Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2018 йилдан зиёрат қилиш нархлари оширилиши мумкинлиги айтилди, аммо Дин ишлари бўйича қўмита ҳозирча жим!

2018 йилдан зиёрат қилиш нархлари оширилиши мумкинлиги айтилди, аммо Дин ишлари бўйича қўмита ҳозирча жим!

Фото: «Religions.uz»

Саудия Арабистонида ҳаж хизматларини кўрсатувчи компаниялар тарифлари кўтарилиши муносабати билан 2018 йилдан зиёрат қилиш нархлари оширилиши мумкин. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ажабланарлиси, мамлакатнинг бош ахборот агентлиги бу хабарни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ижтимоий ва диний ташкилотлар билан алоқа масалалари бўйича котибиятига таяниб хабар бермоқда. Котибиятдан маълум қилишларича, жорий йил ҳаж сафарига бориш нархи ошиши мумкин.

Савол туғилади: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу ҳақда қачон баёнот бераркин (ушбу хабар сайтга жойланаётганда бу ҳақда бир сатр ҳам маълумот берилмаганди)? Ёки ҳаж ва умра сафари нархларининг ошиши фақат қорақалпоғистонликларгагина тааллуқлими?

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 28 декабрида «Xabar.uz» колумнисти Давронбек Тожиалиев «Ҳаж зиёрати нархи қанча» номли мақола эълон қилган, унда «Дўмбиробод» масжидининг расмий имоми Шермурод Тоғай домлага таяниб, ўзбекистонлик зиёратчилар учун Ҳаж нархи 45 млн. сўм бўлгани ҳақида хабар берган эди. Имом бу хабарни Ўзбекистонда валюта бозорининг эркинлаштирилиши оқибатида бозор ва давлат курслари бир хил бўлгани учун сўмда Ҳаж нархи ошиб кетгани билан изоҳлаган эди

Мақола ўзбекистонлик зиёратчилар учун Ҳаж зиёрати нархи учун белгиланган нарх, яъни 45 млн. сўм бугунги курс билан 5541 АҚШ долларини ташкил этиши, бу маълумот ижтимоий тармоқда турли фикрлар, тортишувларга сабаб бўлаётгани айтилган ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ҳажга масъул ташкилотлар бунга ўз муносабатлари ва нарх бўйича изоҳларини беришлари сўралган эди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати бунга расман изоҳ бериб, «интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида Ҳаж мавсумининг нархи масаласида билдирилган маълумот фуқаролар орасида турли хил асоссиз муҳокамаларга сабаб бўлаётганини» билдирди.

Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида Ҳаж ва Умра мавсумларини намунали ташкил этиш ишлари «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилади. Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири билан бўлиб ўтадиган учрашувдан сўнг бошланади. Ушбу учрашувда ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалалари муҳокама қилинади.

Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати ҳозирча 2018 йил учун «Ҳаж» ва «Умра» зиёратлари нархи белгиланмагани, мазкур масала 2018 йилнинг январ ойида бўлиб ўтадиган «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши йиғилишида кўриб чиқилишини маълум қилган эди.

Афтидан ушбу хабарда айтилган йиғилиш бўлиб ўтган кўринади. Акс ҳолда республиканинг бош расмий манбасида бу хабар чиқмаган бўларди. Йиғилишда зиёратчилар томонидан тўланадиган маблағ муҳокама қилиниб, нарх белгиланиши ва бу ҳақда расман маълум қилиниши айтилган, фуқароларимиздан мазкур масалаларда мутасадди вазирлик ва идоралар берган маълумотларга эътибор қаратишларини ҳар қандай нохолис маълумотларга ишониб кетавермасликларини тавсия этилган эди.

Бизни қизиқтиргани шуки, йиғилиш бўлиб ўтган экан, йиғилиш якуни бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот берилмаяпти? Ушбу масалага масъул идоралар бу ҳақда қачон ахборот беришади. Ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ижтимоий ва диний ташкилотлар билан алоқа масалалари бўйича котибиятига маълум бўлиб улгурган масала, уларга номаълумми?

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилдан бошлаб ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланганди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди). 2018 йилдан 10000 нафар зиёратчилар Умрага юборилиши маълум қилинган. Жорий йилнинг баҳорида 8500 нафар, рамазон мавсумида 1500 нафар юртдошларимиз умра зиёратини адо этиши белгиланган. «Умра — 2018» баҳор мавсуми 2018 йил 1 февралдан бошланишини режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг