Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Бўлишиш ва бўлиниш ёхуд Балиқнинг думи

Бўлишиш ва бўлиниш ёхуд Балиқнинг думи

Очлик бошланиб, одамлар оч қолди. Бир эркак уйида оч ўтирган болалари учун балиқ тутиш мақсадида тонгда дарё томон йўл олди.  Қуёш сув устида порлаётгандек эди гўё. Эркак сувга қармоқ солди. Бирдан тўрга боғланган ип титради. Эркак тўрни тортиб олди, қармоқда улкан балиқ бор эди.

Кейин у шундай ўйлади: «Мен жуда очман, уни ҳозир пишираман.» Шундай қилиб, уни тозалаб, думини кесиб, бир томонга қўйди. Ҳатто балиқнинг ичидан чиққан қизил икрани ҳам ютиб юборди. Қорни тўйгач у хато қилганини англади. Кейин эркак фақат думни кўтариб уйига кетди. Уйга етай деганда: «Мана, болалар, бу дум» деб бақира бошлади.

Шунда болалар уйдан югуриб чиқишди: «Урре дадам бизга овқат олиб келди, энди овқатланамиз».

Эртаси куни ота яна балиқ овлашга кетди. У яна катта лосос тутди ва уни яна ўша жойда пишириб еди. Яна уйига бориб: «Мана, болалар, бу дум! Йўлда тиланчилар кўп эди, уларга бўлиб бердим», деб бақирди.

Энди хотини эридан шубҳалана бошлади. Эртаси куни у яна балиқ овига кетаётганида, аёл болаларига: «Сизлар шу ерда қолинглар, мен унинг орқасидан кетяпман», деди.

Эркак яна балиқ тутди, думини кесиб алоҳида қўйди, қолганини пишириб еди. Бу ҳолни кузатиб турган аёл орқасидан келаётган болаларга ўгирилди-да: «Биз бу одам билан ортиқ қололмаймиз», деди.

Ота  уйга қайтиб келгач:  «Мана, болалар, бу дум»!, деб бақирди. Aммо у фақат сукунатни эшитди. У яна қичқирди. У уйдан  югуриб чиқди, атрофга аланглади ва фақат сичқонларнинг чийиллашини эшитди.  Кейин у тепаликка қаради. Хотини ва болалари тоғ томон кетаётганини кўрди.

Хотини унга қичқирди: «Худди олдин бўлганидек, у ерда ёлғиз овқатланинг!»

Эркак уларга эргашди, яқинлашиб борди ва бақирди. Хотини унга:  «Сиз шу ерда қоласиз, фақат лой ейсиз. Ўша пайти биз бойларнинг қаршисида ўтирган бўламиз», деди.  

Шунда эркак энг кичкина фарзандининг қўлидан ушлаш  учун қўл узатди, лекин бола айиқ нилуфарига айланди. У бошқасини ушлади ва у бодом бутасига айланди. У хотинини ушлаб олди — хотини қарағай дарахтига айланди. Ниҳоят, у яна сув бўйига қайтди. Сиз уни ҳозир  сойларнинг қирғоғида лой еётганини кўрасиз. У биз мох (моғор)еювчи деб атайдиган кичкина кулранг қуш. Aммо унинг хотини ва болалари   ҳозир фаровон ҳаёт кечиришмоқда, кийик терисида рақсга тушишади.

Бу Aмерика ҳинду афсоналаридан. Бу афсона  очкўз ота, унинг очкўзлиги ортидан оиланинг бўлиниши, охир оқибат унинг худбинлиги хорликка етаклашини ҳикоя қилаётгандек.

Кабоб ва бўлка

Ҳамма жойда сахий ва қизғанчиқ, худбин оталар бор, одамлар бор.

«Менинг отам шундай эди, фақат у буни одамлар олдида қилмасди. Овқатни мени ҳеч ким кўрмаяпти, дея яшириб ерди.  Биз болалар уйда, сэндвич, сифати паст гўшт, оддий овқатлар ердик.  Шунда ҳам у биз ичадиган шарбат жуда қимматга тушганидан шикоят қиларди. Аммо отамнинг ўзи энг сара овқатларни ерди. Бир сафар мен энг катта 2 ёшли фарзандим билан ота-онамни кўришга бордим. Онам ва мен ҳамма учун ширин кекслар тайёрладик, сўнгра кечки овқатга бирор нарса олиш учун дўконга кетдик. Қайтиб келсак ҳеч қандай кекс қолмаганди, отам ҳаммасини еб қўйган эди, кейин менинг ўғлимни ва итни айблашга ҳаракат қилди. Кейин у: «Мен электр энергиясини тўлаганман, шунинг учун уларни барчасини еб қўйишим ҳайратланарли эмас», деди.  

Бу очкўз оталар ҳақида ёзилган хориж сигменти — ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирининг иқрори эди. Бундай изоҳлар шу қадар кўп эдики, беихтиёр худбин ва очкўз оталар шу қадар кўп эканда деб ўйлайсиз. Мен нима учун ижтимоий тармоқнинг хориж сигментидаги бундай иқрорларга эҳтиёж сездим. Facebookдаги «Маслаҳат»гуруҳига қўйилган, блогер Муаззам Иброҳимованинг шахсийсига келган ушбу мактуб сабаб бўлди: «Ҳорманг Муаззамой. Ёзмасам бўлмади, асабларим ўйнаб, бошимга оғриқ кириб кетди. «Бош мия хўппози» деган мақолангизги ўқиб, қаттиқ таъсирланган эдим. Мен ҳам росмана «хўппоз» ни кўрдим бугун. Хуллас пешин вақтига озгина қолган эди. Масжиднинг ёнидаги ошхонага тушлик қилиш учун кирдим.  Эндигина таомга қўл ургандим, ўнг томонимда ўтирган уч нафар ўрта ёшлардаги кишилардан бирининг телефони жиринглади. Масофа яқин, телефон ҳам баланд овозда турганлиги учун беихтиёр суҳбатга гувоҳ бўлиб қолдим.

— Ҳа, нима дейсан, — деди эркак, оғзидаги таомни чалпиллатганча.

Нариги томонда эса аёл кишининг овози эшитилди: — Қайтишингизда иккитагина бўлка нон олиб келинг.

Эркак ўша ўша чалпиллаганча:

— Пулим йўқ, дедида, шартта телефонини ўчириб қўйди.

Оғзимдаги оғзимда, бўғзимдаги бўғзимда қолиб, ялт этиб ўша томонга қарадим.

Не кўз билан кўрайки, камида юз кило келадиган хўппоз қўлида бир сих шашлик, олдида бўшаган сихлар, оғзи тўла емиш, пишшиллаб ейишда давом этарди.  Иштаҳам ғип бўғилди. Кўз ўнгимда унинг болалари тизилиб қолди.

Оч ўтирган бўлишса керакки, балки аёли, балки қизи қўнғироқ қилиб қўрқа-писа иккитагина бўлка олиб келишини сўраган.

Атиги иккитагина бўлкая! Патир, бўличка,печенье, торт... эмас, бўлка!

Камида тўртта кабоб еган эркакнинг иккита нонга пули бўлмайдими? Ўша хўппоздан ҳам, ўзимдан ҳам, бутун жамиятдан ҳам нафратланиб, ҳафсалам пир бўлди. Пешинни қандай ўқидим, билмадим. Ҳалиям ўзимга келолмаяпман.

Шундан сўнг муҳокама бошланди:

Худбин оч одамлар

Насриддинова Кимёхон: Мен ўн йиллар аввал эмизикли боласи бор аёлига бўлка нон, ўзига патир олиб келиб ейдиган эркакни кўрганман.  Аёли уйда бор нарсадан қилинган овқатни еди, ўзига эса шашлик кўтариб келганди. Хонтахтанинг нариги бурчагида чақалоғи билан аёл, бу бурчагида патир билан шашлик еган эркакни кўргандим, ёқа ушлаганим ва анчагача ўзимга келолмаганим рост...

Абдуллоҳ: Илгари чойхонада ош еган эркак уйида ошнинг масаллиғини бадастир қилиб кетган! Кафеда икки сих кабоб еган одам уйидагиларга ҳеч бўлмаса бир бўлакдан тегадиган кабоб олиб қайтган. Бугунги кунда ҳам аксарият улфатларим, дўстларим шундай қилишади, кафеда шўрва ичишса ҳам, олиб кетарга деб тўрт сих кабоб буюришади.

Иззатилла Раҳматиллаев: Ундайлар тўлиб ётибдию. Чойхонада мақтаниш, овқатланиш худди минг қўйли бойдек, уйида сичқонлар ҳасса таяниб юради.  Мен ҳам бир воқеани қўшиб қўяй, зора бошқалар ўзлари учун хулоса чиқарса. Бундан ўн йиллар олдин  бир кун нозиккина бир жувон келиб йиғлаб ҳасрат қилиб кетди: «Эрим қамоқда, 4 болам бор, қайнона-қайнотам билан бирга тураман қозонимизни бошқа қилиб қўйган. Ота-онам ҳам ночор аҳволда, уларнинг ҳам уйи ёнган бизга ёрдам беролмайди. Уйда ҳеч нарса йўқ болаларга пиёз доғ қилиб қовуриб бераяпман, иложи бўлса ёрдам беринглар». Келинга раҳмим келиб ёнимдан пул бердим, «шунга нон, картошка олиб туринг бир иложни қиламиз», деб чиқариб юбордим. У аёл кетгач маҳаллий кенгаш депутати дўстим келиб қолди, унга  ҳалиги аёл воқиасини айтиб, мартабанг улуғ бўлгур, шу оилага ёрдам бер дедим. Дўстим кечки пайт   супермаркетдан уч пакетга тўлдириб майда-чуйда маҳсулотлар билан келди. Журналдан адресни топиб аёлнинг уйига йўл олдик. Ҳовлига кириб борсак йўлакдаги уйда қайнота-қайнона кечки овқатни ейишмоқда экан, дастурхонига назар ташласам пишган товуқ гўшти, патир, олма апельсин, мандарин... чиройли безатилган. Қайнотасига келиндан хабар олгани келганимизни айтсам бораверинглар, ҳов тўрдаги уйда деди. Эшикни очсак, бечора келин ростдан ҳам пиёз, яна мен берган пулга олган картошкани болаларига қовуриб бераётган экан. Ҳол-аҳвол сўраб, олиб келган нарсаларни бердик. Дўстим аҳволни кўриб: «Синглим мана бу пулни бошқаларга кўрсатмай эртага алмаштириб, бир қоп ун, ёғ, картошка олинг», деб 200 доллар берди. Қайнотаси олисдан бизни кузатиб турган экан, олдидан ўтиб кетаётсак — биз ҳам жабрланганмиз, ўғлим қамоқда бизга ҳам ёрдам бериб кетинглар, деди номард. Кейинги сафар берамиз, деб гапни қисқа қилиб чиқиб кетдик. Мен ҳалигача тушунмайман бу номард одамнинг набиралари оч, пиёз қовуриб еб ўтирсаю бобо ва бувининг қандай томоғидан товуқ гўшти ўтди экана, деб.

Нозима Холиқова: Россияда ишлаб қўлида долларларини мақтаниб профилига қўядиган, аммо боласи реанимацияда ўлим билан олишиб ётганида ёрдам беришини сўраб аёли илтимос қилса телефонини блоклаб олган номардни биламан.

Меҳрли оталар

Мавлуда Бойматова: Мен хафа бўлдим, нафратланиб кетдим бунақа отанинг килиғидан ва шахтада бир умр ишлаган раҳматли дадам ёдимга тушди. Бу ҳолат ёдимга кўп тушади. Конда ишлар эди, кечки пайт ишдан қайтишларини кутардик. Қўлларида материалдан тикилган сумка, ўша сумкадан газетага ўралган тўрт бўлак оқ бўлка нон ва икки дона тухум, баъзида котлет ёки овқатларидаги гўшт бўларди. 6 та фарзандларидан тўрт нафаримиз ҳали ёш болалар эдик, бир бурдадан ва яримта тухум ёки яримта котлетдан тишлаб еб мазза қилардик, жуда мазали эди. Биз яхши яшар эдик, гўштсиз овқат қилмасдик, дадамлар қаттиққўл ва эркалатмасдилар. Лекин ишда берилган овқатни ўзлари емасдан бизларга олиб келишлари бу ҳаётимда ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган энг ажойиб хотира эди.

Мени энг таъсирлантирган изоҳ бири мана шу бўлди: Бугунимизда кўчадаги таом оиладаги кундалик таомдан фарқланишини фарзандларга уқтирмоқ лозим — кўчадаги таом нафсни қондириш учун. Оиладаги таом ҳузур ва меҳр учун.                                                               

Психологлар бўлишишни ҳамжиҳатликни тарбиялайдиган анъана, деб аташар экан. Ота-онанинг болаларга овқат илини, бўлишиб ейиши бу эгоистликнинг олдини оларкан. Бўлиниш қачон юзага келади? Ота-оналар болаларидан яшириб овқат еганида.

Худбин ота-оналар — худбин болалар

Ўшанда ижарада икки оила яшардик. Биз ва  ҳовлининг у бурчида биз каби оила. Товуғимиз кунда 2-3 та тухум қилар, болаларим тухумни челакчага солиб қўярди. Бир куни қўшнимизнинг ўсмир ўғли, болларимнинг тухумни қўяётганини кўриб ҳайрон қолди: «Нега йиғиб қўясизлар буни евормайсизларми», деди.

Мен айтдим:

—Бир жойга йиғилиб туради, ҳар куни эрталаб ўзларига пишириб бераман.

—Бизда унақа эмас, укам ва мен товуқнинг катагини пойлаб талашамиз, қайсимиз биринчи топсак ўша пишириб ейди.

—Агар сен уч кун тухумни топсанг  уч кун ейсанми, бошқаларга-чи дейман.

—Ээ, бошқалар билан нима ишим бор...

Шунда эсимга тушди ота-онанинг баъзан куни билан уйда қолиб табакани ёки балиқли консервани ўзлари паққос туширганини. Демак худбин оталарнинг болалари ҳам худбин бўлади. Кейинчалик шундай ота-оналар болалар меҳр кўрсатмаса уларни тошбағирликда айблашади.

Мен бу бўлинишни, бу очкўз оталарни порахўр, нафси оч, юлғич амалдорларга ўхшатаман, ким билсин, буларнинг ҳам отаси ёшликда болаларига фақатгина балиқнинг думини қолдирганмикан? Балки булар ҳам қачондир мох ейдиган қушга айланарлару оддий халқ кийик терисида рақсга тушар. Унгача эса ўзи кабоб еб болаларидан икки бўлкани қизғанаётган оталарнинг кўпайиб бораётгани жуда ташвишли сигнал.

Авваллари бирон мақола ёзсак, ўзимизнинг шарқона одоб ҳақида мақтаниб ўтардик ва албатта «чириган ғарб»нинг салбий жиҳатларига тўхталишни канда қилмасдик. Бугун кўраяпмизки очкўз, худбин одамлар ўзимизда ҳам етарлича экан. Ҳамюртларимиздан бири ёзган изоҳдаги воқеага эътибор берадиган бўлсак неваралари оч ўтириб ўзлари тансиқ таом еяётган отанинг ўғли бекорга қамалмаган. Оилада худбин ота-оналарнинг ҳатти-ҳаракати болаларда акс этади. Ё болалар бу ота-оналарни юзини шувит қилиб жиноятга қўл уради ё ота онасидан юз ўгириб кийик терилари устида рақс тушадилар. Бу пайтда очкўз оталар қирғоқдаги ер мохини яъни лойни еётган бўладилар.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг