Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бугунги кунда бир бола учун камида 129180 сўм алимент тўланади

Бугунги кунда бир бола учун камида 129180 сўм алимент тўланади

Фото: «Darakchi»

— Мен битта фарзандим учун иш ҳақимнинг 25 фоизи миқдорида алимент тўлаб келмоқдаман. Оилавий аҳволимиз оғир. Отам 72 ёшда, касал. Онам 63 ёшда, ҳар куни биттадан «Бензонал» таблеткасини ичади. Аслида бу дорини бир кунда уч маҳал ичиши керак. Аммо имконимиз йўқ. Хорижга ишга борсам қанча алимент тўлайман? Ёки бекорчи ҳисобида бўлсам, менга қандай чоралар кўрилади? Илтимос, жавоб ёзсангиз. Айтишларича, бекорчи бўлсам 350 минг сўм тўлар эканман. Ҳозир уйланганман.

— Оила кодексининг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизидан (бугунги кунда энг кам иш ҳақи 172240 сўмлигини ҳисобга оладиган бўлсак, 129180 сўмдан) кам бўлмаслиги керак.

Оила кодексининг 145-моддасига биноан алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу кодекснинг 130 — 134-моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.

Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бирйўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Ушбу қонун талабидан келиб чиқиб, агар сиз чет давлатга ишлаш учун кетмоқчи бўлсангиз, ундирувчи, яъни собиқ турмуш ўртоғингиз билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузишингиз шарт.

Агар собиқ турмуш ўртоғингиз келишувга эришишдан бош тортса, алимент миқдорини пул билан тўланадиган қатьий суммада белгилаш, алиментни бирйўла тўлаш ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқача усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

Саволга Олий суд судьяси Шаҳноза Аҳатова жавоб берди.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг