Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

«Отангга бор, онангга бор». Вазирлик ўз вазифасидан бехабарми?

«Отангга бор, онангга бор». Вазирлик ўз вазифасидан бехабарми?

Фото: «Xabar.uz»

Тўғриси, яна бир хизмат онлайн кўринишга ўтганидан мамнун бўлгандим. Ортиқча вақт сарфламасдан, оворагарчиликларсиз қулай механизмли хизматдан фойдаланиш кимгаям маъқул келмайди, дейсиз.

Ҳозирги шиддатли замонда ҳар дақиқа олтинга тенг. Вақтни арзимас ҳужжатбозликлару сансалорликларга сарфлаш ҳам увол, ҳам ачинарли. Ҳукумат даражасида топшириқлар бўлгани, турли қарорлар чиқарилгани билан вазият ўз измича ўзгариб қолмайди. Масъулиятни олган вазирлик, ташкилот ва идоралар унинг ижроси билан шуғулланишлари керак. Технологиялар беминнат ёрдамчи, қулай восита. Лекин «пульт» инсон қўлида. Инсон омили эса, барибир муаммо келтириб чиқаравераркан, агарда у ўз зиммасига юкланган вазифани тушунмаса, билмаса...

Гап болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига расмийлаштириш масаласи ҳақида кетяпти. Бу тизимда шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб жиддий ўзгариш бўлди. Бу ҳақда аввалроқ батафсил мақола берганмиз.

Зарурат юзасидан ушбу хизматдан фойдаланиш асносида турли чигалликлар, тушунмовчиликлар, сансалорликларга дуч келдимки, ҳар бирини баён қилсам, яна икки- учта мақола бўлади (ҳар бирига алоҳида тўхталамиз).

Ҳозирча бир савол қаршимда «Хитой девори» сифат туриб олган. Аввал шунга аниқлик киритиб олиш керак. Нафақат мен учун, хизматдан фойдаланаётган минглаб ота-оналар, вазирлик ва бошқа масъул идоралар мутахассислари учун ҳам ойдинлашиши зарур бу масала.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида болаларни боғчаларга қабул қилиш бўйича ариза юбориш хизмати бор. У фуқаролар учун шунчаки қўшимча қулайлик эмас, энди истайсизми-йўқми, бу хизматдан фойдаланишга яхши маънода «мажбурсиз». Мазкур онлайн хизматнинг қулайлиги ва зарурлигига шубҳа йўқ. Муаммо уни кўрсатаётган мутахассислар масъулияти ва малакасида.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали болаларни боғчаларга қабул қилиш бўйича ариза топширилгандан кейин бир кун ичида ваколатли орган томонидан қабул қилиниши лозим.

ЯИДХПдан скриншот.

Лекин ЯИДХП орқали анкета йўлланганига бир ҳафтадан ошса ҳамки, унинг қабул қилингани ёки қилинмагани ҳақида ҳамон жавоб йўқ...

Аризани ким кўриб чиқиши керак?

Саволга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг «ишонч телефонига» қўнғироқ қилдик.

Дастлаб гўшакни кўтарган мутахассис берилган саволга (Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали болаларни боғчаларга қабул қилиш бўйича юборилган аризани ким кўриб чиқади?) тушунмади ва ишга янги келганини айтиб, бошқа мутахассисни чақирди. Саволни эшитгач иккинчи мутахассис юборилган аризани аввал девондагилар (!) кўриб чиқиши, кейин вазирликка йўналтирилишини тушунтира кетди. Унинг гапини бўлишга мажбур бўлдим. Англадимки, «Ягона портал» ҳақида гапирганимда, у Президент порталини тушунган. Савол такрорлангач ва қайтадан тушунтирилгач, гўшакнинг нариги томони бироз жим бўлиб қолди, сўнг масалани ўрганиб қайта қўнғироқ қилишини билдирди. Бунга унамадим. Наҳотки оддий саволга вазирлик «ишонч телефони» жавоб бера олмаса? Хуллас, гўшак учинчи мутахассис қўлига ўтди.

Ўзини вазирликнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини назорат ва таҳлил қилиш бўлими бош мутахассиси деб таништирган вакил юқоридаги саволни қайта тинглагач, «Вазирлар Маҳкамасининг 244-қарори билан 1 апрелдан бошлаб бу хизмат Адлия вазирлиги қошидаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилади, бунда Мактабгача таълим вазирлигининг роли йўқ. Саволингизга жавобни уларнинг «ишонч телефони»га қўнғироқ қилиб аниқлаштирсангиз бўлади...», — дея жавоб қайтарди.

Наилож, Давлат хизматлари агентлигига қўнғироқ қилдик ва саволни такрорладик. Жавоб қуйидагича бўлди: «ЯИДХП орқали юборилган ариза автоматик равишда Мактабгача таълим вазирлиги бошқармасининг туман бўлимига бориб тушади. Улар аризани бир кун ичида кўриб чиқиб, сизнинг порталдаги электрон манзилингизга жавоб юборишлари керак».

— Лекин Мактабгача таълим вазирлиги мутахассиси бу иш билан фақат Давлат хизматлари агентлиги шуғулланади, деб таъкидлаяпти?

— Нотўғри тушунтиришган. Аризалар икки усулда юборилади: Биринчиси — Давлат хизматлари марказлари орқали, иккинчиси — ЯИДХП орқали. Бунда Давлат хизматлари марказлари воситачи, холос, яъни фуқаролардан ҳужжатларни олиб, тизимга жойлаштиради, тизим автоматик равишда Мактабгача таълим вазирлиги бўлимларига юборади. Аризани эса улар кўриб чиқишади...

No Comment!

Эътибор беряпсизми, гап бутун республика бўйлаб жорий қилинганига 1 ой бўлган онлайн хизмат (офлайн шакли тўхтатилган) ҳақида кетяпти. Аммо бу хизматни ким ва қандай кўрсатишини шунга масъул вазирлик мутахассислари аниқ айтиб бера олишмаяпти.

Энди вилоятлардаги бошқармалар ва туман бўлимлари қандай ишлаётганини тасаввур қилиб кўраверинг. Биз қуйи тизимлардаги вазиятни ҳам ўргана бошладик ва тахмин қилганимиздек, аҳвол ачинарли бўлиб чиқяпти...

Мавзуга яна қайтамиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг