Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2017 йил Африка қитъаси учун қандай кечди?

2017 йил Африка қитъаси учун қандай кечди?

Фото: «Daily Stormer»

Якунига етиб бораётган 2017 йил дунё сиёсий ҳаётида юз берган бир қанча воқеалар билан эсда қоладиган бўлди. Африка сиёсий ҳаётида 2017 йил Гамбия раҳбари Яҳё Жамменинг истеъфо беришидан бошланиб, Либерияда машҳур футболчи Жорж Веанинг мамлакат президенти этиб сайланиши билан ниҳоясига етмоқда. Хўш, шу вақт оралиғида қитъада яна қандай воқеалар рўй берди? Биз қуйида Африка қитъасида содир бўлган энг муҳим ҳодисаларни эсга олишга қарор қилдик.

Ҳукуматдан кетган диктаторлар

2016 йил 1 декабр. Йигирма икки йил давомида Гамбияда даҳшатли диктатура ўрнатган Яҳё Жамме кутилмаганда президентлик сайловларида имкониятни қўлдан бой берди. Ўз мағлубиятини тан олганига қарамасдан, бир ҳафтадан кейин сайлов натижаларини тан олмади ҳамда сайловда «қонун бузилишларга» йўл қўйилган деб иддао қилиб чиқди, ҳамда бошқарувдан кетишдан бош тортди. Кейин эса унга нисбатан дипломатик босимлар кучади. Бу босимлар 2017 йилнинг 21 январига қадар давом этди ва Яҳё Жамме 42 миллион еврони талон-тарож қилиб Экваториал Гвинеяга учиб кетди. Мамлакатни эса сиёсий соҳада унча катта тажрибага эга бўлмаган Адама Барров қабул қилиб олди.

38 йиллик ҳукмронликдан кейин Ангола президенти Жозе Эдуардо дос Сантоснинг «соғлиги ёмонлашгани сабабли» нафақага чиқиши олдиндан тайёрлаб қўйилган эди. Унинг издоши, 26 сентябрдан мамлакатни бошқаришга киришган Жоао Луренсо эски қарашларга қарши кураша бошлади. Агар 75 ёшли собиқ президент Ангола Озодлик халқ ҳаракати ғояларини узоқ вақт сақлаб келган бўлса, янги раҳбар дос Сантос оиласини таъқиб остига олишга киришиб кетди. Масалан, собиқ президентнинг қизи Изабелла мамлакат нефт савдоси билан шуғулланувчи Сонангол раҳбарлигидаги вазифасидан олиб ташланди. Кейинчалик унга нисбатан «молиявий товламачилик» айби қўйилди.

Зимбабве мустақиллигининг асосчиси, 93 ёшли Роберт Мугабе дунёнинг энг кекса президенти мақомини бой берди. Шу йилнинг 21 ноябр куни, бир неча кун давом этган норозилик чиқишлари ортидан, Мугабе истеъфо беришга мажбур бўлди. Мамлакатда бошланиб кетган норозилик намойишларидан хавфсираган армия мамлакатда назоратни ўз қўлига олди ҳамда ҳукуматга шу пайтга қадар биринчи вице-президент лавозимида ишлаган Эмерсон Мнангагвани олиб келди. Бу билан собиқ президент Мугабенинг ҳокимиятга интилаётган рафиқаси Грейс Мугабега қаттиқ зарба берилди. Мамлакатни хароб аҳволга олиб келган «Ўртоқ Боб» истеъфодан кейинги ҳаётини келишиб олишга муваффақ бўлди. Унга яшаш учун турар жой, автомобил парки ҳамда шахсий самолётда саёҳат қилиш имтиёзлари берилди. Маҳаллий ОАВлардан бирининг ёзишича, унга нафақага кетиш олдидан мукофот пули сифатида 10 миллион АҚШ доллари берилган, аммо ҳукумат бу маълумотни рад этган.

Қайсар ворислар

Юқоридаги давлатларда ҳокимият алмашинуви муваффақиятли амалга оширилган бўлса, қуйидаги давлатларда бу жараён мураккаблигича қолмоқда. Узоқ муддат мамлакатни бошқариб келган собиқ президентлар ишини уларнинг ворислари давом эттирмоқдалар. Тогони 38 йил бошқарган генерал Гнассингбе Эядеманинг ўғли Фор Гнассингбе маҳаллий аҳолининг қаршилигига қарамасдан, ҳамон ҳукуматда қолмоқда ва уни тарк этмоқчи эмас. 2005 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган «ворис»нинг амалдаги президентлик муддати 2020 йилда ниҳоясига етади. Мухолифат босимларига жавобан у амалдаги қонунчилик сайловига ўзгартириш киритиш тўғрисида референдум ўтказишни таклиф қилди ва бу референдум унга 2020 ва 2025 йилги сайловларда ҳам ўз номзодини илгари суриш имконини беради.

Қайсарлик бобида тоголик ҳамкасбидан ҳам ўтиб тушадиган Конго Демократик Республикаси президенти 46 ёшли Жозеф Кабилага на АҚШ, на Европа иттифоқининг санкциялари таъсир қилади. Отаси Лаурент Кабила вафотидан сўнг, 2001 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Жозеф Кабиланинг сўнгги президентлик муддати 2016 йилнинг 19 декабрида ниҳоясига етган эди. Аммо у айёрлик билан амалдаги лавозимини сақлаб қолди ва навбатдаги президент сайловларини 2018 йил 23 декабрда ўтказишга эришди.

Навбатдаги ворис Кения мустақиллиги асосчиси Жомо Кеняттанинг ўғли Уҳуру Кенятта. У шу йилнинг 28 ноябр куни 98 фоиз овоз билан қайта сайланди. Аммо яна бир бошқа ворис, мамлакатнинг собиқ вице-президенти Огинга Одинганинг ўғли, мамлакатнинг сўнгги бош вазири Раила Одинга бошчилигидаги мухолифат сайловларни бойкот қилди ҳамда Олий суд қайта сайлов ўтказиш ҳақида қарор чиқарди.

Маҳаллий даъволар, миллий инқирозлар

Марокашда бундай низолар 2016 йилнинг 28 октябр куни Ал Ҳосейма шаҳрида ўз дўконининг бузилишига қаршилик қилган балиқ сотувчиси Муҳсин Фикрининг ўлдирилишидан бошланди. Шундан кейин бошланган норозилик намойишлари тезлик билан Рифда рисоладагидек ҳаёт талаб қилиб чиққанлар намойишига айланиб кетди. Ҳукумат иқтисодни кўтариш ҳақида баёнот берган бўлса-да, аммо намойишчиларни оммавий қамашни ҳам унутмади. Қирол Муҳаммад VI октябр ойида бир нечта юқори лавозимли раҳбарларни ишдан бўшатди, аммо маҳаллий аҳоли «Ҳирак» деб номланган намойишчилар лидерини озод қилишни сўрамоқдалар.

Камеруннинг асосан икки инглиззабон вилоятида вазият йил давомида ёмонлигича қолди. Адвокатлар ва ўқитувчиларнинг ўз соҳаларига нисбатан адолатли муносабатда бўлишларини талаб чиқишларидан бошланган инқироз оғирлашиб кетди. Расмийларнинг муросасизлигига жавобан партизанлар ҳаракати айирмачилар ҳудуди бўлиб келган Амбизониянинг мустақиллигини талаб қилиб чиқишди.

Маҳаллий низоларнинг марказида бўлиб турган яна бир давлат бу 9 та вилоятдан ташкил топган Эфиопиядир. Мамлакат шарқидаги Оромиа вилоятида сомали ҳамда оромо халқлари ўртасида юз берган тўқнашувлар оқибатида бир неча юз киши вафот этди ва 700 000 киши бошқа жойларга кўчирилди. Мамлакат шимоли-ғарбидаги Амҳара вилоятида ҳам вазият анча жиддий. Ривожланиш ва барқарорлик бўйича намуна сифатида кўриладиган Эфиопия заифлашиш арафасида турганга ўхшайди.

Европани ташвишга солган муҳожирлар

Шу йилнинг 14 ноябр куни «CNN» телеканали журналисти Ливияда Европага йўл олган муҳожирлар қул қилиб сотилаётгани тасвирланган видеони намойиш этди. Шундан кейингина Европа ҳамда Африка давлат раҳбарларининг диққати ушбу муҳожирлар тақдирига қаратилди. Аслида, олдин ҳам бу ҳақда бир неча бор гапирилган эди.

Шу йилнинг ёзида ЕИ ҳамда Ливия ҳукумати ўртасида муҳожирларнинг Ўрта Ер денгизини кесиб ўтишларига қаршилик қилиш ҳақида келишувлар имзоланган эди. Бу эса бир нечта халқаро нодавлат ташкилотлар (ННТ)ни ташвишлантириб қўйганди.

Муҳожирлар бўйича халқаро идоранинг 17 декабрда эълон қилган сўнгги маълумотларига ишонадиган бўлсак, 2017 йилда 168 314 нафар муҳожир ҳамда қочоқлар денгиз орқали Европага келган. Бу кўрсаткич 2016 йилнинг худди шу вақтида 358 527 нафарни ташкил қилган эди.

Саҳел: Франция учун устувор вазифа

Франция президенти Эммануэл Макрон учун энг устувор вазифалардан бири Саҳелдаги вазиятни барқарорлаштириш. Бу борада у Г5 Саҳел мамлакатлари билан кучларни бирлаштириш ташаббусини кўтариб чиқди. Минтақада фаолият юритаётган террорчиларга қарши курашиш мақсадида 2018 йилнинг ярмига қадар 5000 кишидан иборат қўшин тузилади.

Мовий каскалар учун фожиали йил

Ўтаётган 2017 йил «Мовий каскалар» учун жуда оғир йил бўлди. Африканинг КДР, Марказий Африка Республикаси ва Мали каби давлатларида қуролли ҳужумлар оқибатида жуда кўплаб БМТ ҳарбийлари ҳалок бўлди. Конго Демократик Республикасида 15 нафар ҳарбий ҳалок бўлиб, 53 нафари жароҳатланган бўлса, Марказий Африка Республикасида 14 нафар БМТ тинчликпарвар кучлари ҳалок бўлди. Бунга жавобан БМТ бош котиби Антонио Гутерриш ноябр ойида 900 нафар «мовий каскалар»ни ушбу мамлакатга юбориш ҳақидаги қарорни имзолади. «Мовий каскалар» учун энг оғир йўқотиш Малида юз берди. Бирор-бир ҳафта ўтмадики, битта аскар мина қурбони бўлмаган бўлса.

Жаҳонгир Остонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг