Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

БухДУнинг «духи». 40 кун «чилла сақлаган» хат ва «ички низом» қуввати ҳақида икки оғиз...

БухДУнинг «духи». 40 кун «чилла сақлаган» хат ва «ички низом» қуввати ҳақида икки оғиз...

Коллаж: «Xabar.uz»

Тақдир – турмуш  қурганимиз боис рафиқамнинг таҳсилини Жиззах педагогика институтидан Бухоро давлат унверситетига (БухДУ)  кўчиришга тўғри келди. Кимга қандай бўлган билмадим-у, ўқишни кўчиришдаги сансалорлик тинка-мадоримизни қуритган. БухДУнинг ўқиш кўчирилганини тасдиқловчи хатини нақд 40 кун кутдик-ей... Ваҳоланки, бугунги замонда битта хатни юбориш учун 40 сония ҳам вақтингиз кетмайди. 40 кун «чилла сақлаган» хат, ниҳоят, Жиззахга етиб боргач, аёлим БухДУда ўқишини давом эттира бошлади.

Ўшанда кўрган-билганларимиз шу бўлсин, дедик. Оддий бир хат қирқ кун «чилла сақлагани» ҳақида ҳеч кимдан изоҳ талаб қилмадик. Кўнгилни кенг қўйдик. Яна бир томони — университет раҳбарияти билан тушунмовчилик келиб чиқишини хоҳламадик, рости.

Аммо БухДУнинг «сюрпризлари» кундан-кунга кўпайиб бораверди.

Кунларнинг бирида аёлим октябрь ва ноябрь ойлари учун стипендия олганини айтиб қолди. Ҳайрон бўлдик: сентябрь ойининг стипендияси қаерга «ғойиб» бўлди? Маълум қилишдики, университет ички низомига кўра (бу низомни биров кўрсатгани йўқ, бу оғзаки айтилган гап), ўқиши кўчирилган талабаларга бир ойлик стипендияси тўланмас экан?! Бу қанақаси?

Айтганча, стипендиядан «воз кечган» битта биз эмасмиз. Ўқиши рус филологияси факультетига кўчирилган яна уч нафар танишимиз ҳам сентябрь ойи учун стипендия олмабди. Аммо улар ҳам худди биз каби биринчи ярим йил учун шартнома пулини тийин-тийинигача тўлаганидан хабарим бор. Бу ўйиндан ким манфаатдор билмадик-у, аммо шартнома пули тўлиқ тўланганда, стипендия ҳам тўлиқ берилиши шарт эмасми? Бу энди катта савол.

...Етар-етмовчилик кимнинг уйида йўқ. Харажатлар даромаддан икки ҳисса кўп бўлиб турганда, бир сўм ҳам пул экан-да. Айниқса, бизга ўхшаган ёш оила учун! Сессияни «ёпишда»ги «узат-узат»лар, бу жараёндаги баҳолар «нархи» хусусида гапирмоққа сабаблар етарли, бироқ исботлашнинг иложи йўқ даражада. Бунда «олувчи» ҳеч нарсани тан олмайди, «берувчи» икки эндик ариза ёзишга журъат қилмайди. Шу боис, томонларга инсоф тилашдан бошқа илож йўқдек. Аммо БухДУнинг «ички тартиби»га оид яна бир ақлга сиғмас ҳолат ҳақида гапирмасак бўлмайди.

Юқорида айтдим: ёш оиламиз. Хурсандмизки, аёлим «юкли» бўлган. Бундай ҳолатдаги ёш, бўлажак онанинг аҳволи маълум: соғ кунидан мазаси қочган куни кўпроқ. Шу сабаб рафиқам бир неча кун дарсга боролмай қолгани бор гап. Унинг дарс қолдирган кунлари учун берилган «больничний»ларни олиб, кафедрага бордим...

– Бу қоғозларингиз бизга ўтмайди, – деди рус тили кафедраси мудири Отабек Носиров қишлоқ врачлик пунктининг «справка»сини кўргач. – Бу маълумотномани шаҳардаги 11-сонли поликлиникадан тасдиқлатиб келишингиз керак. Бизга фақат шу поликлиниканинг «справкаси» ўтади.

–  Нега?

– Университетнинг ички низомида шундай деб ёзилган.

Ўша сирли ва қонунлардан қувватли «ички низом»ни кўрсатинг, деган гапим муаллақ қолди. Хўп, шунақа низом борлигига ишондик ҳам. Бироқ у  мавжуд қонуларга нечоғли мос? Шу саволга жавоб топилса, унверситет раҳбариятининг қулоғи тинч, кўпгина талабаларнинг кўнгли хотиржам бўлади, назаримда. Шунингдек, ўртада туғилаётган шубҳа-гумонларга ҳам ойдинлик кирармиди, дейман-да.

Ҳасан Саломов, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг