Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ол-а! Самарқандлик боғбон эккан дарахтда 3 хил мева 3 хил муддатда пишади

Ол-а! Самарқандлик боғбон эккан дарахтда 3 хил мева 3 хил муддатда пишади

Фото: «Mygarden.uz»

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Чиғатой файзли боғлари» фермер хўжалиги раҳбари дунё экотуризм фаолиятини кузатиб, сайёҳларнинг фермерлар уйи ёки дала шийпонида қолишига гувоҳ бўлгач, сайёҳлар учун меҳмонхона қуришни бошлаб юборди.

Унинг ёнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ва қайта ишлаш цехи ҳам барпо этилмоқда. Ана шунда сайёҳлар гулзор, боғ ва иссиқхонани томоша қилиб, цехда тайёрланган экологик тоза шарбатлардан истеъмол қилиши учун шароит яратилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фермернинг боғи бир неча қисмдан иборат бўлиб, Америка ва Канадада ўсадиган ёнғоқ навлари, Грузия ноклари, Грециянинг олхўри, шафтолиси, Ҳиндистоннинг данаксиз аноригача пайвандлаш усулида кўпайтирилмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, одатда нок кўчатини кўкартириш қийинроқ, унинг мева беришига ҳам 10-12 йил керак бўлар экан. «Чиғатой файзли боғлари» боғбонлари бу муддатни 80 фоизга қисқартиришга эришди. Тезпишар ва серҳосил навини кўпайтириш мақсадида олмурутга пайванд қилинган нок кўчатлари уч йилда ҳосилга киради. Бу нав июн ойининг ўрталаридан октябрнинг сўнгига қадар ҳосил беради. Хўжалик боғида пайвандлаш орқали кўпайтирилган, йил давомида ҳосили навбат билан пишадиган яна бир мевали дарахт бор. Бу шафтоли бўлиб, унинг бир тупида уч хил мева, уч муддатда пишади. Бундай шафтолидан кўплаб кўчат етиштиришга ҳам эришилди.

Шунингдек, фермер Хитойда ўсадиган «Гожа» доривор ўсимлигини кўпайтирди. Юрак, қон-томир, бел, оёқ, ошқозон, буйрак касалликлари учун дорилар тайёрланадиган бу ўсимлик мевасининг бир килограмми Европа давлатларида 100 долларга баҳоланади. Бир неча йиллар олдин Дубайдан келтирилган киви ҳозир 15-20 килограмм мева бермоқда. Шунингдек, киви кўчатлари ҳам тайёрланган бўлиб, буюртма асосида етказиб берилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг