Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2020 йилдан «Чекни талаб қил ва совға ютиб ол» оммавий акциялари ўтказилади

2020 йилдан «Чекни талаб қил ва совға ютиб ол» оммавий акциялари ўтказилади

Фото: «Loyalty»

Cолиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, тадбиркорлар солиққа оид ҳуқуқбузарликни тан олиб, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорни олганидан 10 кунда молиявий жарималарни ихтиёрий тўласа, тадбиркорлар мазкур ҳуқуқбузарлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

2020 йил 1 январдан:

  • қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органларида мажбурий ҳисобга олинади ва бу қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади;
  • ҚҚСни тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси ҚҚСни тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос улушда ҳисобга олинади;
  • ҚҚСни тўлашга ўтиш ёки ягона солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома ҚҚСни тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин 10 иш кунидан кечиктирмасдан берилади.

Қарор билан Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланди.

Стратегия доирасида 2021 йилга келиб даромад солиғи тўловчиларни 1,5 баравар, ҚҚС тўловчиларни 2 баравар ҳамда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи тўловчиларни 2 баравар кўпайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, қарор билан Стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

Унга мувофиқ, солиқларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи «инвестициявий солиқ кредитлари» институти жорий этилади.

Шунингдек, чет эл фуқаролари Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишда харид қилган товарлари учун тўланган ҚҚСни қайтариш («tax free») тартиби белгиланади.

Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор молиявий жарималар тўғрисидаги қарорни олганидан, жарималарнинг 50 фоизини 10 кунда ихтиёрий тўласа, уни жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш тартиби ишлаб чиқилади.

2019 йил 1 декабргача бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизими (Тизим) жорий қилинади.

Мазкур Тизим бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида маълумотлар алмашиш имконини беради ҳамда солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинади.

Бундан ташқари, «UzTrans» ягона интерактив ахборот тизими базасида «Юк ташишлар мониторинги» ахборот платформаси ишлаб чиқилади.

Мазкур платформа юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш имконини беради.

2020 йил 1 январдан:

  • Тизимдан фойдаланувчи тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди;
  • юк ташувчи тадбиркорлар товарнинг кузатув ҳужжатларини Ахборот платформасида мажбурий рўйхатдан ўтказади.

2020 йил 1 январдан «Чекни талаб қил ва совға ютиб ол» оммавий акциялари ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг