Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бир тумандан 14 нафар шахс қидирувда...

Бир тумандан 14 нафар шахс қидирувда...

Эгасиз объектлар.

Фото: Лазиз Раҳматов

Андижон вилоят Балиқчи туман ҳокимлиги биносида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқаролар йиғинлари фаоллари олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тумандаги тўртта сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, масъул котиблар, посбонлар, профилактика инспекторлари иштирок этди.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, 2018 йилнинг ўтган даврида  туманда 41 та жиноят содир этилган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 95 та эди. 66 та маҳалланинг 10 тасида жиноят содир этилишининг олди олинди. Минг афсуски, 7 та (Олам, Тулкиобод, Эшончек, Муқанна, Полвонқул, Ўртақўрғон, Ботир) маҳаллаларида жиноятлар сони ўсган. Уларнинг олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилмаган.

2017 йили 9 та, 2018 йили 2 та жиноят фош этилмасдан қолди. Туманда қидирилаётган 14 та шахс ҳалигача ушланмаган. Жамоат назорати масканлари 43 та бўлса-да, уларда тунги навбатчилик самарали ташкил этилмаган. Бундай пунктлар маҳалланинг эшиги ва кўчаларнинг бошида бўлса-да, уларга аҳолини тунги навбатчиликка жалб этиш ишлари кўнгилдагидек эмас.

Ўтган тўрт ойда республикамиз миқёсида умумий жиноятчилик 43 фоиз камайган бўлса-да, оила-турмуш йўналишидаги жиноятлар сони ошаётгани ачинарлидир. Эр ва хотин, ака ва ука, ота-она ва болалар, қайнона-келин, қўни-қўшни ва яқин қариндошлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар сони ортаётгани маънавий ва ахлоқий қадриятлар завол топаётганидан дарак беради.

Шу билан бирга туманда 8 киши ўз жонига қасд қилган, кўрилган чоралар туфайли 7 тасининг ҳаёти сақлаб қолинган.

Республика ишчи гуруҳи ўрганишлар чоғида ички ишлар идоралари билан боғлиқ 87 та муаммони аниқлади. Улар асосан паспорт тизимига дахлдор бўлиб чиқаяпти. Бу масалаларнинг 76 таси жойида ҳал этилди. Туман ички ишлар бўлими бу жиҳатларни назардан четда қолдираётгани кишини ажаблантиради.  

Ишсизлик ва бекорчилик барча жиноятларнинг, ноқонуний миграциянинг асоси саналади. Туманда ишсизлар сони расман 4300 дан ортиқ. Аммо амалда ишсизлар бундан ҳам кўп эканлиги ойдинлашди. Уларни ишга жойлаш, иш берувчилар билан вакант ўринлар юзасидан маълумот алмашиш бўйича тайинли бир иш қилинмаган. Ўрганишлар чоғида туманда 575 та бўш иш ўрни аниқланди. Нима учун уларни тўлдириш чоралари шу вақтгача кўрилмаган деган саволга бандлик ва меҳнат муносабатлари мутасаддилари тилларини тишлашади. Икки кунлик меҳнат ярмаркалари ташкил қилиниши юзлаб одамнинг иш билан таъминланишига олиб келди.

Ўтган даврда узоқ муддатга чет элга кетганларнинг 406 нафари ўз юртига қайтарилган. Аммо бу ишларни ҳам қониқарли деб бўлмайди. Уларни ўзларини қаноатлантирадиган ва рўзғорини ўтказишига кўзи етадиган ишларга жойлаштириш вазифаси ўлда-жўлда қолиб кетган.

Жорий йилда туманда 44 та кичик бизнес субъекти рўйхатдан ўтган бўлиб, 56 та субъект тугатилганини қандай изоҳлаш мумкин? Демак, аслида бундай корхоналар сони 12 тага камайган. Рўйхатдан ўтган субъектларнинг 101 таси умуман фаолият кўрсатмаяпти. Улар қуруқ статистик маълумотномаларни безаб турибди. Бундай нохуш ҳолатлар бўлиб турганда янги иш ўринларини яратиш ҳақида жўяли фикр айтишга эрта.

Туманда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг аҳолига нисбатан улуши 504 минг сўмни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич вилоятда 1 миллион 457 минг сўмга тенг. Туман натижаси Андижон вилоятининг ўртача кўрсаткичидан уч баробар кам.  

Ишчи гуруҳ ўрганиши чоғида юздан ортиқ бино ва уларга туташ ерлар қаровсиз, бўш ётгани кузатилди. Ғайратли ва жўшқин тадбиркор йиллар давомида ер ололмай бошини урмаган жойи қолмаган. Аммо бу ёқда ерлар эгасиз ётса. Бундай мантиқсизликка ким жавоб беради?

Қаровсиз мулклар. Фото: Лазиз Раҳматов

Ёки аҳолини ташвишга солиб, ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган йўлларни таъмирлаш, газ баллонлар билан таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ катта ҳажмдаги ишларни бажарди. Бир ҳафта ичида 1000 машинадан ортиқ шағал ва қумлар ўйилиб-тешилиб, юриб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган йўлларга ётқизилди, аҳолига 3500 дан ортиқ газ баллонлари тарқатилди.

Аҳоли орасида тадбиркорликка қизиқишни ошириш бўйича ҳам ҳали кўп ишларни бажариш даркор. Мисол учун ҳозир Андижон вилоятидаги барча туманларда 24 минг оила ўз бизнеси билан шуғулланиш мақсадида жами 400 миллиард сўмга ҳужжат топширган. Эрта-индин бу маблағлар республикадан ажратиб берилса, улар ўзининг фаолиятини бошлаб юборади. Аммо туманлар орасида Балиқчидан атиги 211 та оила 3 миллиард 100 миллион сўм кредит сўрамоқда, холос. Бу озми-кўпми? 24 минг мурожаатчи орасида 211 та неча фоизни ташкил қилади? Қолоқлик, оқсоқлик, ҳар ишда тошбақадек имиллашни бугун замон кўтармайди.

Энг қизиғи, кредит олиш истагида бўлганлар асосан чорвачилик билан шуғулланишга қизиқиш билдираяпти. Вилоят миқёсида эса 2 мингта сотиладиган қорамол бўлгани ҳолда 60 минг фуқаро уни харид қилишга ариза берган. Қолган 58 минг аризачига қорамол қай тариқа етказиб берилади? Шундоқ ҳам кун сайин ошиб бораётган гўштнинг нархи бундай чоғда 100 минг сўмга чиқиб кетмайдими? Бу саволлар очиқ қолмоқда.  

Йиғилишда Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчилари У.Исмоилов ва Р.Комилов, ички ишлар вазири П.Бобожонов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви раиси Ш.Жавлоновлар иштирок этди.

Лазиз Раҳматов, журналист.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг