Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Беҳзод Мусаев: «Бу солиқ тўловчининг эмас, бизнинг айбимиз»

Беҳзод Мусаев: «Бу солиқ тўловчининг эмас, бизнинг айбимиз»

Фото: «UzDaily.uz»

Давлат солиқ қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Беҳзод Мусаев «Xabar.uz» сайтига берган интервьюсида солиқ тўловчилар учун яратилган имтиёзлар, шароитлар ҳақида гапирар экан, оддий халқнинг аксар қисми булардан бехабар эканини таъкидлади ва бунда солиқчилар айбдорлигини айтди.

— Худога минг қатра шукр, бизни ўзбек халқи қонун устуворлигини ва унинг олдидаги мажбуриятини ҳис қиладиган халқ, — дейди Беҳзод Мусаев. — Мана биз бошқа давлатлар билан гаплашамиз, бор билганингни қил, нима қилсанг қил, мен тўламайман, дейдиган миллатлар ҳам бор. Бизда ундай нарса йўқ. Лекин бу нарсани тушунтирган бошқа, бу нарсага шароит яратиш бошқа. Кечирасизу, биз солиқ тўловчисини, кулиб кутиб олиб, кулиб кузатишимиз керак. Чунки сизнинг пулингиз орқали биз давлатимизни бойитяпмиз.

Шундай экан, психология, менталитет ҳам ўзгариши керак. Умуман солиқ инспекциясини ўзгартишимиз керак. Яъни ҳозирги кунда шундай ёмон тизим қўйилганки, солиқ тўловчи у бўлимга ҳам мурожаат қилади, бунга ҳам, наригинга ҳам. Бу ортиқча контакт, ортиқча келишув ва коррупция аломати. Битта унга хизмат кўрсатадиган сервис бўлиши керак, чиройли кутиб оладиган, унга катта бир зал яратиб қўйилса, яъни кўпчилик бир вақтда келиб қолиши мумкин, унга бир рақамини қўлига берсангиз, тепада шуни кўради, навбатини кутади, унгача ўтириб туради.

Ёки ҳисоб орқали фермер хўжалигини олайлик. Уларда бухгалтер йўқ. Лекин солиқдан қочиш нияти ҳам йўқ. Фақат, очиғини айтиш керак, компьютер йўқ, принтер йўқ. Биз ҳозир интерактив хизматларни яратганмиз. Катта айбимиз: бундан қандай қилиб фойдаланишни етказмаганмиз. Ҳозир мана махсус аутсорсинг қилиб битта дизайн жамоани жалб қиляпмиз, ҳар бир бизни жараён учун махсус қўлланмалар бўлади. Анави куни менга биттаси телефон қилди, илтимос, боламнинг паспортига зарур ИНН рақами керак экан, овир олиш учун. Мен ИННни компьютердан, интернетдан олсанг бўлади, дедим. Қандай қилиб, деб сўрайди. Бу унинг айби эмас, бизнинг айбимиз. Бу турдаги хизмат турини яратганмиз, лекин буни қандай қилиб фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмаганмиз.

ДСҚ раисининг таъкидлашича, ҳозир интернетдан бемалол солиқ тўловини тўлаш мумкин. «Лекин ким ҳисоб рақамидаги пулни, ҳали бунинг тагига етмасдан, ўрганмасдан интернет орқали тўлаб юборади? Буни олдин тушунтириш керак», дейди Б.Мусаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг