Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Боғчада газ баллони портлаган, Самарқанд туман ҳокимининг парвойи фалак

Боғчада газ баллони портлаган, Самарқанд туман ҳокимининг парвойи фалак

Фото: «Uza.uz»

Жорий йилнинг 13 июн куни тахминан соат 12:30 ларда Самарқанд вилояти Самарқанд тумани Андижони маҳалласида жойлашган 30-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонасида маиший газ баллони портлаган ва ёнғин вужудга келган. Ёнғинни бартараф этиш учун камида тўртта ўт ўчириш автомобили жалб қилинган. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бериб ўтди.

Орадан мана уч кун ўтган бўлса-да туман ҳокими Шухрат Жамолов на воқеа жойига шахсан борган ва на ҳолат юзасидан туман ишчи гуруҳини тузган.

Газ портлагани кейинги кундан бошлаб боғча штат режимда фаолият кўрсата бошлаган. Ошхонаси куйиб кул бўлган боғчадаги болаларга қандай қилиб овқат тайёрлаб берилаётгани номаълум. Боғча мудираси ёнғин ҳолатини яшириш мақсадида тезлик билан ўз ҳисобидан муассаса ошхонасини таъмирламоқда, ҳаттоки замонавий ромлар ўрнатилган. Ёнғин бўйича мактабгача таълим вазирлиги ҳам хабардор этилмаган.

Боғча яқинидаги бир нечта одамларнинг портлаш овозини эшитиб «101» қисқа рақамига айнан «портлаш бўлганлиги» юзасидан мурожаат этганига қарамасдан ўт ўчирувчиларнинг ёнгин далолатномасида портлаш ҳолати рўйхатга олинмаган. Туман ўт ўчириш бўлими ва вилоят ўт ўчириш бошқармаси раҳбарияти ҳолат юзасидан «кўчадан келган» одамларга маълумот бермаслигини билдирди.

Қўшни қишлоқлардаги катталарни чўчитган бу портлаш, воқеа ёнида бўлган 200 дан ортиқ ёш болаларга қандай таъсир этганлиги номаьлум.

Портлаш ҳолати яширилганлиги натижасида ёш болаларга тиббий ёки психологик ёрдам кўрсатилмаган. Воқеа кундуз куни жамоат жойида бўлганлиги сабабли жабрланганлар ҳам бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг