Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Алпомиш» достонида тўй билан боғлиқ қандай одатимиз тилга олинган?

«Алпомиш» достонида тўй билан боғлиқ қандай одатимиз тилга олинган?

Фото: ЎзА

Тўйлардаги урф-одатларнинг ўзига хос маъноси бор. Бу ўринда «Алпомиш» достонида қайд этилган «рўмол ўратар», «Кенгашли тўй тарқамас» мақолининг инъикоси бўлган «маслаҳат оши» сингари минг йиллик миллий одатларимизни ҳар хил бидъатлар билан адаштириш керак эмас. Шунинг учун бошқа миллат вакиллари бизнинг анъаналаримизга ўзгача қизиқиш билан қарашади. Уларнинг ўзларида тўй билан боғлиқ қандай одатлар бор? Келинг, шу ҳақида гаплашамиз.

Япония

Япон тўйларининг ўзига хослигини айниқса махсус тўй либосларида кўриш мумкин. Бу эса аввало келинларга анча ташвиш туғдиради. Махсус таклиф қилинган «мутахассис» аёллар келинни кийинтиришига бир неча соат вақт кетади.

Қадимдан япон донишмандлари томонидан ҳар бир япон аёлининг юзида «қизғаниш ва рашк белгиси» бор деб таъкидланади. Шунинг учун ҳам улар учун махсус бошкийим тикилади.

Никоҳ маросимида махсус ҳарамда никоҳланувчилар япон миллий шароби – сакедан 9 қултумдан ҳўплашади. Шундан сўнг келин турмуш ўртоғига содиқлиги ҳақида онт ичади.

Америка Самоаси

Америка Самоасида узоқ йиллардан буён сақланиб келаётган анъаналардан бири тўй куни келинлар тут дарахтининг пўстлоғидан ишланган кўйлак ва гулу марваридлардан ясалган тож кийишидир. Самоаликлар никоҳ кўйлагининг қадр-қиммати унинг орқа этагида деб ишонадилар; этак қанча узун бўлса, ёшлар шунча бахтли бўлади деган ақида бор.

Бугунги кунда самоаликлар Европа либосларини афзал кўраётган бўлса-да, тўй-ҳашамларда албатта ўз одатларига содиқ қолишмоқда.

Греция

Грек қизлари тўй куни ҳаётимиз ширин бўлсин деб қўлқоп ичига оқ қанд солиб қўйишади. Келин либоси бошдан то белигача тилла иплар билан безатилиб, юзи тўрга ўхшаш узун ҳарир газлама билан тўсилади.

Греклар жуда иримчи халқ. Шунинг учун гувоҳлар никоҳ маросими вақтида келин-куёвга бахт тилаб, уларнинг ҳаётига ёвузлик аралашмаслиги учун туморлар тақиб туришади. Турмушга чиққан қиз янги уйига қадам қўяр экан, бўлажак қайнота ва қайнонасига хизмат қилиш учун онт ичади ва уларнинг қўлидан ўпади. Яна бир антиқа анъана шундан иборатки, ота-она тилла тангани оғзига солади, келин эса уни тили билан олиши керак. Бу одатнинг мазмуни келин ота-онанинг оғзидан фақатгина ширин сўз эшитади деганидир.

Испания

Испан келинчагининг гулдастасида албатта апельсин ранг гул бўлиши шарт. Апельсин доим яшил, гуллаб турувчи дарахт. Шунинг учун ҳам испан халқи келин ҳам худди апелсин дарахти каби доимо яшнаб, севиниб юрсин деган мақсадда шундай қилишади.

Германия

Ёш фрейлейн(турмуш қурмаган қиз)нинг бахтли фрау (турмуш қурган аёл) бўлишига ёвуз кучлар таъсир ўтказмаслиги учун яқинлари тўй арафасида уй остонасида коса-товоқларни синдириб, чилпарчин қилишади. Келиннинг ўзи эса идиш синиқларини уйга олиб киради ва бу нарса унга омад келтиради деб ҳисоблайди.

Никоҳ кўйлагини кийган немис қизи чўнтагига нон ва туз, куёв йигит эса буғдой солиш билан бахтли, тўкин ҳаёт кечиришни ният қиладилар.

Марокаш

Тўйга беш кун қолганда марокашлик келинларнинг анъанавий хина қўйиш маросими бошланади. Келин қўл ва оёқларига хина қўяди. Шундан сўнг қимматбаҳо тақинчоқларни тақиб, турмуш ўртоғи билан яшайдиган янги уй атрофини уч марта айланиб чиқади.

Тўй куни келин тилла безакли либосида ўзининг янги уйига кириб келади. Келиннинг дугоналарига ҳам катта масъулият юклатилади. Чунки келин тўй куни бўладиган базмда камида 6-7 хил либосда кўриниши анъана тусига кирган. Дугоналар эса бу ишларда бош-қош бўлишади. Чунки келин либосларини келиннинг бир ўзи кийишининг ҳечам иложи йўқ.

Абдумажид Аҳмедов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг