Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ташаббусли бюджет»га овоз тўплашнинг янги тартиблари ишлаб чиқиляпти – вазирлик

«Ташаббусли бюджет»га овоз тўплашнинг янги тартиблари ишлаб чиқиляпти – вазирлик

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аҳоли сони кўп бўлган маҳаллалар овоз беришда устунликка эришаётгани ҳамда бюджет ташкилотларида ходимларни овоз йиғишда мажбурлаш ҳолатлари кузатилаётгани боис «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига овоз тўплашнинг янги тартиблари ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, янги техник ва услубий ечимлар овоз беришда тенгсизликка йўл  қўймайди, шунингдек, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятларни яратади.

Жумладан:

  • FACE ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этиш. Бунда, тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар СМС орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилиш;
  • кам сонли аҳоли яшайдиган маҳаллалар аҳолиси томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун кўпайтириш коэффициенти жорий этиш амалиёти кўриб чиқилади.

Вазирликка кўра, бунда, кичик маҳаллалар лойиҳаларига катта маҳаллалар аҳолиси ташаббуси билан тенг шароитларда рақобатлашиш имконияти яратилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ташаббуслар учун овоз беришнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган бошқа таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Маълумот учун, бугунги кунда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида овоз бериш жараёни давом этмоқда. Ҳозирда жами 33 минг 600 лойиҳа учун 10 миллиондан ортиқ овоз берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг