кўзбўямачиликлар ҳақида гапириб, Швейцариядан ўрнак олишга чақирди

Шерзод Шерматов кўзбўямачиликлар ҳақида гапириб, Швейцариядан ўрнак олишга чақирди

Шерзод Шерматов — Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари.

Фото: «UzReport.news»

«Сирдарё вилоятидаги учрашувда Президентимиз кўзбўямачилик ҳақида жуда куйиниб гапирдилар. Бу — ҳақиқатда жамиятимизга жуда катта зарар берадиган иллат», — деб ёзди Шерзод Шерматов «Facebook»даги саҳифасида.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этаркан, ўз хотиралари билан ўртоқлашади:

— Бундан 15 йил аввал Швейцарияга Бутужаҳон ахборот жамияти саммитида иштирок этиш учун ҳукумат делегацияси таркибида борганимизда биз учун жуда қизиқ бир ҳолатга гувоҳ бўлгандик.

Женева шаҳрига Бутунжаҳон саммитида иштирок этиш учун дунёнинг деярли барча давлатларининг биринчи раҳбарлари ёки ҳукумат раҳбарлари ташрифига қарамасдан, тадбирлар ўтадиган жой яқинидаги эски шаҳар кўчасида тротуарни тузатаётган ишчилар бемалол ўз ишини шошмасдан бажараётган эдилар.

Унинг қайд этишича, шаҳарга шунча нуфузли меҳмонлар келганига қарамасдан, ҳеч ким ишчиларни шоширмаган ёки тузатилаётган жой атрофини хўжакўрсинга баннер билан тўсиб қўйиш ҳаракатини қилмаган. «Чунки меҳмонлар келади — кетади, лекин ўша тузатиладиган йўл шошилмасдан сифатли таъмирланса, ортиқча ҳаражат бўлмайди ва узоқ йиллар давомида халққа яхши хизмат қилади. Бунинг натижасида бюджет маблағлари ҳам самарали сарф этилади», — дея бунга изоҳ беради муаллиф.

— Хўжакўрсинга шошма-шошарлик қилиш натижасида эса қурилиш — ободонлаштириш ишларига биринчидан ортиқча харажат кетади, иккинчидан улар сифатсиз бажарилиб, узоқ муддатга хизмат қилмайди. Натижада яна қўшимча ҳаражат бўлади ва бу одамларнинг норозилигига олиб келади. Бюджетдаги маблағларимиз Швейцария даражасидан анча паст бўлса-да, нега уларни самарали ишлатишга ҳаракат қилмаймиз? — дейди вазир ўринбосари. — Шунинг учун ҳам барча соҳаларда кўзбўямачилик иллатидан воз кечишга ҳақиқий ҳаракат бўлиши шарт, шундагина ҳаётимизга ижобий ўзгаришлар тезроқ кириб келади.

Шерзод Шерматовнинг маълум қилишича, Швейцария нафақат жон бошига даромади бўйича дунёда етакчилардан, балки Инновация рейтингида ҳам дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг